ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ижтимоий ҳаёт. 2006 йил


23 январ "Ҳомийлар ва шифокорлар йили давлат Дастури тўғрисида"ги Президент қарори эълон қилинди.

2 феврал "Зулфия" номидаги Давлат мукофоти тўғрисидаги Низомга ўзгартириш киритиш тўғрисида" Президент Фармони эълон қилинди.

21 феврал - Республика байналмилал маданият марказида ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия ва "Маънавият ва маърифат" Республика маркази билан ҳамкорликда Халқаро она тили куни нишонланди.

18 март - Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Навоий шаҳрида қуриб битказилган "Ислом нури" масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

5 апрел. Президент Ислом Каримов пойтахтимиздаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. Мамлакатимиз истиқлолнинг ўн беш йиллик қутлуғ тўйига улкан ютуқлар билан кириб бормоқда. Демократик ҳуқуқий давлат, очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш, эркин иқтисодиётни ривожлантириш, муқаддас қадриятларимизга мос маънавиятимизни юксалтириш йўлида қўйилаётган янгидан- янги қадамлар бунинг яққол далолатидир.

9 май. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилинган ушбу умумхалқ байрами мамлакатимизда кенг нишонланди.Ушбу байрам бу гал Ҳомийлар ва шифокорлар йилида нишонланаётгани унинг аҳамиятини янада оширади. Хотира ва қадрлаш - инсон ақл-заковатининг бетакрор маънавий неъматлари, тирикликнинг азалий мезонларидир. Ҳомийлик, саховат ва ҳиммат, меҳр ва мурувват фазилатлари хотира ва қадр тушунчалари билан ўзаро уйғунлик касб этади. Зеро, қалби саховатга, меҳр-муҳаббатга, шафқат-шафоатга тўла инсонларгина ўз тарихини, аждодларини доимо хотирлайди ва фидойи юртдошлари, ёруғ келажак йўлида меҳнат қилаётган кишиларнинг қадрига етади.

16 май "Умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг битирув тадбирларини ўтказиш тўғрисида" Президент Фармойиши чиқди.

18 май. Президент Ислом Каримов ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан танишиш учун бугун Навоий вилоятига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари сафарни шаҳар аеропортида амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишишдан бошлади.

- Ҳар қандай аеропорт стратегик аҳамиятга эга. Навоий аеропорти жойлашуви нуқтаи назаридан бу борада айниқса муҳим аҳамиятга эга,- деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз амалга оширилаётган қурилиш ишларини таҳлил қилди. Мутассадиларга қурилиш ишларини яхшилаш юзасидан, шунингдек йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш борасида тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.

18 май. Жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш мақсадида сафарга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Навоий вилоятида бўлганидан сўнг Бухоро вилоятига ташриф буюрди.

Бухоро вилоятида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат даражасини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган "Ҳомийлар ва шифокорлар йили" дастурига мувофиқ Бухоро шаҳрида замонавий диагностика маркази бунёд этилди ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов мазкур тиббиёт марказининг очилишида иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда бунёд этилаётган бундай тиббиёт муассасалари аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

19 май. Президент Ислом Каримовнинг Бухоро вилоятига сафарининг иккинчи куни Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси зиёратидан бошланди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча соҳалар қатори маънавият ва маърифат, таълим ва тарбия жабҳаларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Буюк аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, маънавий меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга жиддий эътибор қартилмоқда. Улуғ мутафаккир, тасаввуф оқимининг етук намояндаси Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари томонидан жаҳон тафаккур хазинасига қўшилган улкан маънавий меросни атрофлича ўрганиш, бу бетакрор бойликдан ёш авлодларни вояга етказишда самарали фойдаланиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

21-31 май - Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси бошчилигидаги делегация томонидан Саудия Арабистони ҳамда Кувайт давлатларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг "Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди" асрининг араб тилидаги нашри тақдимоти ташкил этилди.

7 август "Фан ва технологияларининг ривожлантиришни бошқарув ва мувофиқлаштиришни такомиллаштиришнинг қўшимча чора -тадбирлари ҳақида" Президент қарори эълон қилинди.

22 август. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 22 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Ўтган ўн беш йилнинг ҳар бир куни ҳаётимизга янги бир ўзгариш олиб кирди, десак муболаға бўлмайди. Биз бой ва қадимий тарихидан ғурурланиб, бугунги кунга шукрона келтириб, келажакка ишонч билан яшаётган халқмиз. Биз бугундан сўз очганда эртани ўйлайдиган, эртадан гапирганда кечани унутмайдиган миллатмиз. Биз истиқлол истиқбол ва масъулият эканини яхши биламиз: Ватанга садоқат, юртни янада обод қилиш, бунёдкорлик масъулияти.

25 август. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 25 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида фойдаланишга топширилаётган янгидан-янги корхоналар, тиббиёт муассасалари, мактаблар, лицей ва коллежлар, спорт мажмуалари, санъат ва маданият кошоналари, равон йўллар, кўприклар, боғу роғлар, хиёбонлар, фавворалар юртимиз шаҳару қишлоқлари кўркига-кўрк, чиройига-чирой қўшмоқда.

30 август. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 30 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Таълим соҳасида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг маҳсули сифатида сўнгги йилларда юртимизда дунёнинг турли нуфузли университетлари билан ҳамкорликда қатор олий таълим муассасалари ташкил этилди. Истиқлолимизнинг 15 йиллик байрами арафасида улар сафига М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг филиали ҳам қўшилди.