13 февраль. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2009 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маъруза қилди.
21 март. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Наврўз байрамига бағишланган табрик сўзи ОАВда чоп этилди.
9 май. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хотира майдонига ташриф буюрди ва Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Президентимиз Иккинчи жаҳон урушида жонини фидо қилган минглаб юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
31 август. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Истиқлолимизнинг 18 йиллигига бағишланган байрам тантаналарида иштирок этди.
1 сентябрь. “Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига бағишланган тантанали мажлис бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов иштирок этди.
Президентимиз тантана қатнашчиларини, бутун халқимизни Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик байрами билан қутлар экан, мустақиллик биз учун ўзлигимизни англаш, ҳуқуқий демократик давлат, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш учун улкан имкониятлар очиб берганини қайд этди. Миллий давлатчилигимиз тарихида ва ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда пойтахтимиз алоҳида ўринга ва беқиёс аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг 2009 йил 20 августдаги фармонига биноан, юртимизда миллий давлатчиликни шакллантириш, мустақил ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, давлатлараро ҳамкорлик, халқлар ўртасидаги дўстлик муносабатларини ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси, эзгу анъаналарни сақлаш, маданий, маънавий-маърифий ҳаётимизни юксалтириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги улкан хизматлари учун ҳамда 2200 йиллик юбилейи муносабати билан Тошкент шаҳри «Мустақиллик» ордени билан мукофотланди.
Президентимиз Ислом Каримов ушбу юксак мукофот - “Мустақиллик" орденини тантанали равишда топширди.
5 декабр. Оқсаройда Ватанимизнинг юксак мукофотларини топшириш маросими бўлди. Мамлакатимиз раҳбари Ислом Каримов давлат мукофотларини тантанали равишда топширди.
Шу куни “Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 17 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов йиғилишда маъруза қилди.
Юртбошимиз амалга ошираётган изчил ислоҳотлар, бетимсол бунёдкорлик ишларимиз асосида, демократик ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида эришаётган ютуқларимиз моҳиятида, онгу шууримиздаги ўзгаришлар, турмушимиздаги фаровонлик замирида Бош қомусимизнинг қоида ва талаблари мужассам эканини алоҳида таъкидлади.
27 декабрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 644-сайлов участкасига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов бўйича овоз бериш учун ташриф буюрди.