5 июль. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Ислом Каримов Тошкентдаги Мўғулистон Халқ Республикасининг бош консули Ц.Буянтогтох, Афғонистан Республикасининг бош консули Ҳ.Ҳамгар, Ҳиндистон Республикасининг бош консули Й.Кумар, Ливия Араб Халқ Социалистик Жамаҳириясининг бош консули А.М.А.Г.Омранни қабул қилди.
23 август. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Ислом Каримов ва Туркманистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Сапармурод Ниёзов Хоразм область Қўшкўпир райони билан қўшни бўлган Туркманистон Республикасининг Тошҳовуз области чегарасида жойлашган янги мактабнинг очилиш маросимида қатнашди.
3 сентябрь. Қўшилмаган мамлакатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларининг тўққизинчи конференциясида қатнашиш учун Белградга бораётган Афғонистон Республикаси Президенти Нажибулло бошлиқ ҳукумат делегацияси Тошкентда тўхтаб ўтди. Мазкур делегацияни Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Ислом Каримов кутиб олди ва кузатиб қўйди.
8 сентябрь. Қирғизистон пойтахти Фрунзе (Бишкек) шаҳрида Ўрта Осиё ва Жанубий Қозоғистон регионларининг озиқ-овқат маҳсулотларига тез ўсиб бораётган эҳтиёжини мумкин қадар тўла таъминлаш ҳамда мамлакатнинг озиқ-овқат фондига мева ва сабзавот етказиб беришни кўпайтиришга бағишланган семинар-кенгаш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон Республикалари Компартиялари Марказий Комитетлари биринчи секретарларининг ахбороти тингланди.
11 сентябрь. Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов Тошкентда ўтаётган умумий ва амалий химияга доир ўн тўртинчи Менделеев съезди иштирокчиларини табриклади ва уларнинг ишига муваффақиятлар тилади.
4 декабрь. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг таклифига биноан Македония Социалистик Республикаси ижроия вечесининг раиси Глигорие Гоговски бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Тошкентга келди. Делегация аъзоларини Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Ислом Каримов қабул қилди.