ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Давлат ва жамият. 2007 йил


9 май. Президентимиз иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган минглаб юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Бу муқаддас майдон, наинки Хотира ва қадрлаш куни, балки йил бўйи зиёратчилар билан гавжум бўладиган масканга айланган. Кишилар бу ерга шунчаки томоша ёхуд сайр учун келмайдилар, ўтганларни ёд этадилар. Бу туйғу бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни, тирикларни қадрлашга даъват этади. Ушбу майдонга келган ҳар бир инсон қалбида шу табаррук юрт барчамизники, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш муқаддас бурчимиздир, деган эзгу туйғу жўш уради.

Президент Ислом Каримов шу куни пойтахтимизнинг Мустақиллик майдонига туташ Молия вазирлиги ғазначилигининг янги биноси билан танишди.

29 ноябрь. Президент Ислом Каримов раислигида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз раҳбари мазкур йиғилишдан мақсад ўтган беш йил мобайнида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилган ишларни атрофлича таҳлил этишдан иборат эканини таъкидлади.

Мамлакатимизда ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий саломатлигини мустаҳкамлаш, фарзандларимизнинг соғлом турмуш тарзини таъминлаш, уларда спортга муҳаббат туйғуларини кучайтириш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

7 декабрь. Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз - Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 16 йиллиги арафасида, Президентимиз Ислом Каримовнинг фармонларига мувофиқ, ўзининг фидокорона меҳнати билан Ватанимиз тараққиётига катта ҳисса қўшган, ҳаётимизнинг барча соҳаларини ривожлантириш, юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашда ўрнак ва намуна кўрсатган халқимизнинг муносиб вакиллари юксак давлат мукофотлари - фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.

Улар орасида ишлаб чиқариш соҳаларида, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида, илм-фан, маданият ва санъат, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, Қуролли Кучларимиз ва ҳуқуқ-тартибот идораларида хизмат қилаётган кўплаб юртдошларимиз бор.

Оқсарой қароргоҳида 7 декабрь куни ана шу юксак мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлди.