ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ташқи сиёсат. 2014 йил


7 февраль. Президент Ислом Каримов Сочи (Россия) шаҳрида XXII қишки Олимпия уйинларининг очилиш маросимида иштирок этди.

Ушбу Олимпия ўйинлари учун махсус қурилган «Фишт» стадионида жаҳоннинг етакчи мамлакатлари раҳбарлари иштирокида мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Олимпиада машъаласининг ёқилиши маросимнинг энг ҳаяжонли дамлари бўлди.

Президент Ислом Каримов Сочига сафа­ри доирасида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди. Музокарада Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларига доир ва томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Сочидаги тадбирлар давомида Ўзбекистон Президентининг Туркия Республикаси Бош вазири Ражаб Таййиб Эрдуғон билан ҳам учрашуви бўлиб ўтди.

25 февраль. Президент Ислом Каримовга Оқсаройда Беларусь Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, Латвия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб та­йинланган Эдгарс Бондарс, Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавкулодда ва мухтор элчиси этиб та­йинланган Найтхарт Хёфер-Виссинг, Грузиянинг мамлакатимиздаги Фавкулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Констан­тин Жгенти, Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавкулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Намик Гунер Эрпул, Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавкулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Сунь Лицзе ишонч ёрлиқларини топширди.

21 апрель. Президент Ислом Каримов Оқсаройда мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Испания Қироллигининг ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазири Хосе Мануэль Гарсиа-Маргальони қабул қилди.

Суҳбат чоғида ўзаро ҳамкорликнинг хозир­ги ҳолати ва устувор йўналишлари, халқаро ҳаёт, жумладан, Афғонистондаги вазият билан боғлиқ минтакавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон бозорида Испаниянинг «Тальго», «Максам», «Инитек энергия» каби етакчи компаниялари фаол иш юритаётгани икки томонлама самарали ҳамкорликнинг мувафақиятига мисол бўла олади.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликка оид бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

7 май. Президент Ислом Каримов Оқсаройда мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Америка Кушма Штатлари Давлат котибининг биринчиликни ўринбосари Уильям Бёрнсни қабул қилди.

Суҳбат давомида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинди. Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, хусусан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.

15 май. Самарқанд шаҳридаги Қабуллар уйида Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзуида халқаро конференциянинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Гер­мания, Франция, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Хиндистон, Сингапур, Ма­лайзия, Қувайт, Миср, Саудия Арабистони, Россия, Озарбайжон каби элликка яқин давлатдан нуфузли ташкилотлар ҳамда таълим тизими раҳбарлари, олимлар, мутахассислар, экспертлар қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ис­лом Каримов халқаро конференциянинг очи­лиш маросимида нутқ сўзлади.

20-21 май. Президент Ислом Каримов Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари буйича кенгашнинг IV саммити йиғилишида иштирок этиш учун Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрди.

Президент Ислом Каримов ва ХХР Раиси Си Цзиньпин Хитой рахбарининг Шанхай шаҳридаги қароргоҳида учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида томонлар ўзаро ҳамкорликка доир қатор масалаларни, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масаласини атрофлича муҳокама қилди. Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

Президент Ислом Каримов Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг Шанхай шахрида бўлиб ўтган IV саммитида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаганидек, бугун дунёда рўй бераётган таҳликали, беқарор сиёсий ва иқтисодий воқеалардан хавотирга тушмаган давлат, жамият бўлмаса керак. Бу, ўз навбатида, халқаро хавфсизликка ҳам таъсир ўтказмасдан қолмайди. Халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик хавфи, миллатлараро ва конфессиялараро қарама-қаршиликлар, барқарорликни издан чиқарувчи омиллар – куч ишлатиш ва зўравонлик хавфи тобора кучайиб бораётганини афсус билан қайд этмоқ лозим.

Давлатимиз раҳбари саммит қатнашчилари эътиборини муҳим масала – ишонч масаласига қаратди. Ўзбекистон раҳбари қарама-қарши томонларни муросага келтириш учун авваламбор, улар ўртасида юзага келган муаммони ҳал этишга қаратилган ўзаро хайрихоҳликка эришиш зарурлигини таъкидлади.

27-28 май. Президент Ислом Каримовни таклифига биноан Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиныш расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Кўксарой қароргоҳида олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Президентлар тор доирадаги суҳбат чоғида ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама этдилар, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Давлат раҳбарлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Кўксарой қароргоҳидаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президент Ислом Каримов ва Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньшнинг Қўшма баёноти қабул қилинди. Шунингдек, Диплома­тик паспорт эгаларининг ўзаро визасиз сафарлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, Қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида ҳамкорлик ҳақидаги меморандум, 2014 - 2016 йилларга мўлжалланган Маданий ҳамкорлик дастурига оид ҳужжатлар имзоланди.

ОАВ вакиллари билан учрашувда икки давлат раҳбарлари музокаралар ўзаро ишонч ва ишчанлик руҳида ўтганини, эришилган келишувлар Ўзбекистон – Латвия муносабатларини янада ривожлантириш ва икки мамлакат халқларининг фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

6 июнь. Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган «Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари» мавзуида Халқаро конфе­ренция ўз ишини бошлади.

Халқаро конференцияда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва молия институтлари вакиллари, дипломатик миссия раҳбарлари, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, Франция, Германия, Австрия сингари қирқдан ортиқ мамлакатдан етакчи эксперт ва ишбилармонлар иштирок этди.

Халқаро форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Кари­мов нутқ сўзлади.

6 июнь. Президент Ислом Каримов Оқсаройда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Жозе Грациану да Силвани қабул қилди.

Учрашувда озиқ-овқат таъминоти, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат экинларининг қурғокчиликка чидамли янги навлари ва дехқончиликнинг замонавий усулларини жорий этиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

13 май. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Америка Қўшма Штатлари Президентининг махсус ёрдамчиси, АҚШ миллий хавфсизлик кенгашининг Россия ва Евросиё бўйича катта директори Селест Анна Уоллендерни қабул қилди.

Мулоқот чоғида турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик айрим муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Афғонистондаги вазият, унинг минтақадаги жараёнларга таъсири, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.

16-18 июнь. Президент Ислом Каримовнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ илк давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Ташрифнинг асосий воқеалари 17 июнь куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. Дастлаб Корея Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Ислом Каримов билан Пак Кин Хэнинг тор доирадаги учрашувида икки томонлама муносабатларга доир масалалар, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

– Биз Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг мамлакатимизга илк давлат ташрифини Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлиги тарихидаги муҳим сиёсий воқеа, томонларнинг олий даражадаги анъанавий мулоқотларни давом эттиришга, дўстлик ва стра­тегик ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қатъий интилиш ифодаси, деб биламиз, - деди Ислом Каримов. - Ўзбекистон Корея Республикасига юксак даражада ривожланган, улкан иқтисодий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат сифатида қарайди.

Президентлар мулоқоти икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом этди. Томонлар савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалаларни муҳокама қилдилар.

Музокаралар якунида Президент Ислом Каримов ва Президент Пак Кин Хэ икки давлат ўртасида Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, 2014 - 2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси кредитлари тўғрисидаги ҳукуматлараро ҳадли келишув, Икки томонлама инвестициявий ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ва Корея Республикаси Экспорт-импорт банки ўртасида молиявий битим ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

ОАВ вакиллари билан учрашувда давлат раҳбарлари музокаралар самарали, ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида ўтганини, эришилган келишувлар Ўзбекистон – Жанубий Ко­рея муносабатларини янада ривожлантириш ва самарадорлигини оширишга, икки мамла­кат халқларининг фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидладилар.

18 июнь куни Президент Ислом Каримов ва Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэ Самарканд шаҳрига ташриф буюрдилар.

Олий мартабали меҳмон қадим шаҳарнинг муаззам тарихий обидалари билан танишувни Мирзо Улуғбек расадхонасидан бошлади.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарлари «Афросиёб» музейида бўлдилар. Мартаба­ли меҳмон Регистон мажмуини ҳам диққат ва ҳаяжон билан томоша қилди. Президент Пак Кин Хэ Амир Темур мақбарасини зиёрат қилиб, Сохибқироннинг сўнмас хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Шу билан Корея Республикаси Президен­ти Пак Кин Хэнинг Ўзбекистон Республикасига илк давлат ташрифи якунига етди. Олий мартабали меҳмон самимий қабул учун Президент Ислом Каримовга чуқур миннатдорлик билдирди.

10 июль. Президент Ислом Каримов Оқсаройда расмий ташриф билан мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Аҳмет Давут ўғлини қабул қилди.

Суҳбат чоғида минтақавий-гуманитар соҳадаги алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сайёҳлар алмашишни ривожлантиришдан ҳар икки томон манфаатдор экани қайд этилди. Учрашувда айрим минтақавий халқаро муаммолар, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама этилди.

30 июль. Президент Ислом Каримов Оқсаройда АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони Ллойд Остинни қабул қилди.Суҳбат чоғида турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликка оид долзарб масалалар, минтақавий ва ҳалқаро аҳамиятга молик айрим муаммолар муҳокама қилинди.

Л. Остин Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати ва бу муносабатларни ўзаро манфаатли йўналишларда ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашиш имконияти яратилгани учун миннатдорлик билдириб, Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори эканини таъкидлади.

6 август. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Тошимицу Мотэгини қабул қилди.

Япония Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий шерикларидан биридир. 2013 йил якунига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 215 миллион АҚШ долларидан ошган. Япония томонидан Ўзбекистонга киритилган молиявий-техникавий воситаларнинг умумий ҳажми 2 миллиард доллордан зиёддир.

Учрашувда энергетика, нефть-газ, кимё ва кон саноати, электротехника, автомобилсозлик ва телекоммуникация соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

19-20 август. Президент Ислом Каримов Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Пекин шаҳрига келди.

Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши саройида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими ўтказилди. Шундан сўнг Ислом Каримов ва Си Цзиньпиннинг тор доирадаги учрашуви бошланди. Унда томонлар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатларни янада ривож­лантириш билан боғлиқ кенг кўламли маса­лалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Давлат раҳбарлари музокарани Ўзбекистон ва Хитой расмий делегациялари аъзолари иштирокида давом эттирдилар.

Кенгайтирилган таркибдаги музокарада Буюк Ипак йўли тарихи билан чамбарчас боғланиб кетган узоқ тарихга эга иқтисодий ва маданий ҳамкорликни ҳозирги замон руҳи ва талаблари асосида янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси би­лан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида техникавий- иқтисодий, энергетика, юқори технологиялар, банк-молия каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди. 2014 - 2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури қабул қилинди.

ОАВ вакиллари билан учрашувда Ислом Каримов ва Си Цзиньпин бўлиб ўтган музокаралар ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорлик руҳида ўтганини, муҳокама қилинган ма­салалар бўйича томонларнинг ёндашув ва қарашлари ўхшаш ва яқинлигини таъкидладилар.

Президент Ислом Каримов давлат ташри- фининг иккинчи куни ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян билан учрашди.

Суҳбат чоғида Юртбошимизнинг ушбу ташрифи давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожланти­ришга хизмат қилиши, ўзаро стратегик ше­риклик муносабатларини изчил кенгайтиришга янги суръат бағишлаши қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти Пекин музокаралари доирасида умумий қиймати 5,2 милли­ард АҚШ долларига тенг лойиҳалар бўйича йигирмадан зиёд ҳужжат, шунингдек, 800 миллион доллар миқдорида савдо шартномалари имзолангани ва шу тариқа жами 6 мил­лиард долларлик келишувга эришилганини таъкидлади.

Учрашувда ўзаро ҳамкорлик кўламини изчил кенгайтириш учун Ўзбекистон ҳам, Хи­той ҳам юксак салоҳиятга эга экани, Прези­дент Ислом Каримовнинг давлат ташрифи бу борада янги имкониятлар очгани алоҳида таъкидланди.

Куннинг иккинчи ярмида Президент Ислом Каримов Шэньси провинциясидаги қадим Сиань шаҳрига ташриф буюрди. Сианнинг қадимий обидалари билан танишувни терракота армияси музейидан бошлади. Бу ердаги саккиз мингдан зиёд аскар, гарчи сополдан бўлса-да, ҳақиқий жанговар от-аравалари ва қурол-аслаҳалари билан ўз даврининг энг қудратли армиясини намоён этади.

Мамлакатимиз раҳбари музейнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат битди. Шундан сўнг Президент Ислом Каримов Сианда қади­мий шаҳар деворини кўздан кечирди.

Шаҳарга ташриф асносида давлатимиз раҳбари Шэньси провинцияси партия қўмитаси котиби – Халқ вакиллари кенгаши раиси Чжао Чжэнюн ва провинция ҳокими Лоу Циньцзянь билан учрашди.

Президент Ислом Каримовнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи сиёсий, иқтисодий натижалар билан бир қаторда, юксак инсонийлик ютуқлари туфайли ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихидан муҳим ўрин эгаллаши ва ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариши муқаррар.

11-12 сентябрь. Президент Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги саммитида иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари 11 сентябрь куни ШХТда кузатувчи мақомида иштирок этган Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний билан учрашди.

Президентлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни изчил ривожлантириш, савдо-иқтисодий соҳада икки томон учун ҳам манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этдилар.

Шу куни Ислом Каримов Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан учраш­ди. Давлат раҳбарлари икки томонлама ҳамкорлик ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Президент Ислом Каримов Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан ҳам музокара ўтказди. Давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасида мунтазам фикр алмашиш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд эт­дилар.

12 сентябрь куни ШХТнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Саммитда Президент Ислом Каримов нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Афғонистонда юзага келган вазият, жаҳон иқтисодиётидаги вазиятга тўхталди, шунингдек, Украинадаги муаммони бартараф этишга доир ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди.

Саммит якунида ШХТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарларининг Душанбе декларацияси, ШХТга аъзо бўлиш истагини билдирган давлатларнинг мажбуриятларига тааллуқли қарор ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

2 октябрь. Самарқанд шаҳридаги «Форумлар мажмуаси» да БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси очилди.

Ушбу халқаро форумда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари, шунингдек, АҚШ, Франция, Испания, Гер­мания, Хорватия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Хиндистон, Миср, Индонезия, Син­гапур, Таиланд каби ўнлаб мамлакатлардан мутахассислар, халқаро туризм ташкилотлари раҳбарлари, экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов сессиянинг очилиш маросимида нутқ сўзлади.

9-10 октябрь. Президент Ислом Каримов Белоруссия пойтахти Минск шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этди.

Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси­да Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди. Президентлар хавфсизликни таъминлаш, гуманитар соҳадаги алоқаларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.

Ислом Каримов ўз нутқида саммит қатнашчилари эътиборини ҳамдўстлик маконида тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш ва уни тезроқ ишга тушириш заруратига қаратиб, бу ўзаро савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш учун имкон қадар етарли шарт-шароит яратишини қайд этди.

Минскка ташриф асносида Президент Ис­лом Каримов Беларусь Республикаси Презденти Александр Лукашенко билан музокара ўтказди. Сухбат чоғида икки томонлама муносабатларни янада юқори поғонага кўтариш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.

17 октябрь. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, БМТ тараққиёт дастурининг раҳбари Ҳелен Кларкни қабул қилди.

Суҳбат чоғида сўнгги 20 йилда мамлакатимизда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда умумий қиймати 184 миллион АҚШ долларидан зиёд 211 лойиҳа амалга оширилгани қайд этилди.

БМТ Бош котибининг ўринбосари Ўзбекистоннинг иқтисодий ютуқларига, яъни мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг ўсиш даражаси кейинги 10 йил давомида йилига 8 фоиздан зиёдни ташкил этаётганига юксак баҳо берди.

Учрашувда Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигини янада ривожлантиришга доир бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

22 октябрь. Президент Ислом Каримов «Туркманистон Президенти Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедовни «Мустақиллик» ордени билан мукофотлаш тўғрисида» ги фармонга имзо чекди.

23-24 октябрь. Президент Ислом Каримов Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

Расмий кутиб олиш маросимидан кейин Президентларнинг тор доирадаги учрашув бўлиб ўтди. Давлат раҳбарларининг очиқлик ва ишонч руҳида ўтган суҳбатида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинар экан, мамлакатларимиз манфаатлари муштараклиги, икки томонда ҳам кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш учун хоҳиш ва ирода мавжудлиги, давлатларимиз бунинг учун улкан салоҳият ва имкониятларга эга экани таъкидланди.

Кенгайтирилган таркибдаги музокарада савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида Президент Ислом Каримов ва Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар. Икки мамлакат ўртасида замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси воситалари етказиб беришга, ташқи сиёсат маҳкамалари ва савдо-саноат палаталари ўртасидаги муносабатларга, эко­логия соҳасида ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди.

Саммит якунида Президент Ислом Каримов Туркманистоннинг Махтумкули номидаги халқаро мукофоти билан тақдирланди. Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг «Мустақиллик» ордени топширилди.

Куннинг иккинчи ярмида Президент Ислом Каримов «Халқ хотираси» хотира мажмуига ташриф буюриб, Иккинчи жаҳон урушида ҳамда Гўктепа жангида (1880-1881 йй.) ҳалок бўлганлар, Ашхобод зилзиласи (1948 й.) қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтириб, ёдгорлик пойига гул қўйди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Турманистонга расмий ташрифи якунига етди.

29 октябрь. Президент Ислом Каримов «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорлик­ни ривожлантириш» мавзуидаги халқаро кон­ференция иштирокчиларига табрик йўллади.

11 ноябрь. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Америка – Ўзбекистон савдо палатасининг (АЎСП) навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган АЎСП Раиси Кэролин Лэммни қабул қилди.

Учрашувда иқтисодииёт ва инвестициялар соҳасидаги ўзаро муносабатларни ривожлан­тириш истиқболлари бўйича ҳам фикр алмашилди.

21 ноябрь. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Швейцария Конфедерацияси Президенти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) амалдаги раиси Дидье Буркхальтер билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон – Швейцария муносабатларининг муҳим масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

24-25 ноябрь. Президент Ислом Каримов Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

Икки давлат раҳбарлари анъанавий дўстлик ва очиқлик руҳида ўтган музокаралар чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар­ни ривожлантиришнинг асосий масалалари, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, шунингдек, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама этдилар.

Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев Марказий Осиёда мустаҳкам тинчлик ва барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлашда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг умумий масъулиятини инобатга олган ҳолда, терроризм, экстремизм, наркотиклар ва қурол-яроғнинг ноқонуний айланиши, шунингдек, минтақавий ҳамда халқаро хавфсизликнинг бошқа хавф ва таҳдидларига қарши кўрашишда ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар.

Президентлар музокаралар чоғида иқтисодий муносабатларни изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар. Музокаралар жараёнида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолияти ҳам кўриб чиқилди.

Халқларимизнинг маънавий яқинлиги ва кўп асрлик анъанавий муносабатларига асосланган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ташриф асносида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган устувор ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбекистон Президенти Козоғистон Пре­зиденти ҳамкорлигида Остона шаҳрида очилган «Назарбоев-марказ» кўп тармоқли илмий- таҳлилий ва ижтимоий-маърифий давлат муассасасини бориб кўрди.

Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга ушбу ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги имкониятлар очади, халқларимизнинг манфаатларига хизмат қиладиган ҳамкорликнинг янги қирраларини руёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.

26 ноябрь. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари Дмитрий Козакни қабул қилди.

Ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Россия Ўзбекистоннинг бу соҳаларда муҳим шеригидир. 2013 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошган. Жорий йилнинг 9 ойида ўзаро савдо ҳажми 4,55 мил­лиард долларни ташкил этган.

Мулоқот чоғида бу кўрсаткичлар мамлакатларимизнинг мавжуд салоҳияти даражасида эмаслиги қайд этилди.

1 декабрь. Президент Ислом Каримов Оксаройда Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, жамоат хавфсизлиги вазири Го Шэнкунни қабул қилди.

Мулоқот чоғида минтакавий хавфсизликни мустаҳкамлаш борасидаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналиши – бу турли таҳдид ва хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш бўйича чора-тадбирларни янада фаоллаштиришдан иборатлиги қайд этилди.

Суҳбат чоғида кўп қиррали ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид масалалар бўйича фикр алмашилди.

2 декабрь. Президент Ислом Каримов Оқсаройда икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи раундида иштирок этиш учун Тошкентга келган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Ниша Десаи Бисвални қабул қилди.

Мулоқот чоғида халқаро масалалар, жумладан, минтақамиз ва унинг ташқарисида ҳам хавфсизликка таҳдид солаётган Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат котиби ёрдамчиси АҚШ Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистондаги вазиятни ўнглаш борасидаги саъй-ҳаракатларини, давлатимизнинг ушбу мамлакат иктисодиётини тиклашда кўрсатаётган ёрдамини юксак қадрлашини таъкидлади.

10 декабрь. Президент Ислом Каримовнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Кўксарой кароргоҳида олий мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросимидан сўнг икки давлат раҳбарлари тор доирада музокара ўтказди.

Президентлар минтақавий ва Халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Афғонистон муаммоси, шунингдек, терро­ризм, экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчиликка қарши кўрашиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

– Биз 35 йилдан буён биродаркушлик уруши давом этаётган қўшни Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратдик, - деди Ислом Каримов. - АЙСАФ тинчликпарвар кучларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши ушбу мамлакат билан чегарадош ва яқин қўшни давлатлар учун жиддий синов бўлиши ва минтақа хавфсизлиги ҳамда барқарорлигига таҳдидлар юзага келиши билан боғлиқ масалалар бўйича ёндашувларимиз бир хил бўлди.

Президентлар музокарани икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. Унда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар якунида 2015 - 2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари, молиявий талаб ва мажбуриятларни тартибга солишга оид ҳукуматлараро битимлар ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Ислом Каримов ва Владимир Путин ОАВ вакиллари билан учрашувда музокаралар очиқ ва ўзаро ишонч руҳида ўтганини, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва ҳамкорлик­ни ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилганини таъкидладилар.

15 декабрь. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Америка Қўшма Штатларининг Фавкулодда ва мухтор элчиси Жорж Кролни мамлакатимиздаги дипломатик миссияси тугаётгани муносабати билан қабул қилди.

Америкалик дипломат самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистондаги фаолияти давомида муҳим сиёсий воқеалар, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги самарали ўзгаришлар гувоҳи бўлганини таъкидлади.