16 январ. Оқсаройда Президент Ислом Каримов раислигида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Мамлакатимиз раҳбари мазкур йиғилишдан мақсад ўтган йил мобайнида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилган ишларни атрофлича таҳлил этишдан иборат эканини таъкидлади.
Болалар спорти соҳасидаги аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар фарзандларимизни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш имконини бермоқда. Бу эса жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.
- Спорт - соғлом авлод, соғлом келажак деганидир. Бинобарин, фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади, - деди Президентимиз.
13 феврал. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2009 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маъруза қилди.
Давлат раҳбарининг маърузасида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури изчил амалга оширилиши натижасида иқтисодий ўсишнинг юқори, барқарор ва мувозанатлашган суръатлари ва макроиқтисодий барқарорлик тенденсиялари мустаҳкамланаётгани, иқтисодиёт таркибини тубдан ўзгартириш, уни диверсификациялаш ва модернизация қилиш, аҳоли бандлиги ва фаравонлигини ошириш бўйича узоқ муддатли масалаларни ҳал этишда ижобий силжишлар таъминланланаётгани алоҳида таъкидланди.
2 июл. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида Наманган вилоятида бўлди.
Ислом Каримов фермерлик ҳаракатининг истиқболи ҳақида сўз юритар экан, фермерлар наинки иқтисодий, ижтимоий, балки сиёсий ҳаётимизнинг таянчига айланиб бораётганини таъкидлади.
- Фермер фаолияти фақат ғалла ёки пахта етиштириш билан чекланиб қолмаслиги керак, - деди мамлакатимиз раҳбари. - Фермер ўзи етиштирган маҳсулотни ўзи қайта ишлашни йўлга қўйиши, шу орқали қишлоққа саноатни олиб кириши ва пировардида аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши керак. Жумладан, чорвачилик сердаромад соҳалардан бири. Бу соҳани ривожлантириш, чорва маҳсулотларини қайта ишлаш орқали даромадни бир неча ҳисса орттириш мумкин. Бу нафақат ички бозор талабларини қондириш, балки мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш имконини ҳам беради.
25 август. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида Сурхондарё вилоятида бўлди. Давлат раҳбари Термиз Давлат университети янги биносига, Ҳаким Термизий меъморий мажмуасига ва “Асадбек Давлатов” фермер хўжалиги далаларига ташриф буюрди.
26 август. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” еттинчи халқаро мусиқа фестивали очилиши маросимида иштирок этди. Давлат раҳбари “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонларини қутлади ва уларга янгидан-янги ижодий ютуқлар, фестивал ишига муваффақият тилади.
28 август. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Тошкент шаҳри марказида қад ростлаган “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи билан танишди. Давлатимиз раҳбари саройнинг тархи, дизайни, ёритиш тизимини юқори баҳолади. Сарой фоесида ранглар мутаносиблигини таъминлаш, томошабинлар учун қўшимча қулайликлар яратиш, бино атрофида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини янада кенгайтириш ва такомиллаштириш юзасидан зарур тавсиялар берди.
1 сентабр. “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига бағишланган тантанали мажлис бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди.
Президентимиз тантана қатнашчиларини, бутун халқимизни Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик байрами билан қутлар экан, мустақиллик биз учун ўзлигимизни англаш, ҳуқуқий демократик давлат, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш учун улкан имкониятлар очиб берганини қайд этди. Миллий давлатчилигимиз тарихида ва ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда пойтахтимиз алоҳида ўринга ва беқиёс аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг 2009 йил 20 августдаги фармонига биноан, юртимизда миллий давлатчиликни шакллантириш, мустақил ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, давлатлараро ҳамкорлик, халқлар ўртасидаги дўстлик муносабатларини ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси, эзгу анъаналарни сақлаш, маданий, маънавий-маърифий ҳаётимизни юксалтириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги улкан хизматлари учун ҳамда 2200 йиллик юбилейи муносабати билан Тошкент шаҳри «Мустақиллик» ордени билан мукофотланди.
Президентимиз Ислом Каримов ушбу юксак мукофот - “Мустақиллик” орденини топширди.
16 октабр. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ишлари, кенг қамровли ўзгаришлар билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятига ташриф буюрди. Президентимиз Фарғона шаҳрида барпо этилган Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиалининг янги биносини бориб кўрди. Президентимиз Охунбобоев туманидаги “Шерзодбек” фермер хўжалигида бўлиб, фермерлар билан қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, пахтачилик соҳасида эришилаётган ютуқлар, қишлоқ аҳолисининг турмуши ҳақида суҳбатлашди. Давлатимиз раҳбари Қўқон шаҳрида янги барпо этилган Деҳқон бозорини кўздан кечирди, Ўрдада бўлиб, бу ерда амалга оширилган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.