Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида иқтидорли ёшларни чет элда ўқитишни қўллаб-қувватлаш бўйича Биринчи Президент ташаббуси билан ташкил этилган “Умид” жамғармаси стипендиатлари билан “Ҳаётга йўлланма” номли учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида” 2017 йил 25 январдаги ПҚ-2744-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 февралдаги 133-ф-сонли фармойишига кўра, Биринчи Президентимизнинг хотираси ҳафталиги доирасида ўтказилди.
Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан Биринчи Президентимиз номидаги ёдгорлик мажмуаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур учрашувда “Умид” жамғармаси орқали дунёнинг етакчи олий ўқув юртларида ўқиб, ҳозирда юртимизнинг турли соҳаларида самарали фаолият олиб бораётган ёш кадрлар, вазирлик ва идоралар ходимлари, жамоат ташкилотлари ҳамда хайрия жамғармалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти таълим тизимини ислоҳ қилишдаги роли, “Умид” жамғармасининг чет элда иқтидорли ёшларни ўқитишни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, улар чет элда ўқиш йилларини эслаб, бу таълим ҳаётга қандай “йўлланма” берганини, Ватанга қайтганидан кейин уларнинг тақдири қандай кечгани ҳақида сўзлаб беришди.
Тадбир сўнгида 2019-2021 йилларда Европанинг етакчи олий ўқув юртларида таҳсил олиш учун Ислом Каримов фонди грант танлови ғолибларига сертификатлар топшириш маросими бўлиб ўтди. Сертификатларни Биринчи Президентнинг рафиқаси Татьяна Каримова топширди.
Темур Курбонбоев олган суратлар