7 январ. Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 10 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси раиси Сзян Сземин табрик мактублари билан алмашдилар.
9 январ. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Игор Ивановни қабул қилди.
Меҳмонни Ўзбекистонга ташриф буюрганлиги билан қутлаб, давлат раҳбари бу учрашув ҳозирги шароитларда бутун жаҳонда вазият кескин ўзгариб турган бир пайтда минтақадаги жараёнлар тараққиётини муҳокама этиш учун қулай имконият яратишини таъкидлаб ўтди.
12 январ. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида АҚШ Конгресси вакиллари Палатасининг хорижий амалиётлар бўйича остқўмита раиси Жим Колибни қабул қилди.
13 январ. Америкаликлар конгрессменлар ўзбек шаҳри Термизга ташриф буюриб, маҳаллий маъмурият вакиллари ҳамда инсонпарварлик ёрдами бўйича экспертлар билан Афғонистонга кўрсатилаётган халқаро инсонпарварлик ёрдами масалаларини муҳокама қилдилар. Ўзбекистонга ташриф натижаларига кўра Жим Колби ва унинг ҳамкасблари журналистлари учун матбуот анжуман ўтказдилар.
15 январ. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Япония Бош вазирининг махсус вакили, ушбу мамлакат ҳукумати собиқ раҳбари Ёшири Морини қабул қилди.
15 январ. Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Бош консуллиги очилди. Шу муносабат билан шаҳар марказидаги Тавосот кўчасида жойлашган консуллик биносига Афғонистон ташқи ишлар Вазирлиги масъул ходимлари, шаҳар ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари, маҳаллий ва кўпгина хорижий журналистлар йиғилдилар.
17 январ. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Томас Дешл бошчилигидаги АҚШ сенаторлар гуруҳини қабул қилди.
- Биз АҚШдаги ҳодисалар, халқаро террорчиликка қарши амалиётларни диққат билан кузатиб бормоқдамиз. 11 сентябрдаги фожеали воқеалардан сўнг биз ўзига хос феноменнинг гувоҳига айландик. Америкаликларнинг мустаҳкам иродаси биз учун намуна бўлиб қолди, деди учрашувда Ислом Каримов.
22 январ. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида АҚШ қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги бош қўмондони Томми Франксни қабул қилди.
28 январ. Ўзбекистон ташқи ишлар Вазирлигида хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик масалаларига бағишланган АҚШнинг Европа ва Евроосиё ишлари бўйича давлат котиби ўринбосари Элизабет Жоунс бошчилигидаги делегация аъзолари ва АҚШ мудофаа вазирининг Евроосиё ишлари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Мира Рикардел иштирокидаги биринчи ўзбек-америка кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
11 феврал. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Германия федерал мудофаа вазири Рудолф Шарпинни қабул қилди.
4 март. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Афғонистон муваққат маъмурияти бошлиғи Ҳамид Карзайни қабул қилди. Учрашув чоғида ўзбек-афғон муносабатларининг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, мамлакатни ихтилофдан кейинги тиклаш билан боғлиқ масалалар, шунингдек бошқа долзарб халқаро ва ҳудудий муаммолар қараб чиқилди.
18 март. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Туркия Республикаси Бош штаби бошлиғи генерал Ҳусайн Киврикоғлини қабул қилди.
Учрашув чоғида мамлакатларимиз орасидаги ҳарбий, ҳарбий-техникавий алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари билан боғлиқ масалалар тилга олинди. Шунингдек, Афғонистонда ўтказилаётган террорчиликка қарши амалиётлар, минтақавий ва халқаро хавфсизлик ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар борасида фикр алмашилди.
12 апрел. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Бутун жаҳон банки президенти Жеймс Вулфенсонни қабул қилди.
9 май. Германия Федератив Республикасининг Федерал Канслери Герхард Шредер расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.
24 май. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Япония Либерал демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Таро Асо ва ушбу партиядан мамлакат парламентига сайланган депутат Нарияки Накаямаларни қабул қилди.
28 май. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида АҚШ Конгресси вакиллар Палатаси қуролли кучлари Қўмитасининг ҳарбий савдолар бўйича остқўмитаси раиси Курт Велдон бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Делегация таркибига АҚШ парламентининг асосий қўмиталарини намоён этувчи 11 конгрессменлари киритилган.
6 июн. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти иштирокчи-давлатларнинг олий учрашувида қатнашиш учун Санкт-Петербург шаҳрига келди. Санкт-Петербургнинг "Пулково-1" аеропортида Ўзбекистон Президентини шаҳар губернатори В. Яковлев ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.
12 июн. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Арманистон Республикаси ташқи ишлар вазири Вартан Осканянни қабул қилди. Учрашув чоғида давлатимиз раҳбари ушбу ташриф томонли қизиқтирган бошқа масалаларни ҳал қилишга кўмаклашади, деб ишонч билдирди.
21 июн. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида ХВФ миссиясининг Ўзбекистон бўйича вакили Эрик Де Врайерни қабул қилди.
27 июн. Тошкентда "Ўрта Осиёда гиёҳвондлик муаммолари: вазиятни баҳолаш ва тегишли чоралар" мавзусида минтақавий анжуман иш бошлади. У Ўзбекистон ҳукумати ва Ўрта Осиёдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ғиёҳванд моддаларни назорат қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича бошқармасининг минтақавий ваколатхонаси ҳамда Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти минтақавий Европа Бюроси, ОБСЕ, Австрия ҳукумати кўмагидаги АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги билан биргаликда ташкил этилди. Анжуманда жаҳоннинг 24 мамлакатидан экспертлар ва жамоатчилик вакиллари 30 халқаро ташкилот вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган кўпгина давлат элчилари иштирок этишди.
29 июн. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида АҚШ Конгресси вакиллар Палатасининг қуролли кучлари бўйича Қўмитасидаги ривожланиш ва ҳарбий тадқиқотлар бўйича остқўмита раиси Дункан Хантер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ҳарбий-техникавий ҳамкорликнинг келгусидаги ривожи, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари, шунингдек икки томонни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама этилди.
6-7 июл. Президент Ислом Каримов Қозоғистоннинг Оқтау шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Россия раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этди. Бундай учрашувлар қўшни мамлакатлар интеграциялашувида муҳим аҳамиятга эга. Оқтаудаги учрашув норасмий хусусиятга эга бўлса ҳам, у давлатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришда катта аҳамиятга эга.
15 июл. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Япония ташқи ишлар вазирининг катта ўринбосари Сейкен Сигиуро бошчилигидаги "Ипак йўлнинг энергетик миссияси" вакиллари делегациясни қабул қилди.
28 июл. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов расмий ташриф билан Японияга жўнаб кетди.
29 июл. Япония ҳукуматининг таклифи биноан Токиога расмий ташриф билан келган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Бош вазир Жюнитиро Коидзуми билан учрашди. Суҳбатда икки томонлама муносабатлар, Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш, Афғонистонни тиклаш, Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотларга изчил кўмаклашиш масалалари бўйича фикр алмашилди.
30 июл. Токио. Президент Ислом Каримов Япониянинг энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири - Васеда университетига ташриф буюрди.
9 август. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида АҚШ қуролли кучлари штаблари бошлиқларининг Бирлашган Кўмитаси Раиси ўринбосари Питер Пейсни қабул қилди.
21 август. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида қуролсизлантириш масалалари бўйича БМТ Бош котибининг ўринбосари Жаянт Дханапални қабул қилди.
23 август. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги Бош қўмондони Томми Френксни қабул қилди.
4 сентябр. Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга Япония элчиси Акио Кавато, Буюк Британия ва Шимолий Ирландиянинг Ўзбекистондаги элчиси - Крейг Мюррей, Ҳиндистон Республикасини Ўзбекистондаги элчиси - Шарат Сабхарвал, Исроил Давлатининг мамлакатимиздаги элчиси Сви Коен Литантлар ишонч ёрлиқларини топширдилар.
23 сентябр. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов расмий ташриф билан Литвага жўнаб кетди.
24 сентябр. Литва Президенти қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Музокаралар сўнггида президентлар давлатлараро муносабатлар, Ўзбекистон ва Литва ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ҳақидаги битимни имзоладилар. Шунингдек, ташқи ишлар вазирликлари, мудофаа муассасалари, божхона хизмати ва миллий университетлар ўртасида ҳам ҳамкорлик тўғрисида ҳужжатлар имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга Литва ордени - Буюк Витаутас топширилди. Бу орден Литванинг олий мукофоти ҳисобланиб, Литва Давлати, унинг халқи ва шунингдек халқаро миқёсда буюк хизматлари учун машҳур кишиларга берилади.
5-6 октябр. Душанбеда "Марказий Осиё ҳамкорлиги" ташкилотининг саммити, шунингдек давлат раҳбарлари - Оролни қутқариш бўйича Халқаро фонд иштирокчилари - Ислом Каримов, Нурсултон Назарбоев, Асқар Акаев ва Эмомали Раҳмоновларнинг учрашувлари бўлиб ўтди.
Президентлар Душанбе декларациясини имзоладилар. Ушбу ҳужжатда Орол денгизи ҳавзасидаги экологик фожеа юзасидан хавотирлар билдирилиб, бу минтақадаги вазиятни яхшилаш нафақат Марказий Осиёнинг, балки бутун инсониятнинг бурчи эканлиги таъкидлаб ўтилди.
7 октябр. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Молдованинг пойтахти Кишеневда бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) саммитида иштирок этди.
6-7 октябр. Молдованинг пойтахти - Кишиневда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги аъзо-мамлакатлари раҳбарларининг олий мақомдаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этади.
18 октябр. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Кофи Аннан расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Шуни таъкидлаш керакки, бу дунёдаги энг нуфузли халқаро ташкилот раҳбарининг Ўзбекистонга ва умуман Марказий Осиё давлатларига биринчи ташрифи бўлди. Шу маънода унинг ташрифига тарихий воқеа сифатида қараш мумкин.
Дўрмон қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ҳамда БМТ Бош котиби Кофи Аннан ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонни заминимизда қутлар экан, давлатимиз раҳбари мазкур ташриф Ўзбекистондаги ва умуман минтақамиздаги вазият билан яқиндан танишиш, долзарб муаммолар бўйича батафсил фикр алмашиш учун яхши имконият эканлигини таъкидлади.
20 октябр. Полша Республикасининг Президенти Алаксандер Квасневский Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатлар ва минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ бўлган кенг доирадаги долзарб масалалар, шунингдек, томонларни ўзаро қизиқтирган халқаро муаммолар муҳокама этилди.
27 октябр. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов расмий ташриф билан Венгрия Республикасига жўнаб кетди.
27 октябр. Тошкентда Буюк ипак йўли четида жойлашган давлатларнинг гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний савдосига қарши биргаликда курашига бағишланган халқаро анжуман иш бошлади. Бутун жаҳон божхона ташкилоти ҒБЖБТҒ ҳомийлигида ўтказилаётган ушбу тадбирда 30 га яқин мамлакат божхона идоралари ва йирик халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг форум қатнашчиларига йўллаган табригини Бош вазир ўринбосари Рустам Юнусов ўқиб эшиттирди.
30 октябр. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Европада хавфсизлик ва хамкорлик ташкилоти (ОБСЕ)нинг амалдаги раиси Португалия Республикаси ташқи ишлар ва хориждаги португал ҳамжамият ишлари вазири Антонио Мартинш да Крушни қабул қилди.
- Сўнгги йилларда, хусусан, жаҳон ҳамжамияти халқаро террорчиликка қарши умумий курашни бошлагандан сўнг Ўзбекистон ва ОБСЕ ўртасидаги ҳамкорлик янада фаоллашди, - деди давлатимиз раҳбари. - Чунки 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг куррамиздаги вазият тубдан ўзгарди. Халқаро жамоатчилик террорга қарши кучларни бирлаштириш заруратини англаб етди.
31 октябр. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Белгия Қироллиги молия вазири Диде Рейндерсни кабул қилди.
- Сизнинг ташрифингиз Белгиянинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга хоҳиши катталигидан далолат бермоқда, - деди Ўзбекистон раҳбари учрашув чоғида. - Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг аъзоси - Белгия билан ҳар томонлама муносабатларни ривожлантириш ҳам устувор вазифалардан ҳисобланади.
6 ноябр. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Франсия ташқи ишлар Вазирлиги Давлат котиби Рено Мюзелени қабул қилди.
18 ноябр. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Козоғистон Парламенти Мажилиси раиси Жармахон Туякбой, Қонунчилик йиғилиши Кенгаши Абдигани Эркебаев ва Қирғистон Жокоргу Кенеши халқ вакиллари мажлиси раиси Сооронбой Жеенбеков, Тожикистон Миллий Мажлиси Раиси Махмадсаид Убайдуллоев ва Мажлиси Намояндагон Мажлиси Оли раиси Сайдулло Хайруллоевларни қабул қилди.
18 ноябр. "Марказий Осиё ҳамкорлиги" ташкилоти мамлакат-аъзолари парламентарийларининг биринчи учрашуви булиб ўтди. Форумда Қозоғистон, Қирғизитон, Тожикистон, Ўзбекистон ҳукуматлари олий қонун чиқарувчи идоралари раҳбарлари, мазкур мамлакатлар парламентларининг қўмиталар ва аппаратлари вакиллари иштирок этдилар.
21 ноябр. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов НАТО-евроатлантик шериклик Кенгаши ҒЕАШКҒ саммитида иштирок этиш учун Чехия пойтахти Прага шаҳрига жўнаб кетди.
27 ноябр. Прагага НАТО-евроатлантик шериклик Кенгаши саммитида қатнашиш учун келган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов НАТОнинг Бош котиби Жорж Роберцон билан учрашди. Музокараларда Ўзбекистон ва НАТО ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги кундаги ҳолати, жахондаги сиёсий вазият, террорчиликка қарши кураш билан боғлиқ масалалар бўйича фикр алмашинуви бўлиб ўтди. Жорж Роберцон Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётган кенг миқёсдаги ислоҳотларга сайёрада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун Президент Ислом Каримовнинг ташаббусига юқори баҳо берди.
13 декабр. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида иқтисодиёт масалалари бўйича АҚШ Давлат Котиби ўринбосари Алан Ларсонни қабул қилди.
Оқсарой қароргоҳидаги суҳбат чоғида ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш, хусусан, иқтисодий ҳамкорлик ва шунингдек томонларни қизиқтирган масалалар бўйича фикр алмашинуви бўлиб ўтди.
19 декабр. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таклифига биноан Украина республикаси Президенти Леонид Кучма Ўзбекистонга хизмат сафари билан келди.
Президентлар МДҲ, БМТ, ОБСЕ сингари ташкилотлар, Афғонистондаги тикланиш ишларида биргаликда иштирок этиш доирасидаги ҳамкорлик масалаларида томонлар қарашларининг умумийлиги яна бир бор ўз аксини топганлигини ва эндиги вазифалар ушбу мавқени янада кенгроқ амалга оширишдан иборат эканлигини таъкидладилар.
27 декабр. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Қозоғистоннинг пойтахти - Остонада бўлиб ўтган "Марказий Осиё ҳамкорлиги" (МОҲ) ташкилотининг иштирокчи-давлатлари раҳбарлари саммитида иштирок этди.