ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ташқи сиёсат. 2015 йил


7 январь. Президент Ислом Каримовга Оқсаройда Миср Араб Республикасининг мамлакатимиздаги Фавкулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Ғада ал-Ғаннам, Вьетнам Социалистик Республикасининг мамлакатимиздаги Фавкулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Фам Ван Фао, Хиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавкулод­да ва мухтор элчиси этиб тайинланган Викрам Дораисвами, Индонезия Республикаси­нинг мамлакатимиздаги Фавкулодда ва мух­тор элчиси этиб тайинланган Алит Сантика ишонч ёрлиқларини топширди.

27 январь. Президент Ислом Каримовга Оқсаройда Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги Фавкулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Памела Спратлен ишонч ёрлиғини топширди.

1 май. Президент Ислом Каримов Оксаройда Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Чон Кёнг Хванни қабул қилди.

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг иқтисодиёт, инвестиция ва технология соҳаларидаги асосий шеригидир. Сурғил конида бунёд этилаётган Устюрт газ-кимё мажмуаси машинасозлик, электр энергетикаси, нефть-газ, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик саноати ва бошқа соҳалардаги ўнлаб лойиҳалар мувафаққиятли инвестицион ҳамкорлигимизнинг ёрқин намунасидир.

Жанубий Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган тўғридан-тўғри инвестициялари умумий ҳажми 5 миллиард АҚШ долларидан ошди.

Суҳбат чоғида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари бўйича фикр алмашилди.

8 май. Президент Ислом Каримов Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан Москва шаҳрига ташриф буюрди ва Иккинчи жаҳон урушида фа­шизм устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарларининг учрашувида иштирок этди.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида жангоҳларда жонини фидо қилиб, Ер юзида тинчлик ва озодликни ҳимоя қилган барча инсонларнинг мислсиз жасорати, қаҳрамонлиги ва матонати хотирамизда ҳамиша сақданиб қолишини таъкидлади.

МДХ давлат раҳбарларининг Москва учрашувида томонлар Ҳамдўстлик олдида турган масалаларни, олий даражада ўтказиладиган тадбирлар режасини кўриб чикди, қатор долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.

27-29 май. Президент Ислом Каримов Ко­рея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг таклифига биноан давлат ташрифи би­лан Корея Республикасида бўлди.

Президентимизнинг ташрифи Корея Республикаси мустақиллиги йўлида жон фидо қилган қарийб 170 минг одам хоки қуйилган Миллий ёдгорлик мажмуини зиёрат қилиши билан бошланди. Давлатимиз раҳбари ватанпарварлар хотирасига ҳурмат бажо келтириб, ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди.

Корея Республикаси раҳбарининг «Чонг Ва Дэ» («Мовий сарой») қароргоҳида олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Ислом Каримов ва Пак Кин Хэнинг тор доирадаги музокарасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг узоқ истиқболига мўлжалланган устувор йўналишлари, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Учрашув якунида Президентлар ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолатига муносиб баҳо берилган ва истиқболдаги устувор йўналиш­лари белгиланган Қўшма декларацияни имзоладилар.

Президент Ислом Каримовнинг ташрифи доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларга оид умумий қиймати қарийб 7,7 миллиард АҚШ долларига тенг 60 ҳужжат имзоланди.

Президентлар ушбу ташриф давомида давлат, ҳукумат ва идоралараро имзоланган салмоқли ҳужжатлар Ўзбекистон – Жанубий Корея ўртасидаги стратегик шериклик асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Президент Ислом Каримов ташриф доирасида Корея Республикаси Бош вазири вазифасини бажарувчи Чой Кёнг Хван, Жанубий Корея газ корпорацияси президенти Ли Жонг Хо, «Лотте групп» компанияси раиси Шин Донг Бин, «Лотте Кемикал» компани­яси президенти ва бош ижрочи директори Ху Су Ёнг, «Ханжин групп» ва «Кореан Эйр» компаниялари раиси Чо Янг Хо, Корея Республикаси Экспорт-импорт банки президен­ти Ли Дук Хун ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги президенти Ким Ёнг Мокни қабул қилди. Музокаралар чоғида иқтисодий ҳамкорлик ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Корея Республикаси Миллий ассамблеяси спикери Чои Ий Хва ва депутатлар билан ҳам учрашди.

2 июнь. Президент Ислом Каримов Оқсаройда мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташки ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги серқирра муносабатлар бугун изчил ривожланаётгани, бу ҳамкорлик барқарорлиги ва самарадорлиги билан муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар ўзбек ва туркман халқларининг кўп асрлик умумий тарихи, муштарак маънавий ва маданий қадриятлари, яқин қўшничилик, ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида мувафаққиятли ривожланиб келаётгани қайд этилди.

3 июнь. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ияд Амин Маданийни қабул қилди.

Учрашувда Ислом ҳамкорлик ташкилотига 1996 йилда аъзо бўлган Ўзбекистон унинг серқирра фаолияти ва тадбирларида фаол иштирок этиб келаётгани, жаҳонда ташкилотнинг ўрни ва аҳамиятини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётгани таъкидланди. Мартабали меҳмон мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий соҳаларда улкан тараққиётга эришаётганини юқори баҳолади.

11 июнь. Бирлашган Миллатлар Ташкило­ти Бош котиби Пан Ги Мун расмий ташриф  билан мамлакатимизга келди. Кўксарой қароргоҳида Президент Ислом Каримов би­лан БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг учрашуви бўлди.

– Аввало, радикаллашув, зиддият ва зўравонликнинг авж олаётгани, сиёсий ва иқтисодий қарама-қаршиликнинг кучайиб бораётгани, жаҳон молиявий инқирозининг ҳамон давом этаётгани жиддий ташвиш тўғдирмоқда. Дунёдаги аҳвол тобора чигаллашиб бораётган бир шароитда биз БМТни глобал хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш бўйича ягона универсал халқаро ташкилот, кўплаб мураккаб давлатлараро ва халқаро муаммоларни ҳал этадиган ноёб тузилма деб биламиз, - деди Ислом Каримов.

Бош котиб БМТ Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Музокаралар чоғида томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга кенг кўламли масалаларни муҳокама этиб, Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослаштирилган институт ҳамда агентликлари билан ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилади.

15 июнь. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах ва Осиё миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси ва Осиё олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад ал-Фаҳад ал-Сабоҳни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортнинг ташкилий асослари такомиллаштирилгани, жисмоний-соғломлаштириш машғулотлари аҳоли ўртасида кенг оммалашгани, соҳани молиялаштириш, кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини оши­риш тизими юксалгани, моддий-техник база мустаҳкамлангани қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон Президентига спортни ва олимпия ҳаракатини ривожлантиришдаги буюк хизматлари учун Халқаро олим­пия қўмитасининг медали, шунингдек, Ўзбекистонда ва Осиёда футболни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Осиё олимпия кенгашининг мукофоти топширилди.

6 июль. Президент Ислом Каримовнинг таклифига биноан Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ҳиндистон Республикаси Бош вазири рас­мий ташрифининг асосий тадбирлари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди.

Олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ислом Каримов ва Нарендра Моди тор доирада музокара ўтказди.

Сизнинг Ўзбекистонга ушбу дастлабки расмий ташрифингизни мамлакатларимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа, Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида азалдан қарор топган дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда янги босқич деб биламиз, - деди Ислом Каримов.

Давлат раҳбарлари музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. Савдо-иқтисодий, молиявий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари музокараларнинг асосий мавзуси бўлди.

Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикасининг Қўшма баёноти қабул қилинди. Туризм, ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар, маданият соҳасида 2015 - 2017 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Ислом Каримов ва Нарендра Моди оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳар томонлама муҳокама қилинганини, томонларни қизиқтирган минтакавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилганини таъкидладилар.

9-10 июль. Президент Ислом Каримов Рос­сия Федерациясининг Уфа шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди.

ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси тор доирадаги учрашув билан бошланди. Унда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб маса­лалар, ШҲТпи янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари мажлисни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар. Унда Президентимиз ўз нутқида тобора глобал тус олаётган таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш, ШҲТ фаолиятини кенгайтириш ва такомиллаштириш масалалари бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди.

Саммит якунида Уфа декларацияси, ШҲТ ни 2025 йилгача ривожлантириш стратегияси ва 2016 - 2018 йилларда терроризм, сепара­тизм ва экстремизмга қарши кўрашиш бўйича ҳамкорлик дастури қабул қилинди. Ҳиндистон ва Покистонни ШҲТга қабул қилиш жараёнини бошлаш, Беларусь Республикасига кузатувчи, Озарбайжон, Арманистон, Кам­боджа, Непал давлатларига мулоқот бўйича шерик мақомини бериш бўйича қарорлар имзоланди.

Ўзбекистон Президенти саммит доирасида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашди. Томонлар ўзаро муноса- батларнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқлолларини ататрофлича муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов шу куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан уч­рашди.

Президентлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик масалаларини му­ҳокама қилдилар. Минтақавий хавфсизликка доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

15 июль. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди.

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам стратегик шерикликка асосланган бўлиб, ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча йўналишлари бўйича изчил ривожланиб бормоқда.

Суҳбат чоғида долзарб халқаро муаммолар. минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари кўриб чиқилди.

27 июль. Президент Ислом Каримов Оқсаройда АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони Ллойд Остинни қабул қилди.

Учрашувда айрим халқаро муаммолар, жумладан, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Афғонистондаги вазиятни тинчлик йўл билан ҳал этиш жараёнлари хусусида фикр алмашилди.

29 июль. Президент Ислом Каримов Оқсаройда «Isuzu Motors Ltd.» компанияси раиси Сусуми Хосоини қабул қилди.

«Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ва «Isuzu Motors Ltd.» ўртасида Япониянинг ушбу компанияси «СамАвто» масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари таркибига кириши тўғрисида битим имзоланган.

Томонлар «СамАвто» масъулияти чекланган жамиятини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш, ишлаб чиқарилаётган машиналар турини янгилаш ва кўпайтириш, маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш Япониянинг илғор ишлаб чиқариш технологияларини янада кенг жорий этишга келишиб олди.

28 август. Президент Ислом Каримов Самарқанд шаҳрида «Шарқ тароналари» ўнинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

2-3 сентябрь. Президент Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан расмий ташриф билан Пекин шаҳрида бўлди.

Давлатимиз раҳбари Пекин шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимларда иштирок этди.

Ташриф асносида Президент Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашди.

Сухбат чоғида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари табора мустаҳкамланиб бораётгани, сиёсат, иқдисодиёт, савдо, саноат, молия, қурилиш, илм-фан, таълим, маданият соҳаларидаги кенг кўламли ҳамкорлик изчил ривожланаётгани қайд этилди.

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо- иқтисодий ва сармоявий шерикларидан биридир. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бораётир. Хусусан, 2014 йилда бу кўрсаткич 4,7 миллиард АҚШ долларига етган. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро савдо айланмаси 11,7 фоиз ўсган.

Давлатимиз раҳбари ташрифи доирасида ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян билан учрашди.

Суҳбат чоғида Президент Ислом Каримовнинг ушбу ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро стратегии шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Томонлар олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлан­тириш масалалари юзасидан ататрофлича фикр алмашдилар.

22 сентябрь. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Корея Республикаси Экспорт-им­порт банки (Эксимбанк) президенти Ли Дун Хунни қабул қилди.

Корея Республикаси Эксимбанки Ўзбекистон Республикасининг Осиё-Тинч океани минтақасидаги асосий шерикларидан биридир. 1999 йилдан буён Ўзбекистонда мазкур банк маблағлари ҳисобидан 935 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳалар амалга оширилди. 2012 йилдан буён умумий қиймати қарийб 1,2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмокда, яна 900 миллион доллар миқдоридаги лойиқалар ишлаб чиқилмоқда.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон билан Корея Республикаси Эксимбанки ўртасидаги инвестициявий шерикликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

7 октябрь. Президент Ислом Каримовнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов расмий таш­риф билан мамлакатимизга келди.

Кўксарой қароргоҳида Туркманистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов шоҳсупага кўтарилдилар. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирадаги музокаралар чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама этдилар, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Икки давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашар экан, Афғонистонда ҳарбий куч ишлатиш йўли билан тинчлик ўрнатиб бўлмаслигини яна бир бор таъкидладилар.

Шунингдек, сув-энергетика соҳасига оид масалалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойиллари асосида, минтақадаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро ташкилотлар иштирокида кўриб чиқилиши таъкидланди.

Давлат раҳбарлари мулокотни икки мам­лакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар якунида Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар. Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, транспорт, божхона, туризм, фан-тех­ника, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларидаги алоқаларни изчил ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Мустақиллик майдонига ташриф буюрдилар. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Икки давлат раҳбарлари «Бунёдкор» стадионини бориб кўрдилар. Ушбу мажмуанинг кўрку салобати, меъморий ечими, спортчилар ва томошабинлар учун яратилган замона­вий шарт-шароитлар олий мартабали меҳмонда катта таассурот қолдирди.

Президентлар пойтахтимизда бунёд этил­ган «Минор» масжидига ташриф буюрди. Гурбангули Бердимуҳамедов масжид миллий ва замонавий архитектура анъаналарини ўзида мужассам этганини таъкидлади.

15-16 октябрь. Президент Ислом Каримов Мустақил Давлатлар Ҳамдустлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун Қозоғистон Республикасида бўлди.

Саммитда МДҲ давлат раҳбарлари Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама этиб, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар бўйича фикр алмашдилар.

Учрашувда хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари бугунги ғоят мураккаб вазиятда ҳар қандай учрашув ва фикр алмашиш, юзага келаётган таҳликали вазиятдан чиқиш йўлини биргаликда излаш факат фойдали бўлишини алоҳида қайд этиб, саммитнинг аҳамияти ҳақида гапирар экан, МДҲ бу борада муҳим ўрин тутиши лозимлигини таъкидлади.

Президентимиз ўзаро имтиёз ва преференциялар бериш, келишилган ва самарали та­риф сиёсатини юритиш, шунингдек, ўзаро манфаатли янги транспорт йўналишларини ишлаб чиқиш ва ривожлантириш орқали транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш МДҲ аҳамиятини белгилайдиган энг муҳим омиллардан эканини таъкидлади.

Ислом Каримов минтақамизга бевосита дахлдор бўлган Афғонистондаги вазиятга ало­ҳида тўхталди.

Биродаркушлик уруши 35 йилдан ортиқ давом этаётган ушбу мамлакатдаги бугунги аҳвол қарама-қарши томонлар ўртасидаги низо чўзилиб кетаётганини кўрсатмоқда.

– Афғонистондаги вазият қандай кечишидан қатьи назар, шуни тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Афғонистон муаммосини фақат бир йўл, яъни БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш ва ўзаро курашаётган томонларни муросага келтириш орқалигина ҳал этиш мумкин. Бошқа йўл йўқ, - деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

24 октябрь. Президент Ислом Каримовнинг таклифига биноан Япония Бош вазири Шиндзо Абэ расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Кўксарой қароргоҳида Япония Бош вазирини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Япония Бош вазири Шиндзо Абэ шоҳсупага кўтарилдилар. Икки давлат мадҳиялари янгради. Ўзбекистон ва Япония раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Ислом Каримов ва Шиндзо Абэнинг тор доирадаги учрашувида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Ўзбекистон ва Япония раҳбарлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтиришга оид масалаларни муҳокама қилдилар.

Музокаралар якунида Президент Ислом Каримов ва Бош вазир Шиндзо Абэ Ўзбекистон ва Япония ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзоладилар. Ташқи ишлар вазирликлари ва молия муассасалари ўртасида, энергетика, илм-фан, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланди. Энергетика ва транспорт тизимини модернизация қилиш, минерал хомашё ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш, автомобилсозлик, нефть-газ ва кимё саноати, телекоммуникация ва бошқа замонавий соҳаларда 8,5 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Япония Бош вазири Шиндзо Абэ мамлакатларимиз ишбилармон доираларининг бизнесфоруми очилишида иштирок этдилар.

1 ноябрь. Президент Ислом Каримов Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Америка Қўшма Штатлари давлат котиби Жон Керрини қабул қилди.

Учрашувда минтакавий долзарб муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Афғонистондаги вазият, хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

АҚШ давлат котиби самимий қабул учун Ўзбекистон Президентига чуқур миннатдорлик изҳор этиб, АҚШ раҳбарияти икки мамлакат манфаатларига асосланган муносабатларни изчил ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

5 ноябрь. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Корея Республикаси саноат, савдо ва табиий ресурслар вазирининг биринчи ўринбосари Ли Хван Сопни қабул қилди.

Учрашувда Жанубий Кореянинг нуфузли делегацияси Тошкентда ўтаётган Халқаро инвестициявий форумда иштирок этиши мамлакатларимиз ўртасида стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва олий даражадаги музокаралар чоғида эришилган келишувларни амалга оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Суҳбат чоғида жанубий кореялик инвесторларнинг мамлакатимиздаги давлат корхоналари ва активларини хусусийлаштириш жараёнида иштироки, етакчи саноат ва инфратузилма тармоқларида янги инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш билан боғлик масалалар муҳокама қилинди.

6 ноябрь. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Халқаро инвестициявий форумда иш­тирок этиш учун мамлакатимизга келган Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер ҳамда Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорациясининг вице-президенти Димитрис Цицирагосни қабул қилди.

Меҳмонлар Жаҳон банки ва Халқаро мо­лия корпорацияси Ўзбекистон иқтисодиётини тубдан таркибий ўзгартириш жараёнида фаол иштирок этишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Шунингдек, асосий соҳаларда бўйича қабул қилинган дастурлар ва қўшма инвестициявий лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилишини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг устувор соҳалари юзасидан фикр алмашилди, шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва истиқболли янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари муҳо­кама қилинди.

10 ноябрь. Президент Ислом Каримов Оксаройда «Лукойл» нефть компанияси президенти Вагит Алекперовни қабул қилди.

Мулоқот чоғида жаҳон ва минтақа углеводород хомашёси бозоридаги бугунги вазият юзасидан фикр алмашилди, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

17 ноябрь. Президент Ислом Каримовнинг таклифига биноан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Муҳаммад Навоз Шариф расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Кўксарой қароргоҳида Покистон Ислом Республикаси Бош вазирини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Ислом Каримов ва Навоз Шариф учрашувида асосий эътибор мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.

Ўзбекистон ва Покистон Афғонистоннинг яқин қўшнилари сифатида бу мамлакатда тинчлик ўрнатилиши ва барқарорлик таъминланишидан манфаатдор. Афғонистон муаммосини фақат бир йўл – БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш ва ўзаро курашаётган томонларни муросага келтириш орқалигина ҳал этиш мумкинлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.

Минтақавий хавфсизликни мустаҳкам­лаш, терроризм, экстремизм, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалалар муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Ислом Каримов ва Навоз Шариф Ўзбекистон Республикаси би­лан Покистон Ислом Республикаси ўртасидаги Қўшма декларацияни имзоладилар. Шу­нингдек, ўзаро савдо муносабатларини ривож­лантириш, солиқ соҳасида қўшимча имтиёзлар яратиш, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир катор ҳужжатлар имзоланди.

10 декабрь. Президент Ислом Каримовга Оқсаройда Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Солиҳ Аҳмад ал-Жаварнеҳ Швейцария Конфедерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мух­тор элчиси этиб тайинланган Штефан Клёнли, Эрон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Баҳман Оғаразий Дўрмоний, Буюк Британия ва Шимолий Ирлан­дия Бирлашган Қироллигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Кристофер Аллан, Қувайт Давлатининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Аҳмад Холид Абдулла ал-Жийрон ишонч ёрлиқларини топширди.

11-12 декабрь. Президент Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан Туркманистан бетарафлигининг 20 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун ушбу мамлакатда бўлди.

Президентимиз хорижий давлатлар раҳбарлари билан бирга Бетараф Туркманистон майдонига ташриф буюрди. Ушбу мамлакатнинг бетарафлиги тимсоли бўлган Бетарафлик мо­нументи пойига гулчамбар қўйди.

Ушбу сананинг 20 йиллиги муносабати билан Ашхободда «Бетарафлик сиёсати: тинчлик, хавфсизлик ва тараққиёт йўлида халқаро ҳамкорлик» мавзуида халқаро конферен­ция бўлди. Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари ўзбек ва туркман  халқларининг тарихи, тили, дини ва анъаналари бир, мақсадлари муштарак эканини қайд этди.

– Бетарафлик мақоми нафақат Турманистон ҳалқининг узоқ муддатли манфаатларига, бал­ки минтақамизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини исботлашнинг зарурати йўқ - деди Ислом Каримов.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатларига юқори баҳо берилди. Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.