ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ташқи сиёсат. 2016 йил


5 март. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Германия Федератив Республикаси федерал ташқи ишлар вазири, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси Франк-Вальтер Штайнмайерни қабул қилди.

Мамлакатимиз идтисодиётига кейинги 15 йилда Германиянинг 784 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри инвестициялари ва кредитлари жалб этилган. «MAN» концерни билан ҳамкорликда Самарқандда замонавий завод барпо этилган. Шунингдек, «CLAAS» кон­церни билан ҳамкорликда замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилмоқда.

Учрашувда Ўзбекистон – Германия ҳамкорлигига доир маданий-гуманитар алоқаларни изчил ривожлантириш, таълимга оид қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик айрим масалалар муҳокама қилинди.

14 апрель. Президент Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат­лар Хавфсизлик кенгашлари раҳбарлари, шу­нингдек, ШҲТ Бош котиби ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори билан учрашди.

Давлатимиз раҳбари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ҳудудида терроризм, экстремизм ва сепаратизм кўринишлари, шунингдек, бошқа таҳдид ва хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш борасида муҳим қарорлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳам алоҳида ўрин тутаётганини таъкидлади.

Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Рос­сия ва Тожикистон делегациялари раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг Тошкентда ўтказилган ўн биринчи йиғилишида муҳокама қилинган масала­лар юзасидан фикр билдирди, самимий қабул учун Президентимизга миннатдорлик изҳор этди.

14-15 апрель. Президент Ислом Каримовнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев амалий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг турли соҳалардаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Музокарада савдо-иқтисодий, сармоявий ва минтақавий ҳамкорликни янада ривожланти­риш масалалари муҳокама қилинди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб, 2015 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил қилган.

Учрашувда ижтимоий соҳадаги алоқаларни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Очиқ ва дўстона руҳда ўтган музокарада ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди.

25-26 апрель. Президент Ислом Каримов Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

25 апрель куни Ислом Каримов ва Влади­мир Путиннинг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Президентларнинг самимий ва сермазмун суҳбати узоқ давом этди. Томонлар Ўзбекистон – Россия муносабатлари, жаҳоннинг турли минтақаларида содир бўлаётган воқеалар хусусида атрофлича фикр алмашдилар.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 26 апрель куни Кремлда бўлиб ўтди. Давлат раҳбарларининг учрашувида сиёсий, савдо-иқдисодий, инвестициявий, ҳарбий-техникавий, маданий- гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик­ни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Ислом Каримов ушбу ташриф ўзаро алоқалар ривожига янги суръат бағишлашини, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик дол­зарб масалалар юзасидан ҳар томонлама фикр алмашиш учун қулай имконият эканини алоҳида таъкидлади.

Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Афғонистон муаммоси, терроризм, экстре­мизм, наркотрафик, уюшган жиноятчиликка қapши кўрашиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, маданият, илм-фан, таълим, спорт ва туризм соҳалари бўйича ўзаро алоқаларни кенгайтириш масалалари юзасидан ҳам фикрлашиб олинди.

Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида маданий-гуманитар, ташқи сиёсат, олий таълим, жисмоний тарбия ва спорт каби қатор соҳаларда ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Россияга рас­мий ташрифи якунига етди. Ушбу музокараларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари ва истиқболлари белгилаб олинди.

18 май. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Болгария Республикаси Бош вазири Бойко Борисовни қабул қилди.

Ўзбекистон Болгарияни анъанавий ва ишончли иқтисодий ҳамкор деб билади, ўзбек ва болгар халқлари узоқ йиллик дўстлик алоқаларига эга.

Учрашувда иктисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари – саноат, транспорт коммуникациялари, туризм, шунингдек, замонавий қўшма саноат корхоналарини ташкил этишнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

20 май. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Анни қабул қилди.

Учрашув чоғида нефть-газ соҳаси, транс­порт инфратузилмаси, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича истиқболли инвестициявий лойиҳаларни биргаликда тайёрлаш ва амалга оширишга доир масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Томонлар кимё, озик-овқат, фарма­цевтика, машинасозлик саноати ва бошқа соҳаларда янги корхоналар ташкил этиш, Ўзбекистонда давлат корхоналари ва активларини хусусийлаштириш жараёнида Жанубий кореялик инвесторлар иштирокини кенгайтириш масалаларини ҳам кўриб чиқдилар.

23 май. Президент Ислом Каримов Оқсаройда мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван Ини қабул қилди.

Учрашувда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга бўлажак давлат ташрифи ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришда муҳим босқич бўлиши таъкидланди. 2015 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,1 миллиард АҚШ долларини, Ўзбекистонга жалб этилган Хитой инвестицияси ҳажми 6,5 миллиард долларни ташкил этган.

Мулоқотда Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида бўлиб ўтадиган тадбирларда Хитойнинг иштироки ва Ўзбекистон – Хитой ўзаро ҳамкорлигига доир бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.

24 май. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Россия Федерацияси ташқи ишлар ва­зири Сергей Лавровни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп томонлама ҳамҳкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи, халқаро сиёсатга доир долзарб масалалар муҳокама этилди.

Томонлар 2015 - 2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид битим доирасида рақобатбардош ва харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги инвестициявий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдан манфаатдор экани таъкидланди.

14 июнь. Президент Ислом Каримов Оқсаройда АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Во­телни қабул қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, аввало, ўзаро манфаатга, жумладан, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга асослангани таъкидланди.

Учрашувда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар, жумладан, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш масалалари муҳокама этилди.

21-22 июнь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Хитой Халқ, Республикаси Раиси Си Цзиньпин давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Кўксарой кароргоҳида ХХР Раисини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ислом Каримов ва Си Цзиньпин шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Хитойнинг давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Ислом Каримов ва Си Цзиньпиннинг тор доирадаги суҳбатида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Музокарада сиёсий мулоқотларни изчил давом эттириш, савдо, саноат, иқтисодиёт, энергетика, фан-таълим, маданият каби соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди. Минтақамизда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, халқаро таҳдид ва хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда савдо-иктисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий, энерге­тика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишга оид масалалар муҳокама қилинди.

Кўксарой қароргоҳидаги музокаралар якунида Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг қўшма баёнотини имзоладилар. Шунингдек, икки давлат ҳукуматлари ва идоралари ўртасида техникавий-иқтисодий, инвестициявий, савдо ва нефть-газ соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ин­теллектуал мулк ҳуқуқини муҳофаза қилишга оид ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Икки давлат раҳбарлари оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар ўзаро ишонч ва ишчанлик руҳида ўтганини таъкидладилар.

Куннинг иккинчи ярмида Ислом Каримов ва Си Цзиньпин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюрдилар. Хитой Раиси ва Ўзбекистон Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида нутқ сўзладилар.

Давлат раҳбарлари Мустақиллик майдонига ташриф буюрдилар. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

22 июнь. Президент Ислом Каримов мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинь­пин билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида бўлиб, депутатлар ва сенаторлар билан учрашди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур учрашувда сўзлаган нутқи 30 июнь куни матбуотда эълон қилинди.

22 июнь. Пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ»да Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик ва истиқболи лойиҳаси ижроси – Ан­грен – Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннелининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Президент Ис­лом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари мазкур ғоят улкан лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон учун катта ютуқ, муҳим ва унитилмас тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади.

Қурилиш давомида Ўзбекистон ва Хитой қурувчилари, муҳандислари, мутахассислари аҳил ҳамкорликда меҳнат қилиб, юксак касб маҳоратини намоён этди. — Ушбу иншоот энг юксак халқаро нормаларга жавоб беради ва жаҳон амалиётида ноёб лойиҳадир, - деди Президентимиз.

Президент Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўл тизимида ҳаракатланадиган «Ўзбекистон» йўловчи поездининг Қамчиқ туннелидан ўтишига рухсат берувчи семафорни ёқиш учун махсус тугмани босдилар.

Маросимда Хитой Халқ Республикаси Ра­иси Си Цзиньпин мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорли­гининг улкан самараси, халқларимиз ўртасидаги яқин дўстликнинг яна бир ёрқин намунаси эканини таъкидлади.

23 июнь. Президент Ислом Каримов Кўксарой қароргоҳида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон Республикаси Пре­зиденти Имомали Раҳмон, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди би­лан учрашувлар ўтказди.

Ислом Каримов Владимир Путин билан мулоқот чоғида ушбу учрашув Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ўзаро ва кўп томонлама ҳамкорликнинг мантиқий давоми, мамлакатларимиз стратегик шерикликни ривожлантириш йўлидан бораётганининг яққол намоёни эканини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги барча соҳада изчил ривожланиб бораётгани, 2015 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4,4 мил­лиард АҚШ долларидан ошгани қайд этилди.  

Ислом Каримов Туркманистон Президенти билан суҳбатда унинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган ҳамкорликнинг яна бир ифодаси эканини қайд этди.

Гурбангули Бердимуҳамедов ШҲТ саммитига таклифи учун Ислом Каримовга самимий миннатдорлик изҳор этди. Туркманис­тон Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан учрашувда ўзбек ва тожик халқларини азалий дўстлик ва қўшничилик ришталари, маданият ва анъаналар уйғунлиги боғлаб туриши таъкидланди.

Имомали Раҳмон Тожикистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни юксак қадрлашини, ушбу учрашув ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш учун яхши имконият бўлганини таъкидлади. Мазмунли учрашув учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди.

Ислом Каримов Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан суҳбатда ушбу учрашув олий даражадаги сиёсий мулоқотларнинг мантиқий давоми, эришилган келишувлар ижросини муҳокама қилиш ва ҳамкорликнинг истиқболларини белгилаб олиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.

Президентимиз Ўзбекистон Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо давлат бўлишга интилишини қўллаб-қувватлашини, бу ташкилотнинг нуфузини янада ошириши ҳамда минтақа халқлари тинчлиги ва фаровонлигига хизмат қилишини қайд этди.

23 июнь. «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент сам­мити иштирокчилари учун концерт дастури намойиш қилинди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти учун бундай тадбирларнинг ўтказилиши анъанага айланган.

Соат 18.00. Залга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Кирғизистон Республикаси Пре­зиденти Алмазбек Атамбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожи­кистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Мўғулистон Пре­зиденти Цахиагийн Элбэгдорж, Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Хусайн, Ҳиндистон Республикаси Бош вази­ри Нарендра Моди, Туркманистон Президен­ти Гурбангули Бердимуҳамедов, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов кириб келадилар.

Йиғилганлар олий мартабали меҳмонларни гулдурос қарсаклар билан кутиб олдилар.

Олий мартабали меҳмонлар эътиборига ўзбек халқининг миллий ашула ва рақслари, шунингдек, жаҳон опера санъатининг энг сара асарларидан намуналар ҳавола этилди.

Ижро этилган ҳар бир куй-қўшиқда инсонга меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, миллий ва умумбашарий қадриятларга эҳтиром юксак пардаларда тараннум этилди. Концерт ниҳоясида «Жон Ўзбекистон» композицияси янгради.

23-24 июнь. Кўксаройда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши­нинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Маж­лис Ўзбекистон Республикаси раислигида ўтди.

ШҲТ саммити ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви би­лан бошланди. Ўзбекистон Республикаси Пре­зиденти Ислом Каримов раислигида ўтган учрашувда Қозоғистон Республикаси Прези­денти Нурсултон Назарбоев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбо­ев, Россия Федерацияси Президенти Влади­мир Путин, Тожикистон Республикаси Пре­зиденти Имомали Раҳмон иштирок этди.

Мажлисда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, терро­ризм, диний экстремизм ва сепаратизмга қарши кўрашиш, ШҲТ фаолиятини кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига учинчи маротаба раислик қилмоқда.

Мамлакатимиз ШҲТга 2003-2004 ҳамда 2009-2010 йилларда раислик қилган.

Давлат раҳбарлари ШҲТнинг 15 йиллик фаолияти асосий натижаларини кўриб чиқдилар. Ташкилот нуфузли ва аҳамиятли тузилма сифатида халқаро майдонда мустаҳкам ўрин эгаллагани алоҳида таъкидланди.

Мажлисда халқаро терроризм, экстремизм ва унинг бошқа кўринишлари бугунги кунда дунёнинг барча мамлакатлари учун бирдек хавф солаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу таҳдидларга фақат ҳамкорликда, жаҳон ҳамжамияти ҳаракатларини бирлаштириш орқали қарши курашиш мумкинлиги қайд этилди.

ШҲТ Хартияси қоидалари ва бошқа ҳужжатларига мувофиқ терроризм, сепаратизм ва экстремизмга, наркотик моддаларнинг ноқо­нуний айланиши, қурол-яроғ, ўқ-дори ва портловчи моддалар билан ноқонуний савдо, оммавий қирғин қуроллари ва уларни етказиб бериш воситалари тарқалишига қарши биргаликда курашиш ШҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор вазифаларидан бири экани таъкидланди.

Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида кузатувчи мақомидаги мамлакатлар делегациялари раҳбарлари – Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Мўғулистон Республикаси Президенти Цахиагийн Элбэгдорж, Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар ва­зири Муҳаммад Зариф, саммит меҳмони – Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам иштирок этди.

Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзолангани Тошкент саммитининг муҳим воқеаларидан бўлди.

Давлат раҳбарлари Озарбайжон Республикаси, Арманистон Республикаси, Камбоджа Қироллиги ва Непалга ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари мақомини бериш тўғрисидаги меморандум имзоланишини маъқулладилар.

Музокаралар якунида ШҲТ ўн беш йиллигининг Тошкент декларацияси, ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2016–2020 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасини таслиқлаш тўғрисидаги қарор, ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш дастури ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислик давридаги фаолиятига юксак баҳо берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов оммавий ахборот воситала­ри вакиллари билан учрашувда мажлис ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида, ишчан кайфиятда ўтганини, эришилган келишувлар ШҲТга аъзо ва кўзатувчи давлатлар манфаатларига хизмат қилишини таъкидлади.

24 июнь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур учрашувда сўзлаган маърузаси 28 июнь куни матбуотда эълон қилинди.

24 июнь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича оммавий ахборот во­ситалари учун уюштирилган брифингда нутқ сўзлади.

Юртбошимизнинг мазкур брифингда сўз­лаган маърузаси 1 июль куни матбуотда эълон қилинди.

24 июнь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовь Кўксаройда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев, Покистон Ис­лом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн, Мўғулистон Республикаси Президенти Цахиагийн Элбегдорж билан учрашувлар ўтказди.

Ислом Каримов Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан учрашувда унинг юртимизга илк ташрифи мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги босқичга кўтаришга хизмат қилишини таъкидлади.

Ўзбекистон ҳамиша «Қўшнинг тинч – сен тинч», деган ҳикматга амал қилиб, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, унинг иқтисодиётни тиклаш тарафдори бўлиб келмоқда. Мам­лакатимиз Афғонистонга электр энергияси. мева-сабзавотлар, нефть маҳсулотлари, мине­рал уғитлар экспорт қилиб келади.

Учрашувда ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Президентимиз Ислом Каримов билан Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев учрашувида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон минтақада тинчлик, барқарорликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли бун­га яққол мисолдир. Ушбу замонавий транс­порт йўлаги мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг янада кенгайишида муҳим аҳамият касб этади.

Алмазбек Атамбоев самимий учрашув учун давлатимиз раҳбари Ислом Каримовга миннатдорлик билдириб, ШҲТ саммити ўрнак оладиган даражада юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлади. Қирғизистон Ўзбекистон билан яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга интилишини қайд этди.

Ислом Каримов Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн билан мулоқотда унинг юртимизга илк ташрифини мамлакатларимиз ҳамкорлиги ривожида муҳим воқеа, деб билишини таъкидлади.

Покистон Ўзбекистонга яқин қўшни, улкан иқтисодий салоҳиятга эга давлат. Мамлакатларимиз ҳамкорлиги минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат сифатида қабул қилинишини қўллаб- қувватлаб, ташкилотга раислиги даврида бу масалага алоҳида эътибор қаратди. Бу борада Харакат дастурини ишлаб чиқди ва амалга оширди. Саммит доирасида ШҲТда аъзо давлат мақомини олиш мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланиши унинг амалий натижаси бўлди.

Мамнун Ҳусайн ўзбекона меҳмондўстлик ва мазмунли суҳбат учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Покистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Президентимиз Ислом Каримов Мўғулистон Республикаси Президенти Цахиагийн Элбегдорж билан учрашувда унинг мамлакатимизга ташрифи ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришга кенг йўл очишини таъкид­лади.

Ўзбекистон ва Мўғулистонда ҳамкорлик­ни ривожлантириш учун имкониятлар кўп. Турли соҳаларни ўрганиш, фойдаланилмаётган ресурсларни ишга солиш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатига хизмат қилади.

Мўғулистон Президенти самимий учрашув учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдириб, ШҲТ саммити юксак савияда таш­кил этилганини қайд этди. Мўғулистон мамлакатимиз билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъ­кидлади.

24 июнь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин атоқли рус шоири Александр Сергеевич Пушкин ҳайкали қад ростлаган майдонга ташриф буюрдилар.

Икки давлат раҳбарлари Пушкин ҳайкали пойига гулчамбар қўйдилар.

Россия Федерацияси Президенти Ўзбекистонда жаҳон адабиётининг буюк намояндалари қатори Александр Сергеевич Пушкин ижоди, адабий мероси юксак қадрланиши, шоир хотирасига бунёд этилган ёдгорлик халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик муносабатларининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади.

Владимир Путин Ўзбекистонга ташрифи ғоят самарали бўлганини алоҳида таъкидлаб, самарали музокаралар учун Президентимиз Ислом Каримовга самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги даврида ташкилот фаолиятини янада фаоллаштириш бўйича мамлакатимиз амалга оширган ишларга юк­сак баҳо берди. Ишчанлик руҳида ўтган Тошкент саммити ШҲТ давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, уни янги мазмун билан бойитишга хизмат қилишини алоҳида қайд этди.

Тошкент халқаро аэропортида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кузатиб қўйди.

29 июнь. Президент Ислом Каримовга Оқсаройда Польша Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Петр Ивашкевич, Венгрия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Петер Санто, Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Ерик Утембаев, Тожикистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб та­йинланган Содиқ Имомий, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Квон Ён У ва Афғонистан Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Сайид Шаҳобиддин Темурий ишонч ёрлиқларини топширди.

15 июль. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (AIBA) президенти Чинг-Куо Вуни қабул қилди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда ҳаваскор боксни ривожлантириш, мамлакатимизнинг AIBA билан самарали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.

Учрашувда Ўзбекистон Президентига спорт ва олимпия ҳаракатини ривожланти­риш ҳамда оммалаштириш йўлидаги улкан хизматлари учун, шунингдек, боксни халқаро ва миллий даражада ривожлантириш борасидаги фидокорона меҳнати эътирофи сифатида АIВАнинг юксак мукофоти – «Хизматла­ри учун» ордени топширилди.

17 август. Президент Ислом Каримов Оқсаройда Корея Республикаси давлат бошқаруви ва ички ишлар вазири Хон Юн Сукни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни мамлакатимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон Корея Республикаси билан стратегик шериклик муносабатларини юксак қадрлаши ва бу муносабатларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратишини қайд этди.

Хон Юн Сук самимий қабул учун Президентимизга миннатдорлик билдириб, Корея Ўзбекистон билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.