ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ташқи сиёсат. 2006 йил


2 май. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов расмий ташриф билан Покистон Ислом Республикасига жўнаб кетди. Сафар олдидан давлатимиз раҳбари Тошкент аеропортида журналистлар билан суҳбатлашди.
- Покистон Жанубий Осиёдаги иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий техникавий салоҳиятга эга мамлакатлардан бири, - деди Президент Ислом Каримов. - Ушбу давлат нафақат минтақавий, балки глобал даражада ҳам юксак нуфузга эгадир. Бугунги кунда, Покистон жаҳонда тинчлик ва хавфсизликни сақлашга қаратилган кўплаб муҳим халқаро масалаларни ҳал этишда, жумладан, қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда, унинг иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмаси тикланишида фаол иштирок этиб келаётир .

2 май. Икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими якунига етгач, Президентлар оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашдилар.
Матбуот анжуманида музокаралар самарали кечгани, мулоқотлар чоғида икки томонлама муносабатларга доир кенг кўламли масалалар, минтақавий ва халқаро миқёсдаги муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилгани таъкидланди. Муҳокама этилган барча масалаларда томонларнинг фикри бир жойдан чиққани, Ўзбекистон ва Покистоннинг кўплаб халқаро муаммоларга муносабати ўхшаш ва яқинлиги қайд этилди.

3 май. Президент Ислом Каримов Покистон Бош вазири Шавкат Азиз билан учрашди.
Музокарада Ўзбекистон-Покистон муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани, икки мамлакат ўзаро савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳиятга эга эканлиги таъкидланди.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасида имзоланган ҳужжатлар рўйхати
1.Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Покистон Ислом Республикасига ташрифи якунларига доир Қўшма баёнот.
2.Халқаро террорчиликка қарши кураш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни кучга киритиш учун ратификация ёрлиқларини алмашиш тўғрисидаги протокол.
3.Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим.
4.Ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим.
5.Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида ҳукуматлараро англашув меморандуми.
6.Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан Покистон Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик вазирлиги ўртасида англашув меморандуми.
7.Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси билан Покистон Даромадлар бош бошқармаси ўртасида ташқи савдо божхона статистикаси соҳасида ўзаро услуб ва ахборот алмашишда ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми.
8.Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан Покистон Савдо-саноат палаталари федерацияси ўртасида Қўшма тадбиркорлар кенгашини тузиш тўғрисидаги англашув меморандуми.
9.Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан Покистон Миллий банки ўртасида англашув меморандуми.
10.Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан Хабиб банк лимитед ўртасида англашув меморандуми.

6 май. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсаройда Россия Федерацияси ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари Дмитрий Медведевни қабул қилди.
- Ташрифингиз изчил ривожланиб бораётган Ўзбекистон билан Россия муносабатларининг яна бир ифодасидир, - деди Ислом Каримов. - Бугун ўзаро алоқаларимиз, айниқса, ўтган йилнинг ноябр ойида имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома асосида муттасил тараққий этмоқда.

23 май. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсаройда Германия Федератив Республикаси Немис иқтисодиётининг шарқий қўмитаси раиси Клаус Манголдни қабул қилди.
Мамлакатимиз раҳбари Германия Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий шерикларидан эканлигини таъкидлади.

2 июн. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсаройда Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти (ЕврАзЕС) Бош котиби Григорий Рапотани қабул қилди.

14 июн. Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун Хитой Халқ Республикасининг Шанхай шаҳрига жўнаб кетди. Давлатимиз раҳбари сафар олдидан қуйидаги фикрларни баён этди.
- Маълумки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бундан беш йил муқаддам айнан мана шу шаҳарда ташкил топган эди. Шу фактни инобатга оладиган бўлсак, мазкур учрашув, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос юбилей кенгашининг Шанхай шаҳрида ўтказилиши алоҳида рамзий маънога эга эканини тушуниш қийин эмас, албатта.
Бугунги кунда дунёда ва минтақада катта нуфуз ва салоҳиятга эга бир қатор давлатлар аъзо бўлган ушбу ташкилотнинг навбатдаги саммитига тайёргарлик жараёнининг ўзи жаҳон жамоатчилигининг қизиқиши ва эътиборини тортмоқда. Бу эса учрашув давомида халқаро аҳамиятга молик муҳим масалалар муҳокама этилишидан далолат беради, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.

14 июн. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Сзинтао билан учрашди.
Мулоқот чоғида икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётгани, Ўзбекистон раҳбарининг Хитойга ўтган йилги давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар, хусусан, Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисида имзоланган давлатлараро шартнома ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

17 июн. Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг (ОҲИЧК) саммити бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди.
Ушбу форумга Афғонистон, Миср, Хитой, Исроил, Ҳиндистон, Покистон, Фаластин, Туркия ва Марказий Осиё давлатлари аъзо. АҚШ, Япония, Малайзия, Ветнам, Индонезия кузатувчи мақомига эга. Бугунги учрашувда мазкур мамлакатлардан давлат раҳбарлари, ҳукумат бошлиқлари, ташқи ишлар вазирлари, махсус вакиллар иштирок этди. Саммитга Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарлари ҳам таклиф этилган.

22 июн. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига (ЕврАзЕС) аъзо мамлакатлар раҳбарлари Давлатлараро кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун Беларус пойтахти Минск шаҳрига жўнаб кетди.

28 июн. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга Оқсаройда Миср Араб Республикаси, Жазоир Халқ Демократик Республикаси, Фаластин ва Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган - Нодия Иброҳим Каффофий, Муҳаммад Беррах, Асад Муним ал-Асад ва Асқар Мирзааҳметов ишонч ёрлиқларини топширди.

10 июл. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсаройда Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг давлат вазири Гернот Эрлерни қабул қилди. - Ташрифингиз икки томон манфаатларига хизмат қиладиган ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида Ўзбекистон ва Германиянинг интилишлари муштарак эканлигидан яна бир далолатдир, - деди Ислом Каримов. - Ўзбекистон ва Германия ҳамкорликни ривожлантириш, халқларимизнинг маданиятини ўзаро бойитиш борасида катта тажрибага эга.

21 июл. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлат раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этиш учун Москва шаҳрига жўнаб кетди. Учрашувда президентларнинг МДҲ доирасидаги интеграция жараёнларини жадаллаштириш, савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш ҳамда томонларни қизиқтирган қатор халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашиши кутилмоқда.

9 август. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 9 август куни Оқсаройда АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Ричард Баучерни қабул қилди.
Мамлакатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, ушбу учрашув ўзаро муносабатларга доир муҳим масалалар юзасидан фикр алмашиш учун қулай имконият эканлигини таъкидлади.

15 август. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 15 август куни Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига (ЕврАзЕС) аъзо мамлакатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этиш учун Россия Федерациясининг Сочи шаҳрига жўнаб кетди.

29 август. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Япония Бош вазири Жунъичиро Коидзуми 29 август куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Япония Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган давлатлардан. Ўзбекистон истиқлолга эришган илк йиллардан бошлаб у мамлакатимиз билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бош вазир Жунъичиро Коидзумининг энг улуғ ва энг азиз байрамимиз арафасида Ўзбекистонга ташриф буюришида чуқур рамзий маъно бор. Бу Япониянинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга интилишидан, ўзаро муносабатларни қадрлашидан далолатдир.