16 январ. Берлин Халқаро конгресс марказида "Халқаро яшил ҳафталик" қишлоқ хўжалиги кўргазмаси тантанали равишда очилди. Бу анъанавий тадбир доирасида Германиянинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат саноати соҳасидаги шериклари тақдимоти ташкил этилди. Унинг ишида Ўзбекистон делегацияси иштирок этди. Бу Халқаро кўргазма доирасида "Ўзбекистон иқтисодий шерик - озиқ-овқат саноати соҳасида савдо ва кооперация имкониятлари" мавзуида конференсия бўлиб ўтди. Унда ГФРнинг юздан ортиқ фирма ва компания вакиллари қатнашди.
Январ. Гулистонда "Лечива фармсаноат" ўзбек-чех корхонаси ишга туширилди. У Ўзбекистон Ижтимоий таъминот вазирлиги ва Чехиянинг кардиология, неврология, дермотологияда фойдаланиладиган дори-дармонлар ҳамда бошқа ноёб дорилар ишлаб чиқарадиган "Лечива" аксионерлик жамияти томонидан ташкил этилди.
Январ. Намангандаги ўзбек-герман қўшма корхонасида юқори сифатли қоғознинг дастлабки синов туркуми олинди. Бу Марказий Осиёда пахтани қайта ишлаш саноати чиқиндиси - линт асосида ишлайдиган ҳозирча ягона корхонадир.
7 феврал. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси "Қишлоқ хўжалик корхоналари санациясини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида" Қарор қабул қилди.
Феврал. "Тошкент трактор заводи" Давлат аксионерлик жамиятида "Американ мобил групп" фирмаси билан биргаликда 22 ва 32 от кучига эга бўлган икки турдаги мини тракторлар ва уларга ускуналар комплектларини ишлаб чиқарадиган қўшма корхона ташкил этилди.
Феврал. Жиззахдаги пластмасса заводида полиетилен плёнка ишлаб чиқарадиган сех ишга туширилди.
Феврал. "Бухороагромашсервис" аксионерлик жамиятининг таъмирлаш заводида чигитни плёнка остига экишга мўлжалланган сеялка ва чизеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
5-11 март. Берлинда Халқаро туристик ярмарка бўлиб ўтди. Унда жаҳоннинг 170 мамлакати, шу жумладан, Ўзбекистон Рсепубликаси ҳам иштирок этди.
9 март. Женевада Ўзбекистоннинг "Ўзбекпахтамаш" корпорациясига "Енг яхши савдо маркаси учун" Халқаро совринини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу соврин ҳар йили Халқаро "Савдо пешқадамлари клуби" томонидан саноат комплекси корхоналарига бериб борилади.
9-10 март. Тошкентда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Швейцария қўшма комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га киришига тайёргарлик кўриш, Оролнинг экологик фожеаси оқибатларини тугатиш, Швейцария фирмалари ва компанияларининг қўшма лойиҳалардаги иштирокини жадаллаштириш, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув сўнгида комиссия мажлиси якунлари бўйича Протокол, шунингдек, Нукус шаҳрида канализация тизимини қайта қуриш лойиҳасини амалга оширишда молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисида Ўзбекистон ва Швейцария ҳукуматлари ўртасидаги Битим имзоланди.
Март. Намангандаги "Намбум" ўзбек-герман қўшма корхонаси конвейеридан ёзув қоғозининг синов туркуми чиқарилди. Қорхона йилига беш минг тонна қоғоз ишлаб чиқаради.
Март. Тошкентда "Бизнес ва банк иши соҳасида янги ахборот технологиялари" мавзуида икки кунлик Халқаро семинар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон вакиллари билан бир қаторда Буюк Британия, Франсия, Белгия ва Грециядан ҳам мутахассислар иштирок этди.
Март. Тошкент вилоятининг Қибрай туманида сут маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ўзбек-исроил қўшма корхонаси ишга туширилди.
Март. Қўқон электр машинасозлик заводида Асакадаги "ЎзДЕУавто" корхонасида тайёрланадиган автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар, шу жумладан, "Нексия" ва "Тико" автомашиналарига давлат номерлари ўрнатиш учун махсус мосламалар, "Дамас" автомобили учун иситувчи печ корпуси, "Тико" учун аккумулятор тутқичлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
22 апрел. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси "Деҳқон ва фермер хўжаликлари Ассоциацияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" Қарор қабул қилди.
19-21 май. Тошкента "Нефт ва газ-98" ва "ЎзМИН-98" иккинчи Ўзбекистон Халқаро кўргазмси бўлиб ўтди.
26 май. Андижон "Тико", "Нексия" автомобиллари ва "Дамас" микроавтобуслари учун бензобаклар, шунингдек, буюмлар ишлаб чиқарадиган "ЎзСЕМЮН К" ўзбек-корейс қўшма корхонасининг очилиш маросими бўлди.
Май. Навоий вилоятида Қизилқум фосфорит комбинатининг биринчи навбати ишга туширилди.
Май. Андижон вилоятининг Жалолқудуқ туманида электр двигателлар ва қишлоқ хўжалик техникаси учун ёпиқ подшипниклар ишлаб чиқарадиган "Топаз" Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси ташкил этилди.
16 июн. Тошкент аеропортига "Бухоро" Евроаеробуси биринчи марта қўнди. Бу "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпанияси учун Тулуза авиация заводида қурилган учинчи "А-310" лайнеридир.
24-27 август. Тошкентда "Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технология ва компакт жиҳозлар" Халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.
Август. Ўзбекистон Республикаси Миллий банки Осиё-Тинч океани минтақасининг 200 га яқин етакчи банкларини бирлаштирувчи осиё банклари Ассоциациясининг ҳақиқий аъзоси сертификатини олди.
Август. Қашқадарё вилояти Муборак туманида 45 минг тонна хом ашёни қайта ишлашга қодир пахта тозалаш заводи фойдаланишга топширилди.
28 сентябр. Тошкентда осиё Тараққиёт банкининг доимий ваколатхонаси очилди.
30 сентябр. Ҳазораспдаги қўшма ўзбек-турк қанд заводида дастлабки тонна маҳсулотлар олинди.
Сентябр. Қоҳирада "Саҳройи Кабир-98" йиллик Халқаро кўргазма бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон қишлоқ хўжалик машинасозлигининг етакчи корхоналари, чунончи, Трактор, "Тошқишлоқмаш""каби заводлар иштирок этди.
5-6 октябр. Тошкентда "Бозор иқтисодиёти асосларини яратишнинг ўзбекча модели" мавзуида Халқаро илмий-амалий конференсия бўлиб ўтди. Унда БМТ, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси вакиллари, Финляндия, Голландия, АҚШ, Япония, Россиядан мутахассислар иштирок этди. Конференсия давомида ватанимиз ҳамда хорижлик олим ва мутахассислар мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг босиб ўтган йўли, бозор иқтисодиёти асосларининг шаклланиш жараёнини атрофлича таҳлил қилдилар ва бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришнинг бундан кейинги йўналишларини белгилаб олдилар.
14 октябр. Трансосиё-Европа толали-оптик кабелли магистралини тижорат мақсадида фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Магистрал 27 минг километр узунликда бўлиб, 20 та давлат, шу жумладан, Марказий Осиё республикалари ҳудудларидан ўтади ва Хитойнинг Шанхай шаҳрини Германиянинг Франкфурт-на-Майн шаҳри билан улайди. Магистралнинг Ўзбекистон шаҳарлари (Тошкент-Жиззах-Самрақанд-Бухоро-Олот) бўйлаб ўтган миллий бўғини 900 километрдан ошиқроқни ташкил этади.
Октябр. Фарғона механика заводида Асака шаҳрида чиқадиган "Нексия", "Дамас" ва "Тико" автомобиллари учун тўрт хил диск ишлаб чиқариш бўйича янги сех очилди.
Ноябр. Парижда Ўзбекистоннинг бир қатор корхона ва ташкилотлари, шу жумладан, "Шарқ" нашриёт-матбаа консерни, "Ўзулгуржибиржасавдо" аксионерлик ассоциацияси, "Ўзкимёфарм", "Бизнес-фонд", "Трансбанк" бирлашмалари Франсия саноат ҳамкорлиги ассоциациясининг олтин медаллари билан тақдирланди.
Ноябр. Ўзбекистоннинг "Фармед" хусусий фирмасига халқаро мукофот - "Сифат олтин юлдузи" топширилди. Мукофотлаш тантанали маросими жаҳоннинг 60 мамлакатидан бир қатор фирмалар фаолиятини таҳлил қилган саралаш комиссияси натижалари якунига мувофиқ Парижнинг "Конкорд-Лафаен" залида бўлиб ўтди.
Декабр. Шаҳрисабзда "Ўздонробита" Ўзбекистон-Америка корхонасининг уяли телефон стансияси фойдаланишга топширилди. У Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Чироқчи туманларидаги ҳамда қисман Қамаши ва Ғузор туманларидаги абонентларга хизмат қилади. Шундай қилиб, "Ўздонробита"нинг хизмат кўрсатиш тармоғи вилоятнинг деярли барча минтақаларини қамраб олади.
Декабр. Пекинда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро комиссиясининг мажлиси бўлди. Унда икки томонлама алоқаларни бундан кейин ҳам ривожлантириш, чуқурлаштириш ва кенгайтириш тадбирлари кўриб чиқилди.