16 январь. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маукамасининг 2014 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Президент Ислом Каримов маъруза қилди. Ушбу нутқ «2015 йилда иқтисодиётимизда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, модернизация ва диверсификация жараёнларини изчил давом эттириш ҳисобидан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш – устувор вазифамиздир» сарлавҳаси билан матбуотда чоп этиди.
9 март. Президент Ислом Каримов «2015 — 2019 йилларда Гулистон шаҳрида дренаж тизимини янада такомиллаштириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сув сатҳини камайтириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги фармойишга имзо чекди.
12 май. Президент Ислом Каримов Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Юртбошимиз Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан ўтган янги кўприкни бориб кўрди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу ерда эни 26, узунлиги қарийб 500 метр бўлган замонавий кўприк бунёд этилди. Абдулла Қодирий кўчасининг ҳар бир йўналиши тўрт полосали қилиб кенгайтирилди. Бу ерда яна бир янгиликка қўл урилган. Кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун 102 ва 111 метрлик иккита ер усти ўтиш йўлаги барпо этилди. Уларга чиқиб-тушиш учун зинапоя билан бирга эскалатор ҳам қурилган.
Президентимиз бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишар экан, йўлсоз ва қурувчиларнинг меҳнатига юксак баҳо берди.
Президентимиз шу атрофда истиқомат қилаётган фахрийлар ва ёшлар билан суҳбатлашди.
– Эски шаҳар аҳолиси асрлар давомида кўримсиз уйларда яшаб келган, у ерда биронта янги қурилиш бўлмаган, - деди Ислом Каримов. - Бу масалани атрофлича ўрганиб, Эски шаҳарни қайта қуришнинг бош режасини ишлаб чиқдик. Яқин йиллар ичида бу жой ҳамма ҳавас қиладиган замонавий масканга айланади.
Давлатимиз раҳбари ушбу майдоннинг қиёфасини янада яхшилаш, аҳолининг, аввало, болаларнинг ҳам олиши учун яратилган қулайликларни кенгайтириш, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тавсиялар берди.
15 май. Президент Ислом Каримов «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекди.
22 май. Президент Ислом Каримов «Электрон тижорат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини тасдиқлади.
3 июнь. Президент Ислом Каримов «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини тасдиқлади.
30 июнь – 1 июль. Президент Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятида бўлди.
Президентимиз вилоятга сафарини Қарши ҳалқа йўлининг Қашқадарё дарёсининг кесиб ўтадиган қисмида узунлиги 108, эни 27 метрлик янги кўприкни ва унинг ёнида реконструкция қилинган Амир Темур кўпригини кўришдан бошлади.
Давлатимиз раҳбари кўприклар атрофини ободонлаштириш, йўл ва дарё бўйларига ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар ўтқазиш, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун зарур бўладиган барча шароит ва қулайликларни яратиш зарурлигини таъкидлади.
Президентимиз Қарши шаҳрининг Ўзбекистон кўчасида бунёд этилган кўп қаватли уйларни ҳам бориб кўрди.
Ислом Каримов курилиш ва ободонлаштириш ишларини изчил давом эттириш, шаҳар қиёфасини янада яхшилаш, йўл бўйларини кўкаламзорлаштириш ва фаввораларни замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.
Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятига сафарининг иккинчи куни Касби туманидаги «Камол Султон» фермер хўжалиги даласида, шунингдак, Косон туманидаги «Пудина массиви» фермер хўжалиги далаларида бўлди.
– Ғаллачиликда, айтиш мумкинки, пахтачиликда ҳам муҳим бўлган мана шу кунларда сизлар каби меҳнаткаш деҳқонларимиздан ҳол-аҳвол сўраш, ҳорманглар, деб уларга мададкор бўлиш менга катта мамнуният бағишлайди, - деди Давлатимиз раҳбари.
Юртбошимиз учрашувда пахта ҳосили ривожига кенг аҳамият қаратиб, Қашқадарё иклими ва тупроқ шароитига мос серҳосил навларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.
25 август. Президент Ислом Каримов Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллик байрами арафасида шаҳарнинг эски шаҳар қисмида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиб, янги йўллар, кўприклар, замонавий уйлар, коммуникациялар барпо этиш, аҳолининг яшаши ва дам олиши учун қулай шароитлар яратиш бўйича зарур кўрсатмалар берди.
Президентимиз Нурафшон кўчаси бўйича бунёд этилган кўп қаватли тураржой биноларини бориб кўрди. Давлатимиз раҳбари бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишар экан, қурувчиларнинг меҳнатига юқори баҳо берди.
– Тураржойларни қуришда инсон манфаатларини инобатга олган ҳолда иш тутиш зарур, - деди Ислом Каримов. - Унда яшайдиганлар ҳаётидан рози бўлиб яшасин. Айниқса, аёлларимиз учун зарур шароит ва қулайликлар яратиш даркор.
Давлатимиз раҳбари тураржойлар, йўл ва кўприклар атрофини, маҳаллалар ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича зарур тавсиялар берди.
25 август. Президент Ислом Каримов «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини тасдиқлади.
29 сентябрь. Президент Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида Наманган ва Фарғона вилоятларида бўлди.
Президентимиз Наманган вилоятига caфарини Мингбулоқ туманидаги «Барака» фермер хўжалиги билан танишишдан бошлади. Ислом Каримов мазкур хўжалик даласида фермерлар билан суҳбатлашди.
– Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун муҳим мавсум бўлган шу кунларда сизлар билан дийдор кўришиш, ҳорманг деб, барчангизга куч-қувват тилаш менга катта мамнуният бағашлайди, - деди Президентимиз.
Юртбошимиз Уйчи туманидаги «Обод замин» фермер хўжалиги далаларига ҳам ташриф буюрди. Бу ерда фермерлар билан мулоқот чоғида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ривожи учун кенг имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Президентимиз куннинг иккинчи ярмида Фарғона вилоятига ташриф буюрди. Ислом Каримов Фарғона шаҳрининг бош режаси бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ислом Каримов Марғилон шаҳридаги «Наримтекс» қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. Учрашувда ички ва жаҳон бозорида муносиб ўрин топиш учун мунтазам изланиш, янги-янги маҳсулот турларини ўзлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Бугун халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг замонавий кийинишга эҳтиёжи ва талаби тобора ошиб бормоқда, - деди Ислом Каримов. - Уларнинг ўсиб бораётган талабини юртимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий ва сифатли маҳсулотлар хисобидан қондириш муҳим вазифадир.
Президентимиз корхона ишчиларининг ҳаёти, корхонада яратилган шарт-шароитлар билан қизиқди.
Давлатимиз раҳбари шу куни Фарғона туманидаги «Мустақиллик шукронаси» фермер хўжалиги далаларида бўлиб, вилоят фермерлари ва фаоллари билан суҳбатлащди.
Юртбошимиз фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, хомашё етиштириш билан кифояланмасдан, уни қайта ишлашни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини кўпайтириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.
21 октябрь. Президент Ислом Каримов ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича шартнома мажбуриятларини муваффақиятли адо этган Ўзбекистон деҳқонлари ва фермерлари, барча меҳнаткашларига табрикнома йўллади.
27 октябрь. Президент Ислом Каримов «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компаниясини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонга имзо чекди.
31 декабрь. Президент Ислом Каримов «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини тасдиқлади.