15 январь. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Президент Ислом Каримов маъруза қилди. Ушбу нутқ «Бош мақсадимиз – мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, олиб борилаётган ислоҳотларни, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни изчил давом эттириш, хусусий мулкчилик, кичик бизнес ва тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш ҳисобидан олдинга юришдир» сарлавҳаси билан матбуотда чоп этилди.
20 январь. Президент Ислом Каримов «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини тасдиқлади.
20 январь. Президент Ислом Каримов «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини тасдиқлади.
12 апрель. Президент Ислом Каримов «Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.
13 апрель. Президент Ислом Каримов «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини тасдиқлади.
30 июнь – 1 июль. Президент Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бўлди.
Ислом Каримов Сурхондарёга сафарини Термиз шаҳрида миллий ва замонавий меъморлик услублари асосида барпо этилган Хотира майдони билан танишишдан бошлади.
Давлатимиз раҳбари мазкур майдоннинг ҳалқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги аҳамияти тўғрисида тўхталди.
Юртбошимиз Термиз туманидаги «Янги-ариқ пахтакори» фермер хўжалиги даласида бўлиб, вилоят фаоллари ва фермерлари билан суҳбатлашди.
Президентимиз учрашувда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришида замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, истиқболли навларни экиб, ҳосилдорликни янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Ислом Каримов Термиз шаҳридаги Ҳаким ат-Термизий мажмуасини зиёрат қилди ва ушбу мажмуани таъмирлаш юзасидан тегишли тавсиялар берди. Бунда воҳанинг ўзига хос анъаналари, замонавий меъморлик усулларидан фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
Юртбошимиз куннинг иккинчи ярмида Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди. Капитал таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этган Қарши темир йўл вокзалига ташриф буюрди. Президентимиз вокзал биносини кўздан кечирар экан, уни янада кўркамлаштириш, бино пештоқини Қашқадарё тарихига оид нақшлар билан безатиш, йўловчиларга замонавий қулайлик яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Давлатимиз раҳбари «Насаф» марказий стадионини бориб кўрди. Стадионни реконструкция қилиш, спортчилар ва томошабинлар учун қулайликларни кенгайтириш, хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича зарур тавсиялар берди.
Президентимиз Қарши шаҳрининг Мустақиллик ва Ўзбекистон кўчалари чорраҳасида бунёд этилган курантни кўздан кечирди. Қарийб 30 метрлик курант оқ мармар билан қопланган, миллий колорит билан безатилган.
Давлатимиз раҳбари Мустақиллик кўчаси буйидаги хиёбонга ташриф буюрди. Шаҳар қиёфасини янада яхшилаш, аҳолининг дам олиши учун яратилган қулайликларни табора ошириш, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича зарур тавсиялар берди.
Ислом Каримов 2015 йили Қашқадарёга ташрифи чоғида Амир Темур тарихий кўпригини таъмирлаш, дарё атрофини дам олиш масканига айлантириш бўйича зарур тавсиялар берган эди.
Ўтган вақт давомида бу ерда улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Амир Темур кўприги замонавий талаблар асосида реконструкция қилинди.
Президентимиз ушбу кўприк ва хиёбон билан танишди.
Собиқ тузум даврида Қашқадарё вилояти қолоқ ҳудудлардан эди. Одамлар ҳар томонлама эзилган, ҳаётдан норози бўлиб яшарди. Ўша пайтда вилоят раҳбари сифатида уларнинг дардини кўп эшитганман, «қачон бу замон ўзгаради, қачон кўксимизга шамол тегади», деб куюнганларни кўп кўрганман. Мана, ўша орзу қилинган кунлар келди. Мустақиллик шарофати, ҳалқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли мамлакатимиз ҳар томонлама обод бўлиб бормоқда, одамлар ҳаётидан рози бўлиб яшамоқда. Бугунги замонавий шароитлар биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз деган эзгу мақсадимизнинг амалий ифодасидир, - деди Юртбошимиз.
Давлатимиз раҳбари қурилиш ва ободонлаштириш ишларини изчил давом эттириш, шаҳар қиёфасини янада яхшилаш, аҳолининг дам олиши учун бунданда кўпроқ қулайликлар яратиш бўйича зарур тавсиялар берди.
Президентимиз шу куни Қарши туманидаги «Шукрона» фермер хўжалиги даласига ташриф буюрди. - Фермер ва деҳқонларимиз учун масъулиятли бўлган шундай кунларда сизларнинг ёнингизга келиб, дилдан суҳбатлашиш, ҳол-аҳвол сўраш, ҳорманг, дейиш менга катта мамнуният бағишлайди, - деди Юртбошимиз.
Шаҳрисабзда ҳам кенг кўламли қурилиш- ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Оқсарой мажмуаси атрофидаги майдон кенгайтирилиб, Чорсу бозори, Кўкгумбаз, Дорут- тиловат, Дорус-саодат обидаларини боғловчи сўлим хиёбон барпо этилди.
– Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларини ҳар томонлама обод қилиш учун катта маблағ ва ресурслар ажратилган, - деди Ислом Каримов.- Шаҳарлар қиёфаси, инфратузилмаси шунга мос бўлиши керак. Мадсадимиз – аҳолимиз учун барча замонавий шароитларни яратиш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришдир. Шу билан бирга, бугун амалга ошираётган ишларимиз келажак авлодларимизга ҳам хизмат қилсин.
Президентимиз Ислом Каримовнинг Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига сафари давомидаги учрашув ва мулоқотлар, уларда билдирилган фикрлар амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини муттасил юксалтиришга хизмат қилаётганини яна бир бор намоён этди.