ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Иқтисодиёт. 1996 йил


9 январь. Ўзбекистонда маълумотларни узатиш республика компютер тармоғи "Ўзпак" фойдаланишга топширилди. У Республиканинг барча вилоят марказларини қамраб олади, уларда Тошкент марказий телеграфидаги бош стансияга уланган махсус ускуна билан жиҳозланган стансиялар ташкил этилган. "Ўзпак" тизими Алоқа вазирлиги, "Ўзтелеком" консерни ва Туркия-Канада "Неташ" фирмаси ҳамкорлигининг самарасидир.

27 январь. Тошкентда Ўзбекистон тадбиркорларининг қурултойи бўлиб ўтди. У республикадаги хусусий ва кичик тадбиркорликни ривожлантириш тажрибасини умумлаштирди ҳамда бу йўналишда янги вазифаларни қўйди. Қурултойда "Ташаббус-95" танловига якун ясалди. Тошкент вилояти Пскент туманидаги "Шуҳрат-ЛТД" илмий-ишлаб чиқариш фирмасининг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлайдиган ускуналарни ишлаб чиқаришга доир комплекс лойиҳаси йилнинг энг яхши лойиҳаси деб топилди. Самарқанд шаҳридаги "Парвина" хусусий ишлаб чиқариш фирмасининг директори Абдурашид Абдусаломов йилнинг энг яхши ишбилармони деб эътироф этилди.

31 январь. Тошкентда республикадаги биринчи йирик холдинг компанияси - "Ўзқишлоқмашхолдинг"нинг таъсис конференсияси бўлди. Конференсияда очиқ турдаги аксионерлик жамияти шаклидаги холдинг компания тузиш тўғрисидаги таъсис шартномаси ҳамда унинг Низоми қабул қилинди.

Январь. Тошкентда ташкил қилинган сиёсий таваккалчиликни суғурта қилиш бўйича "Ўзбекинвест интернешил" ўзбек-америка компанияси дастлабки суғурта полисларини берди.

Февраль. Осиё-Европа кабелли алоқа магистралининг Ўзбекистон бўлаги қурилиши бошланди. Бу магистрал Хитойнинг Шанхай ва Германиянинг Франкфурт-на-Майн шаҳарларини боғлайди ҳамда умумий узунлиги қарийиб 19 минг километрни ташкил этади, унинг деярли 900 километри Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ўтади.

12 март. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов "Ўзбекистон товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар Палатасини ташкил этиш тўғрисида" Қарор қабул қилди.

20 март. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов "Експортга маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" Фармон чиқарди.

21 март. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикаси билан Ҳиндистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг учунчи мажлиси якунлари бўйича ўзаро ҳамжиҳатлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

25 март. Андижон вилоятининг Асака шаҳрида "Дамас" микроавтобусларини ишлаб чиқариш линияси ишга туширилди.

Март. Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги Кумакай қишлоғида "Олтинкўл" савдо-ишлаб чиқариш фирмасининг тикув фабрикаси ишга туширилди.

Март. Самарқандда Ҳиндистон, Англия, Германия, Италия, Япониянинг қурилиш фирмалари томонидан барпо этилган беш юз ўринли "Афросиёб" меҳмонхонасининг очилиш маросими бўлди.

5 апрель. Тошкентда республикада биринчи "Ўзинвестлойиҳа" инжиниринг компанияси фаолият кўрсата бошлади.

6 апрель. "Шўртангаз" газни қайта ишлаш бошқармасида олтингугурт ишлаб чиқариш бўйича тажриба-саноат қурилмаси фойдаланишга топширилганлиги ҳақида хабар эълон қилинди.

23-26 апрель. Тошкентда Марказий Осиё республикалари тўқимачилик ва кўнчилик саноатининг биринчи Халқаро "Осиё: газламачарм-96" кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада жаҳоннинг кўпгина мамлакатларидан 80 га яқин фирма иштирок этди.

Апрел. Фарғонада "Олтин водий - тадбиркор-96" кўргазмаси бўлиб ўтди. Уч кун давомида кўргазма иштирокчилари мамлакатимизда ва чет элларда фаолият кўрсатаётган 13 та йирик фирма тақдим этган компютер техникаси, ускуналар ва мебеллар намуналари билан танишдилир.

Апрель. Наманганда Германиянинг "Тестимо" фирмаси билан ҳамкорликда қурилган сунъий чарм ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ишга туширилди.

7-10 май. Тошкентда биринчи марта қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, озиқ-овқат саноати ва ўров технологияси Халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Жаҳондаги 20 дан ортиқ мамлакатнинг 85 фирмаси ўзларининг янги маҳсулотлари ва илғор технологияларини кўргазмага қўйди.

9 май. Тошкент вилояти Қибрай туманидаги "Кока-кола ичимлиги" ўзбек-америка қўшма корхонасида заводнинг қувватбахш "Кока-кола" ичимлиги ишлаб чиқариш бўйича иккинчи навбати ишга туширилди.

17 май. Тошкентда "Шаржа Амирлиги (Бирлашган Араб Амирликлари) экспорт маҳсулотлари" кўргазмаси очилди. Кўргазмада ушбу мамлакатнинг тўрт савдо фирмаси ва 14 корхонаси товарлари: чой, сантехника жиҳозлари, автомашиналар, чанқовбосди ичимликлар ва бошқа кўплаб нарсалар намойиш этилди.

22 май. Тошкентда жаҳондаги комютер техникасининг етакчиси - ИБМ компанияси ваколатхонаси очилди.

22 май. Марказий Осиё мамлакатларини Грузиянинг Поти бандаргоҳи билан боғловчи Транскавказ янги темир йўл магистралида Ўзбекистондан дастлабки минг тонна товар етказиб берилди. Ушбу магистрал шарофати билан Ўзбекистон шимолий ҳудудларни четлаб ўтиб, Қора денгизга тўғри ва энг қисқа йўл билан чиқиш имкониятига эга бўлди.

Май. "Пахтасаноацотиш" вилоят бирлашмаси ва "Галакс" инглиз компанияси томонидан таъсис этилган "Наманган сайкелз лимитед" ўзбек-британия қўшма корхонаси болалар ва катталар учун велосипедлар, шунингдек, турли спорт тренажерлари ишлаб чиқаришни ўзлаштирди.

Май. Қашақадарё вилояти Ғузор туманидаги дон маҳсулотлари комбинатида элеватор ишга туширилди. У 18 минг тонна донни сақлашга мўлжалланган бўлиб, Россия, Полша ва Швейцарияда ишлаб чиқарилган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

3 июнь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Япониянинг "Марубени" корпорацияси президенти Ивао Ториуми бошчилигидаги делегация аъзоларини қабул қилди. Учрашув чоғида Ўзбекистониннг "Марубени" корпарацияси билан нефтни қайта ишлаш соҳасида, хусусан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини қуриш бўйича ҳамкорлик қилишга оид масалалар муҳокама этилди.

25 июн. "ЎзДЕУавто" Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонасида "Нексия" автомобили ишлаб чиқарадиган линия ишга туширилди.

Июнь. Ангрен "Саноаткартонсавдо" аксионерлик жамиятида дастлабки 1500 тонна селлюлоза ишлаб чиқарилди. Бу хом ашё қоғоз ва картон ишлаб чиқариш учун зарур бўлиб, илгари унинг асосий қисми Россиядан келтириларди.

5 июл. Тошкентда Германиянинг "Даймлер-Бенс" консерни ваколатхонаси очилди.

14 август. АҚШнинг ЕАФ фонди Экспорт комиссияси Наманган вилоятининг "Пахтасаноацотиш" аксионерлик бирлашмаси чет элга жўнатаётган пахтанинг аъло сифати учун "Голд Глоуб" ("Олтин глобус") соврини билан тақдирлаганлиги тўғрисида хабар эълон қилинди.

14 август. Нукусда мармар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ишга туширилди. У "Қорақалпоқ қурилиш материаллари" аксионерлик-саноат уюшмаси ва Италиянинг "Пидеу" компанияси томонидан ташкил этилди.

9 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида АҚШ ҳарбий юристлари билан биргаликда ўтказилаётган юриспруденсия муаммолари бўйича биринчи Халқаро семинар ўз ишини бошлади.

21 сентябрь. Тошкентда янги молия муассасаси -"Асака" ихтисослаштирилган Давлат аксионерлик тижорат банкининг очилиш маросими бўлди.

26 сентябрь. Республика Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш, хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида Ўзбекистон - Германия шартномаси имзоланди.

Сентябрь. Тошкентда Ўзбекистон банклари ассоциацияси билан Американинг "Кейс кредит" компанияси ўртасида Марказий Осиёда биринчи "Узкейсагролизинг" қўшма қишлоқ хўжалиги лизинг компанияси ташкил этиш ҳақидаги таъсис ҳужжатларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Сентябрь. Фарғона "Ўзнефтқайтаишлаш" давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида замонавий ферсол ва ферлит пластик мойи ишлаб чиқарадиган қурилма ишга туширилди. Илгари бу маҳсулотлар Ўзбекистонга чет элдан келтириларди.

Сентябрь. Бухорода Ҳиндистоннинг "Ларсен Турбо ЛТД" фирмаси қурган 430 ўринга мўлжалланган тўрт юлдузли меҳмонхона очилди.

Сентябрь. Андижонда "Умид-94" ўзбек-турк қўшма корхонаси тақдимоти бўлиб ўтди. Бу корхона сифатли полиетилен плёнка ишлаб чиқаради, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати товарлари учун ўраш материаллари ҳамда гулдор дастурхонлар тайёрлайди.

Сентябрь. "Тошкент трактор заводи" ишлаб чиқариш бирлашмаси конвейеридан ТТЗ-130 русумли дастлабки ўнта трактор чиқди.

Сентябрь. Асака шаҳрида "Федеричи-Асака-Макарони" ўзбек-италия қўшма корхонаси ишга туширилди.

Сентябрь. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Оқтош посёлкасида "Шамо ЛТД" кўптармоқли хусусий фирмасининг гугурт фабрикаси очилди.

15-17 октябрь Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа учун Иқтисодий комиссияси (ЕКЕ)нинг "Халқаро транзит юк ташишни енгиллаштириш" мавзуида Халқаро семинар бўлиб ўтди.

30 октябрь. Тошкентда Франсиянинг "Сосете женерал" банки ваколатхонаси очилди.

Октябрь. Ўзбекистон-Жанубий Корея янги "Ўзтонг хонг" қўшма корхонаси "Нексия", "Тико" автомобиллари, "Дамас" микроавтобуси учун ўриндиқлар ишлаб чиқара бошлади.

Октябрь. Самарқандда Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида аҳолига алоқа воситалари билан хизмат кўрсатиш сифатини жаҳон андозалари даражасига етказишда ўзбек шерикларга ёрдам кўрсатиш бўйича "Ўзбектелеком интернешнл" Ўзбекистон-Индонезия қўшма аксионерлик бирлашмасининг тақдимоти бўлди.

4-8 ноябрь. Тошкентда халқ истеъмоли моллари иккинчи Халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда 25 мамлакатнинг 60 та хорижий фирма ва компаниялари ўз маҳсулотларини намойиш этди.

5 ноябрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Американинг "Кейс корпорейшн" компанияси президенти Жан-Пер Россо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Суҳбат чоғида қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, қишлоқ хўжалиги машиналарига техникавий хизмат кўрсатиш пунктлари ташкил этишни жадаллаштириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилинди.

7 ноябрь. Лондонда "Ўзбекистонда бизнесни амалга оширинг" мавзуида конференсия очилди. Унинг ишида Буюк Британия, Европа, Осиё ва Америка мамлакатлари ишбилармон доираларининг вакиллари иштирок этди.

Ноябрь. Тошкентда республикага етказиб бериладиган жиҳозлар, деталлар, техникавий воситалар ва ҳоказолар сифатига экспорт баҳосини бериш бўйича "Техноинвест" Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонаси ташкил этилди.

Ноябрь. Наманган вилоятида пахта тозалаш заводлари ишлаб чиқаришининг асосий чиқиндилари - линт ва момиқдан юқори сифатли қоғоз ишлаш бўйича Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси ташкил этилди.

10 декабрь. Қарши шаҳрида "Каштекс" аксионерлик жамиятининг йирик тўқимачилик мажмуи фойдаланишга топширилди. У Туркиянинг "Язекс" корпорацияси билан ҳамкорликда қурилди.

17 декабрь. Тошкентда "Абн-Амробанк Ўзбекистон МБ" аксионерлик банки очилди.