12 январь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Тошкент шаҳрида барпо этилган “Ватанга қасамёд" ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.
26 январь. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди.
27 январь. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида иштирок этди ва «Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш - устувор мақсадимиздир» мавзуида маъруза қилди.
29 январь. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йилнинг асосий якунлари ва 2010 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маъруза қилди.
23 март. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Наврўз байрамига бағишланган тантаналари бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этиб, халқимизни Наврўз байрами билан муборакбод этди.
9 май. Хотира ва қадрлаш кунида пойтахтимиздаги Хотира майдонида ҳарбий оркестрнинг маҳзун мусиқаси остида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Президентимиз Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган минглаб юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
31 август. Пойтахтимиздаги “Шаҳидлар хотираси" хиёбонида халқимизнинг озодлиги ва мустақиллиги йўлида қурбон бўлган инсонларни ёд этиш маросими ўтказилди. Қуръон тиловат қилиниб, қатағон қурбонлари руҳига ҳурмат бажо келтирилди.
Шу куни Президентимиз Ислом Каримов Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйди.
31 август. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Ватанимиз мустақиллигининг 19 йиллигига бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг ўн тўққиз йиллиги билан бутун халқимизни муборакбод этди.
12 ноябрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида иштирок этди. Қўшма мажлисда давлатимиз раҳбари «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепсияси» мавзуида маъруза қилди.
7 декабрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсаройда юртимиз тараққиётига катта ҳисса қўшган, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталигини янада мустаҳкамлашда ўрнак ва намуна кўрсатган бир гуруҳ юртдошларимизга Ватанимизнинг юксак мукофотларини топширди.
7 декабрь. “Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 18 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов йиғилишда “Мамлакатимизни модернизация қилиш йўлини изчил давом эттириш - тараққиётимизнинг муҳим омилидир" мавзуида маъруза қилди.