24 июнь. Ўзбекистон ССР Министрлар Советида Фарғона водийсидаги областларни иқтисодий ва социал жиҳатдан ривожлантиришни жадаллаштириш ҳамда ана шу региондаги аҳолини иш билан таъминлаш масалаларига бағишланган кенгаш бўлиб ўтди. Кенгашда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Ислом Каримов қатнашди ва нутқ сўзлади. Ислом Каримовнинг Ўзбекистон раҳбари лавозимидаги биринчи дастурий чиқиши сифатида мамлакатимизнинг мустақиллик тарихида алоҳида ўрин тутадиган ушбу нутқида Фарғона водийси вилоятларида вужудга келган кескин иқтисодий-ижтимоий вазият мисолида бутун республикамиздаги ўткир ва долзарб муаммолар атрофлича таҳлил этилиб, уларни ҳал этиш йўллари кўрсатиб берилди. Ислом Каримов ўз нутқини «Биз бундан буён эскича яшолмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди», деган сўзлар билан бошлар экан, Ўзбекистон катта ўзгариш ва ислоҳотлар арафасида тургани ва бу тарихий зарурат эканини таъкидлади.
6 июль. Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг президиумида бўлиб ўтган кенгаш иқтисодиёт фанининг республика халқ ҳўжалигини ривожлантиришга қўшадиган ҳиссасини ошириш йўлларига бағишланди. Кенгашда республика академияси, ВАСХНИЛ Ўрта Осиё бўлими аъзолари, Тошкент олий ўқув юртлари мутахассислари, план-молия органлари, Меҳнат ва социал масалалар давлат комитети, Нархлар давлат комитети, таъминот системаси, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ва Ўзбекистон ССР Министрлар Совети аппаратининг масъул ходимлари қатнашди. Кенгашда Ўзбекистон Компартияси МК биринчи секретари Ислом Каримов якунловчи нутқ сўзлади. У амалиётчилар ва иқтисодчи олимларнинг ҳамкорлигини системали асосда олиб боришни таклиф этди. Асосий куч-ғайрат — иқтисодиётга ўзбошимчалик билан ёндашувга барҳам бериш, халқ хўжалигининг рентабеллигини, корхона ва ташкилотларнинг даромадини ошириш, энг муҳими, аҳоли жон бошига олинадиган даромадларни кўпайтиришни таъминлаш ва шу негизда халқ фаровонлигини оширишга йўналтирилиши зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, пахтани эмас, балки толани топшириш масаласида ҳам, деҳқонларга ер беришда ҳам, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини буйруқбозлик асосида «планлаштириш»га барҳам беришда ҳам амалий ишларга ўтиш пайти келгани алоҳида таъкидланди.
1 август. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида жойларда фуқароларнинг меҳнат ва социал шароитларини яхшилаш борасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга бағишланган кенгаш бўлиб ўтди. Кенгашда қатнашган Ўзбекистан Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Ислом Каримов фуқароларнинг шикоят хатларидан айримларини ўқиб эшиттирди. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан резолюция қабул қилинди.
11 август. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида агросаноат комплекси ишини яхшилаш, пахта терими мавсумига тайёргарлик масалаларига бағишланган селектор кенгаш ўтказилди. Унда Ислом Каримов қатнашди ва нутқ сўзлади.
17 август. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети, Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми ва Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг «Колхозчилар, совхозларнинг ишчилари, гражданларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликларини ва якка тартибда уй-жой қурилишини янада ривожлантириш тўғрисида»ги қарори матбуотда эълон қилинди.
22 август. Хоразм область партия-хўжалик фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда область социал-иқтисодий тараққиётининг аҳволи ва яқин даврда уни интенсивлаш вазифалари муҳокама қилинди. Йиғилишда Ислом Каримов нутқ сўзлади.
27 август. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг Бюросида аҳоли талаб ва эҳтиёжларини қондиришга доир кечиктириб бўлмайдиган вазифалар кўриб чиқилиб, ушбу масала юзасидан республика комиссиясининг шахсий таркиби тасдиқланди.
5 сентябрь. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида пахта териш кампаниясини ташкил этиш ва уни муваффақиятли ўтказишга бағашланган кенгаш бўлиб ўтди. Унда Ислом Каримов нутқ сўзлади.
22 декабрь. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг ижтимоий-иқтисодий тараққиёт масалалари комиссияси ҳузурида малакали миллий ишчи кадрлар тайёрлаш муаммолари билан шуғулланувчи ишчи гуруҳининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Тошкент ва Тошкент области машинасозлик корхоналарида туб миллатга мансуб кишилардан малакали ишчилар тайёрлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.