9 январь. Эркин демократик сайлов натижасида Ислом Абдуғаниевич Каримов 2000-2005 йилларга Ўзбекистон Республикаси Президенти қилиб сайланди.
22 январь. Тошкентда иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил декабрда сайланган Олий Мажлиси ўз ишини бошлади.
Парламент биринчи сессиясининг биринчи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди.
Марказий сайлов комиссияси раиси Н.Комилов Олий Мажлисга сайлов якунлари ҳақидаги ахборот билан сўзга чиқди. У сайланган депутатларни қизғин табриклади ва уларнинг қонунчилик фаолиятларида муваффақиятлар тилади.
5 июнь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов "Экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" Фармон чиқарди.
21 июнь. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил биринчи ярмида Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва иқтисодий ислоҳотларнинг боришига бағишланган мажлиси бўлди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жоқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг раислари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, вазирликлар, қўмиталар, корпорациялар, консернлар, компаниялар, уюшмалар ва муассасаларнинг раҳбарлари қатнашдилар.
Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.
Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, иқтисодий ислоҳотларнинг боришида сезиларли ўзгаришлар рўй берганлиги таъкидланди. Жумладан, макроиқтисодий ва молиявий соҳаларда барқарорлашув, муттасил иқтисодий ўсиш кузатилди. Ўтган давр мобайнида саноат ишлаб чиқариш ҳажми 6,2 фоиз, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари тайёрлаш 7,1 фоиз кўпайди. Пул қадрсизланишининг ўртача ойлик даражаси 1,5 фоизни ташкил этди. Давлат бюджети 9,8 миллиард сўм ортиғи билан бажарилди. Экспорт ҳажми бирмунча ошди, ташқи савдо балансида 162 млн АҚШ доллари ҳажмида ижобий салдога эришилди.
30-31 август. Тошкентда иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг учинчи сессияси бўлди. Сессия ишининг биринчи куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маъруза қилиб, Ўзбекистоннинг айрим чегара участкаларида халқаро тўдалар қилган террорчилик ҳаракатлари билан боғлиқ бўлган вазиятни чуқур ва атрофлича таҳлил этди.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси номидан Ўзбекистон фуқароларига, барча мамлакатларнинг парламентларига, жаҳон ҳамжамиятининг тараққийпарвар кучларига мурожаатнома қабул қилдилар.
Олий Мажлис "Жалолиддин Мангуберди" орденини таъсис этиш тўғрисидаги Қонунни қабул қилди, 2000 йилнинг биринчи ярмида давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқуллади, "Бюджет тизими тўғрисида"ги Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади ва уни умумхалқ муҳокамасига қўйишга қарор қилди.
6 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти "Террорчи гуруҳлар таркибига янглишиб кириб қолган Ўзбекистон фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисида" Фармон чиқарди.
14 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2000 йил 30 августда қабул қилган "Жалолиддин Мангуберди орденини таъсис этиш тўғрисида"ги Қонуни, шунингдек, орден тўғрисидаги Низом ва Жалолиддин Мангуберди орденининг тавсифи эълон қилинди.
7 декабрь. Тошкентдаги "Туркистон" саройида Ўзбекистон Конституциясининг саккиз йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.
7 декабрь. Оқсарой қароргоҳида мамлакатимиз мустақиллигининг тўққиз йиллиги шарафига орден ва медаллар билан мукофотланган, фахрий унвонлар билан тақдирланган ватандошларимизнинг катта бир гуруҳига Ватан мукофотларини тантанали топшириш маросими бўлди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.
14-15 декабрь. Тошкентда иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Парламент ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов қатнашди ва нутқ сўзлади.