24 июнь. Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов Оммавий ахборот воситаларининг ходимлари билан учрашди. Унда республикадаги аҳвол тўғрисида, юз бераётган воқеаларни ёритишда матбуотнинг вазифалари, республика партия ташкилоти, Ўзбекистоннинг барча меҳнаткашлари олдида турган муаммоларни ҳал қилишда матбуотнинг иштироки ҳақида жиддий, батафсил, ошкора фикр алмашинди. Учрашув қатнашчилари coғлom кучларни жипслаштириш, Фарғона областидаги вазиятни, миллатлараро муносабатларни нормал изга солиш зарурлиги тўғрисида сўз юритдилар.
25 июнь. Ислом Каримов Фарғона вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол билан танишиш мақсадида ушбу вилоятда бўлди. Ўзбекистон раҳбари вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларига бориб, юзага келган нотинч вазият туфайли жабр кўрган одамлар билан суҳбатлашди, аҳволни барқарорлаштириш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича маҳаллий раҳбарларга аниқ кўрсатмалар берди.
4 август. Ислом Каримов республика касаба союзларининг раҳбарлари билан учрашиб, бу соҳадаги долзарб масалалар хусусида маъруза қилди.
15 сентябрь. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида республикадаги қатор район газеталари нашрини тиклаш, айрим маҳаллий ва кўп тиражли нашрларнинг номларини, ҳажмини, даврийлигини ва бошқа тилларда чиқарилишини қайта йўлга қўйиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
4 ноябрь. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида уруш ва меҳнат ветеранлари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ислом Каримов нутқ сўзлади.
7 ноябрь. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ва Ўзбекистон ССР Министрлар Совети адабиёт, санъат ва архитектура соҳасида Навоий номидаги ва Ҳамза номидаги Ўзбекистон ССР давлат мукофотлари комитетининг таклифини кўриб чиқиб, адабиёт, санъат ва архитектура соҳасида энг яхши асарлар учун Ҳамза номидаги Ўзбекистон ССР давлат мукофотини бериш ҳақида қарор қабул қилди.
18 ноябрь. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетида адабиёт, санъат ва архитектура соҳасидаги ютуқлари учун Ҳамза номидаги давлат мукофотларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Ислом Каримов маросимда ҳозир бўлган лауреатларга юксак мукофотларни топширди.
28 ноябрь. Ўзбекистон Фанлар академиясида республикада илм-фаннинг долзарб вазифалари, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни амалга оширишда академиянинг ролига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Учрашув қатнашчилари ҳузурида Ислом Каримов нутқ сўзлади.
7 декабрь. Ўзбекистон ССР халқ депутатлари ва маҳаллий советлар депутатлари сайлови муносабати билан республикани миллий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ривожлантириш, меҳнаткашлар фаровонлигини оширишнинг асосий йўналишларини ўз ичига олган Ўзбекистон Компартиясининг ҳаракат дастури матбуотда эълон қилинди.
18 декабрь. Республика Министрлар Советида «Ўзбекистон ССРнинг Давлат тили тўғрисида»ги қонунни руёбга чиқаришга доир давлат дастурини ишлаб чиқувчи комиссиянинг мажлиси бўлиб ўтди.