18 январ. Истиқлол йилларида ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий-техник жиҳатдан мукаммал таъминланиши ва ривожланган мамлакатлар армиялари қаторидан муносиб ўрин эгаллаши учун кенг имконият яратмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилган ҳарбий хизматнинг замонавий шарт-шароити ҳамда мамлакатимиз Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг тураржой таъминотига бағишланган кўргазма бу борада амалга оширилаётган ишлар самаралари ҳақида кенг тасаввур беради. Кўргазма Президентимизнинг 2007 йил 30 ноябрда қабул қилинган Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги фармойиши асосида ташкил этилди.
Президент Ислом Каримов 18 январ куни мазкур кўргазма экспозицияси билан танишди.
Мамлакатимиз раҳбари ҳарбий хизматчиларнинг дала шароитида хизмат қилиши ва яшаши учун зарур моддий-техник таъминот бўйича асосий воситалар - 60 кишига мўлжалланган кўчма ошхона, ювиниш ва чўмилиш хоналари, контейнер-музлатгич намуналарини кўздан кечирди. Мутасаддиларга ушбу кўчма воситаларни янада такомиллаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.
20-21 июн. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ишлари ва кенг қамровли ўзгаришлар билан танишиш мақсадида Бухоро ва Қашқадарё вилоятларига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари сафарининг иккинчи куни Қашқадарё вилоятида дала ишлари билан танишишдан бошланди.
17 июл. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Бухоро вилоятининг Когон туманида бўлди. Давлатимиз раҳбари 2008 йил 10 июл кечаси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган ҳарбий қисмининг ракета-артиллерия омборида юз берган ёнғин сабабларини аниқлаш, содир бўлган воқеа оқибатларини бартараф этиш бўйича кўрилаётган зарур чора-тадбирлар, шу ҳудудда ишлаётган ҳарбий хизматчилар хавфсизлигини таъминлаш, воқеа содир бўлган жойнинг яқинида яшайдиган ва хавфсиз жойга кўчирилган аҳолига тегишли моддий ва маънавий кўмак бериш, жабрланганларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги ишлар билан танишиб, зарур кўрсатмалар берди.
29 август. Президент Ислом Каримов пойтахтимизда янги ўқув йилига шай ҳолга келтирилган Сингапур менежментни ривожлантириш институти билан танишди.
Шунингдек, пойтахтимизда бунёд этилган, ўзининг кўрку салобати билан пойтахтимиз ҳуснига ҳусн бағишлаган, ўзининг меъморий ечими, имкониятлари жиҳатидан ноёб бўлган Ёшлар ижод саройи ва Тошкент ислом университетининг янги биносини ҳам кўздан кечирди.
Президентимиз жаҳон андозалари даражасида тубдан реконструксия қилинган “Пахтакор” марказий стадионини ҳам бориб кўрди. Ислом Каримов даставвал стадионнинг марказий секторида амалга оширилган ишлар, хусусан, мураббийлар, спортчилар, меҳмонлар учун қурилган заллар ва дам олиш хоналари билан танишди. Мамлакатимиз раҳбари иншоот дизайнида Шарқ ва Ғарб меъморчилиги намуналарининг анъана ва услублари ўзаро уйғунлашгани эътиборга лойиқ эканини таъкидлади.
31 август эрта тонгида пойтахтимиздаги “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида халқимизнинг озодлиги ва мустақиллиги йўлида қурбон бўлган марҳумларни ёд этиш маросими ўтказилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди. Мамлакатимиз раҳбари “Шаҳидлар хотирасиъ мажмуасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, хусусан, “Қатағон қурбонлари хотирасиъ музейи ҳудудида янгитдан барпо этилган бинолар билан танишди, музейнинг янги экспозициясини кўздан кечирди.
Шу куни Президентимиз Ислом Каримов Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйди.
31 август. Тошкентдаги Алишер Навоий номи билан аталувчи Ўзбекистон Миллий боғида Истиқлолимизнинг 17 йиллигига бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтди.
Байрам тантанасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этиб, Мустақиллигимизнинг ўн етти йиллиги билан бутун халқимизни муборакбод этди.
2 октабр. Президент Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кенг кўламли ўзгаришлар билан яқиндан танишиш мақсадида Тошкент вилоятида бўлди.
Президентимиз фермерлар, туман ва вилоятнинг мутасадди раҳбарлари билан мулоқот чоғида ҳосилдорликни янада оширишнинг муҳим омиллари, илм билан амалиётнинг ҳамкорлиги ҳақида тўхталди.
3 октябр. Президентимиз Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, аграр соҳадаги янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари билан танишиш учун Хоразм вилоятига ташриф буюрди.
5 декабр. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 16 йиллиги муносабати билан пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, фан, маданият ва санъат намояндалари, пойтахт жамоатчилиги, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий давлатларнинг элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.
12 декабр. Навоий шаҳрида Халқ депутатлари Навоий вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.
16 декабр. Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари бутун мамлакатимизда бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида қўлга киритилаётган ютуқларга тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, вилоятда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга эътиборни қаратиб, уларни бартараф этиш йўлларини белгилаб берди. Сессияда ташкилий масала кўрилди.