ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Иқтисодиёт. 2014 йил


17 январь. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Мадкамасининг 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Президент Ислом Каримов маъруза қилди. Ушбу нутқ «2014 йил юқори ўсиш суръатлари билан ривожланиш, барча мавжуд имкониятларни сафарбар этиш, ўзини оқлаган ислоҳотлар стратегиясини изчил давом эттириш йили бўлади» сарлавҳаси билан матбуотда чоп этилди.

17 январь. Президент Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг «2013 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисида» ги қарорига имзо чекди.

15 апрель. Президент Ислом Каримов «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорга имзо чекди.

25 апрель. Президент Ислом Каримов Қорақалпоғистон Республикасида бунёд этилаётган Устюрт газ-кимё мажмуасига ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишди.

– Бундай йирик ва муҳим лойиҳани Ко­рея Республикаси билан ҳамкорликда амалга ошираётганимиз бежиз эмас, - деди давлатимиз раҳбари. - Ўзбекистон Корея Республикасига улкан иқтисодий, индустриал ва ин­теллектуал салоҳиятга эга ривожланган давлат сифатида қарайди. Мамлакатларимиз ўртасида қарор топган мустаҳкам ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни юксак қадрлайди.

Сурғил кони негизида бунёд этилаётган Устюрт газ-кимё мажмуаси Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигининг юксак намунасидир. Ушбу Лойиҳанинг умумий қиймати 3,9 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади. Унинг амалга оширилиши йилига 4,5 миллиард куб. метр табиий газни қайта ишлаш ҳисобидан 3,7 миллиард куб. метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиролиз бензини ва бошқа қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.

Давлатимиз раҳбари бу ерда меҳнат қилаётган ишчи ва мутахассислар билан суҳбатлашди. - Меҳнатсеварлик, самимийлик, бағрикенглик каби фазилатлар ўзбек ва корейс халқларига бирдек хос, - деди Юртбошимиз.

Мажмуа қурилишида 6 минг 400 га яқин киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг 3 минг 500 дан зиёди юртимиз мутахассислари бўлиб, аксарияти ёшлардир.

6 май. Президент Ислом Каримов «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини тасдиқлади.

15 май. Президент Ислом Каримов «Қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналарини бошқаришни янада такомиллаштириш ва молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорга имзо чекди.

26-27 июнь. Президент Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари ташрифни Фарғона халқаро аэропортида қурилган янги бино фаолияти билан танишувдан бошлади. Президентимиз ушбу бинони кўздан кечирар экан, уни янада кўркамлаштириш, йўловчиларга қулайлик яратиш бўйича кўрсатма берди.

Президент Ислом Каримов вилоят марказида қуриб битказилган минг ўринли Санъат саройи ва бу ерда томошабинлар учун яратилган шарт-шароитлар билан қизиқди. Са­рой атрофидаги 40 гектар майдонга 10 минг туп манзарали дарахт экилиб, сўлим хиёбон барпо этилган. Мусиқали фавворалар иқлим мўтадиллигини таъминламоқда. Санъат саройига туташ ҳудудда муҳташам спорт кошонаси – Сув спорти мажмуаси бунёд этилган.

Президентимиз бу ерда машғулот ўтаётган болалар билан суҳбатлашди. Уларнинг ўқиши, келажакдаги режалари билан қизиқди, уларга спорт анжомлари совға қилди.

Давлатимиз раҳбари Фарғона шаҳрида бун­ёд этилган 20 минг ўринли стадионни бориб кўрди. Президентимиз стадионда спортчилар, томошабинлар учун қулай шарт-шароит яра­тиш, ёш спортчилар, хусусан, футболчилар тарбиялашга эътиборни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Президент Ислом Каримов Фарғона вилоятига сафарининг иккинчи куни Қува туманидаги «Роҳатой» фермер хўжалиги далаларига ташриф буюрди. Бу ерда фермерлар ва қишлоқ, хўжалиги мутахассислари билан мулоқотда фермерлик ҳаракатининг самаралари, уни янада ривожлантириш истиқболлари ҳақида тўхталди. Бу ҳақда гапирар экан, фермерлар қишлоқ хўжалиги соҳасининг ҳал қилувчи кучи бўлиши лозимлигини таъкид­лади.

– Хар бир инсон ўзига оилам мендан розими, дея савол бериб туриши керак. Чунки, бахтнинг асосий омили, бу – оила. Оилалар бахтли бўлса, жамият ҳам бахтли бўлади, - деди Юртбошимиз.

16 июль. Президент Ислом Каримов давлатга дон тайёрлаш бўйича шартнома режасини муваффақиятли адо этган Ўзбекистон ғаллакорларига табрик йўллади.

29 август. Президент Ислом Каримов Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Дастлаб Шайхонтоҳур туманининг Абдулла Қодирий ва Лабзак кўчалари кесишган чорраҳада барпо этилган янги замонавий кўприкни бориб кўрди.

Давлатимиз раҳбари бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, улар юксак маҳорат, чуқур билим, юқори технологиялар асосида амалга оширилганини алоҳида қайд этди.

Юртбошимиз Абдулла Қодирий ва Себзор кўчалари кесишадиган майдонда бўлиб, бу ерда бунёд этиладиган йўл ўтказгич лойиҳаси билан танишди.

Давлатимиз раҳбари Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида қурилган янги йўлни ҳам бориб кўрди.

Президентимиз бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишар экан, йўлсоз ва қурувчиларнинг меҳнатига юқори баҳо берди.

– Эски шаҳар аҳолиси асрлар давомида шундай қийин шароитларда яшаб келган, бу муаммони ҳеч ким уйламаган, - деди Ислом Каримов. - Бу масалани атрофлича ўрганиб, Эски шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, бу ерда янги йўллар, кўприклар, замонавий уйлар, коммуникация тармоқлари барпо этилади. Бу ишларимизнинг дастлабки самарасини ҳалқимиз кўриб турибди. Ушбу янги йўл аҳоли учун катта қулайлик яратиш билан бирга, Эски шаҳарни ҳамма ҳавас қиладиган замонавий шаҳарга айлантириш борасидаги ишларга кенг йўл очади.

Истиқлол байрами арафасида Тошкент шаҳрида шахмат бўйича ихтисослаштирилган республика болалар ва ўсмирлар спорт мактаби барпо этилди. Президентимиз бу ерда амалга оширилган ишлар билан ҳам танишди.

Шу куни Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг янги биносини бориб кўрди. Президентимиз ташаббуси билан Давлат бошқаруви академияси биноси замонавий меъморлик ва технологик талабларга мувофиқ тўлиқ реконструкция қилинди.

Ислом Каримов академия биноси, у ердаги конференция заллари, Ахборот-ресурс марказида яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, амалий ва ташкилий муҳитни янада такомиллаштириш бўйича зарур тавсиялар берди.

12 сентябрь. Президент Ислом Каримов «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси қонунини тасдиқлади.

6 октябрь. Президент Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида Андижон вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари Олтинкўл туманидаги «Кўҳна водий баҳори» фермер хўжалиги далаларида бўлиб, фермерлар, вилоят фаоллари билан суҳбатлашди. Президентимиз пахтачиликда муайян худуд иқлими ва тупроқ шароитига мос серҳосил, сифатли тола берадиган янги навларни яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Ислом Каримов Олтинкўл тумани «Далварзин» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этилган замонавий уй-жой массивини бориб кўрди.

Юртбошимиз қишлоқ аҳли ҳеч кимдан кам бўлмай яшашга ҳақли эканини ва бу йўлда амалга оширилаётган ишларни изчил давом эттириш ҳамда мунтазам такомиллаштириб бориш лозимлигини таъкидлади. Президентимиз бу ерда кўча қиёфасини янада яхшилаш, биноларга безак беришда ранглар мутаносиблигини таъминлаш, йўл бўйларини ободонлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

4 декабрь. Президент Ислом Каримов «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2015 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси қонунни тасдиқлади.

9 декабрь. Президент Ислом Каримов «Ин­вестиция фаолияти тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» ги Ўзбекистон Республикаси қонунини тасдиқлади.