14 январь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов турли фирмаларга бошчилик қилаётган ва Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган бир гуруҳ турк ишбилармонларини қабул қилди.
29 февраль. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Саудия Арабистонидан республикамизга келган "Хенел индастриз ЛТД" консорсиумининг директори Шайх Холид Аҳмад Али Ризони қабул қилди.
19 март. Нукусда Ўзбекистондаги "Язекс" турк корпарацияси кўмагида барпо этилаётган "Катекс" тўқувчилик комплекси қурилишига биринчи қозиқ қоқилди.
19 март. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси "Наманган вилояти Мингбулоқ конида нефт отилиб чиқишини жиловлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва ушбу минтақадаги табиий бойликлардан самарали фойдаланиш бўйича шошилинч чораларни кўриш тўғрисида" Қарор қабул қилди.
16 апрель. Ўзбекистоннинг биринчи йўловчи авиалайнери Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги халқаро аеропортига қўнди. Бу Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги мунтазам ҳаво йўлларининг бошланиши бўлди.
25 апрель. Ўзбекистон Республикаси Миллий авикомпанияси учувчилари Карочига биринчи йўловчи рейсни амалга оширдилар.
Апрель. Самарқандда "Интеросиё-92" Халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди, унда қарийб 30 давлат, жумладан, Афғонистон, Корея, Хитой, Япония, МДҲ республикаларининг қўшма ва хусусий корхоналари ҳамда фирмалари ўз маҳсулотларини намойиш этди.
26-28 май. Тошкентда "Инвестиция ҳуқуқи ва Осиё-Тинч океани минтақасидаги сиёсат" мавзуида халқаро семинар бўлиб ўтди.
27-28 май. Тошкентда МДҲ мамлакатлари энергетикларининг учрашуви бўлиб ўтди, унда мамлакатларда электроенергетикани ривожлантириш истиқболлари ҳақидаги масала муҳокама қилинди.
28 май. Паркент туманида 500 киловолт кучланишга эга бўлган “Тошкент” қудратли ёрдамчи станцияси фойдаланишга топширилганлиги ҳақидаги хабар эълон қилинди. Унинг ишга туширилиши билан Сирдарё ва Тошкент ГРЕСларини бирлаштирувчи 500 киловолтли электр узатиш линиясига энди Янги Ангрен иссиқлик стансияси ҳам уланди.
2 июль. "Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида"ги Қонун 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х сессиясида қабул қилинган.
16 июль. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жанубий Кореянинг машҳур "Самсунг" фирмаси вице-президенти Ж.Ким бошчилигидаги фирма раҳбарияти вакиллари билан учрашди.
30 июль. Тошкентда Хитой халқ исте`моли моллари кўргазмаси очилди. Кўргазмада Хитойнинг 15 вилоятининг 60 дан ортиқ фирма ва компанияларида тайёрланган ўн мингдан ортиқ номдаги маҳсулотлар намойиш этилди.
1 август. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жанубий Корея "ДЕУ" корпорацияси раиси Ким У Жунгни қабул қилди.
7 август. В.П.Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида ИЛ-114 самолётининг биринчи синов парвози бўлиб ўтди. Уни учувчилар И.Р.Зокиров ва В.П.Григорев амалга оширди.
13 август. Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаш X сессиясида қабул қилинган "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги Қонун эълон қилинди.
24 август. Тошкентда Жанубий Кореянинг "ДЕУ" корпорацияси ва Ўзбекистон Давлат консерни "Автоқишхўжмаш" ўртасида Андижон вилоятининг Асака шаҳрида йилига 180 минг автомобил ишлаб чиқарадиган автомобил заводини қуриш тўғрисида Шартнома имзоланди.
26 август. Тошкент аеропортига Шинжон миллий авиакомпаниясининг ТУ-154 самолёти йўловчилари билан қўнди. Ушбу рейс билан Урумчи ва Тошкент ўртасида мунтазам йўловчи ташиш алоқаси йўлга қўйилди.
Сентябрь. Тошкентда халқаро ҳуқуқ ва хусусий бизнес бўйича Ўзбекистон-Евроамерика симпозиуми бўлиб ўтди.
26 октябрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Голландиянинг "Аалберс Еуроп консалтанс" фирмаси президенти К.Аалберсни қабул қилди.
30 октябрь. Ўзбекистон авиаторлари Тошкент-Лондон-Тошкент янги ҳаво йўлини очдилар.
7 ноябрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов "Пахтани қайта ишлаш ва пахта маҳсулоти сотиш бўйича Ўзбекистон Давлат аксионерлик ассоциацияси ("Ўздавпахтасаноатсотиш")ни ташкил этиш тўғрисида" Фармон чиқарди.
27 ноябрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов республикага ташриф буюрган Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг президенти Жак Аталини қабул қилди.
Ноябрь. Республикада "Ўзсепард" биринчи ўзбек-эрон қўшма корхонаси ташкил этилди. Ушбу корхонани юқори сифатли ювиш воситалари, поябзал ва кийим-кечак ишлаб чиқаришда донг таратган "Сепард саноат гуруҳи корхоналари ҳамда "Маҳаллий саноат" давлат корпорациясининг манфаатларини ифодаловчи "Шарқ" ташқи савдо бирлашмаси ҳамкорликда ташкил этишди.