ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Иқтисодиёт. 1999 йил


Январ. Ангренда "Ангрен" кўмир ҳавзасининг "Навгарзон" участкасида қурилган янги шахта кўмир қазиб чиқара бошлади.

Январ. Наманган вилоятининг Косонсой шаҳрида "Косонсой-текмен" ўзбек-турк тўқимачилик қўшма корхонаси қурилиши ниҳоясига етди. Корхонада қўй жуни қайта ишланади, ундан жунли камвол газмоллар, адёллар, шунингдек, трикотаж калаваси ва гилам тўқиш учун хом ашё ишлаб чиқарилади. Тайёр маҳсулотнинг дастлабки тажриба намуналари - костюмбоп газлама ва палто тикиш учун анча қалин драп матоси ишлаб чиқарилади.


17 феврал. Гамбургда Ўзбекистон иқтисодиёт кунлари бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси В.Голишев бошчилигидаги делегация вакиллари иштирок этди.

23 феврал. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг Республика савдо-кўргазма маркази "Ўзекспомарказ" Халқаро маркетинг ва сифат ассоциациясининг олий мукофоти "Халқаро олтин ва кумуш сифат соврини - 1999"га сазовор бўлди. Кўплаб хорижий шериклар билан самарали муносабатларни йўлга қўйишда кўрсатган ёрдами, зиммасига олган мажбуриятларини сифатли ижро этгани ва олий даражада кўргазма хизмати кўрсатганлиги учун "Ўзекспомарказ" ана шундай мукофот билан тақдирланди.

11 март. Тошкентда Халқаро "Соғлом авлод учун" меҳр-мурувват жамғармасида Ўзбекистонга Япония ҳукумати томонидан берилган икки грант-шартномани имзолаш маросими бўлди. Уларни Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Коичи Обата имзолади ва олувчиларга тақдим этди. 69 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант Наманган вилоятидаги "Чортоқ" болалар сиҳатгоҳига берилди. 60 минг АҚШ доллари миқдоридаги иккинчи грант Оҳангарон ўрмон хўжалигида дарахт кўчатлари ўтқазиш учун халқаро ноҳукумат "Екоўрмон" жамиятига ажратилди.

23 март. Пойтахт "Ўзекспомарказ"ида ўзбек товар ишлаб чиқарувчиларнинг экспортга мўлжалланган товарларининг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кўргазма-тақдимоти бўлди. Кўргазмада мамлакатнинг барча қисмларидан юздан ортиқ корхона ўз маҳсулотларини намойиш этди.

Март. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Найманча қишлоғида қанд ишлаб чиқарувчи мини-завод ишга туширилди. У йилига 600 тонна маҳсулот ишлаб чиқаради.

Март. Андижонда тозаланган пахта ёғи ишлаб чиқарадиган "Андижон Фларуа, Ойл Компани" Ўзбекистон-Америка-Белгия қўшма корхонаси ишга туширилди. Янги корхонада Германия "Киркфелд" компаниясининг ишлаб чиқариш линияси ўрнатилган бўлиб, у йилига 12,4 минг тонна ёғ ишлаб чиқаради.

2 апрел. Янги халқаро Тошкент-Киев-Ню-Ёрк ҳаво йўли бўйича "Боинг"нинг биринчи парвози бўлиб ўтди. Бу ҳаво йўлига "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ва "Украина авиалиниялари" авикомпаниялари хизмат кўрсата бошлади.

5 апрел. Андижон лак ва қурилиш бўёқлари ишлаб чиқарадиган "ЎзДонгжу Пейнт компани" Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

17 апрел. Ангренда каолинни бойитиш бўйича "Каолин" ўзбек-герман қўшма корхонаси ишга туширилди.

20 апрел. Тошкентда "Чехия республикаси - сизнинг савдо ҳамкорингиз" кўргазмаси очилди. Бу ерда Чехиянинг автомобилсизлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, машинасозлик саноати ва бошқа соҳалари корхоналари, шунингдек, Ўзбекистон-Чехия қўшма корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг намуналари намойиш этилди.

11 май. Тошкентда "Осиё - Европа транспорт кўпригини ривожлантириш муаммолари" мавзуида Халқаро конференсия ўз ишини бошлади. Конференсияда транспорт-коммуникация-божхона маъмуриятлари бошлиқлари, Осиё ва Европанинг 20 дан ортиқ давлатлари йирик бизнес вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлари иштирок этди.

Конференсия доирасида Ўзбекистон транспорт мажмуининг ҳозирги ҳолатини акс эттирувчи кўргазма ташкил этилди. Унинг мақсади транспорт йўллари ва халқаро савдони ривожлантиришга қўшимча инвестициялар жалб қилишдан иборат эди.

Конференсия якунида иштирокчилар умумий муаммоларни муҳокама қилиш натижалари ҳақидаги Меморандумни, шунингдек, Евро-Осиё қитъасидаги барча мамлакатларга транспорт сиёсатини ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилувчи тавсияларни имзоладилар.

11-16 сентябр. Тошкентда биринчи Халқаро матбаа кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада Россия, АҚШ, Германия, Голландия, Финляндия, Швейцария, Италия, Белгия, Австрия, Япония, Англия каби мамлакатларнинг матбаа соҳасидаги ютуқлари намойиш этилди.

Кўргазма доирасида Ўзбекистон матбаа тармоғини ривожлантириш тамойиллари ва истиқболларига бағишланган махсус анжуман ўтказилди, иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик йўллари ва шарт-шароитлари кўриб чиқилди.

21-25 октябр. Тошкентда "ЕКСПО Италия-99" кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Италиянинг 120 дан ортиқ фирмалари ўз маҳсулотларини Ўзбекистонда биринчи марта намойиш қилди.

Октябр. Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида янги пахта тозалаш заводи ишга туширилди.

1 декабр. Тошкентда "КабулЎзбек К" Ўзбекистон-Жанубий Корея тўқимачилик қўшма корхонаси ишлаб чиқариш мажмуининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов қатнашди.

Декабр. Франкфурт-на-Майнда (ГФР) ўзбек-герман иқтисодий симпозиуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси В.Голишев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ва ГФР етакчи компаниялари, молия муассасалари, вазирликлари ва идораларининг 200 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Симпозиумни ўтказиш дастури доирасида ўзбек-герман иқтисодий анжуманининг биринчи кенгайтирилган мажлиси бўлди, унда "Сименс", "Тиссен-Крупп", "Даймлер-Крайсерлер" немис компаниялари ва Германиянинг бир қатор банклари иштирок этди.