ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

«Ҳамиша ёдимизда, қалбимиздасиз»


05.09.2018

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2 сентябрь  мамлакатимизда Хотира куни этиб белгиланган. Бу куни Ислом Каримовни ёд этиш яхши анъанага айланган. 

 

Ислом Каримов номидаги Ёдгорлик мажмуасида бўлиб ўтган Хотира кечасида Биринчи Президентимизнинг яқин дўстлари, кўп йиллар бирга ишлаган сафдошлари, унинг серқирра фаолиятини ёритган, расмий тадбирлар, турли давраларда учрашиб ҳамсуҳбат бўлган журналистлар, таниқли санъаткорлар, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар ҳозир бўлдилар.

 

Ниҳоятда самимий, ёруғ хотираларга бой кечган давра суҳбатида Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровнанинг ҳаяжон ва соғинч, миннатдорлик туйғуларига тўла сўзлари кўпчиликни бефарқ қолдирмади.

 

У киши аввало давлатимиз раҳбарига, Ислом Каримовнинг хотирасига кўрсатилаётган эътибор ва ҳурмат учун миннатдорлик билдирди.

 

Татьяна Каримова бу оқшом унга камарбаста бўлиб, ҳаётидаги энг яқин кишиси-ҳам турмуш ўртоғи, ҳам фарзандларининг отаси, ҳам юртнинг отаси бўлган буюк инсонни ёдга олиб, унинг руҳини шод этганлари учун кеча меҳмонларидан чексиз миннатдор эканлигини билдирди.

Ислом Каримовнинг яқин дўстлари биргаликда кечган кунларни, мазмунли суҳбатларни, қувончли дамларни, турли воқеаларни ёдга олдилар. Олимлар буюк шахснинг мамлакат тарихи ва халқаро майдонда тутган ўрни, ўз халқини бугунги доруломон кунларга олиб келган доно сиёсатчининг жасоратини алоҳида эътироф этдилар. Санъаткорлар Ислом Каримов севиб тинглаган қўшиқларни ижро этиб, Биринчи Президент билан илк учрашувлари ҳақида мароқ билан сўзлаб беришди. Журналистлар, Ислом Каримовнинг ҳам давлат раҳбарига, ҳам оддий инсонга хос олижаноблик, бағрикенглик, мардлик ва камтарлик каби хислатлари намоён бўлган турли воқеаларни алоҳида ҳурмат ва  эҳтиром ила ёдга олдилар.

Кеча давомида мумтоз мусиқалар янграб, Ислом Каримов хотирасига атаб тайёрланган видеофильмлар намойиш этиб турилди.

Расмий маросимдан кейин ҳам, ўзаро суҳбатларда, Биринчи Президентнинг ҳаёти давомида рўй берган улкан ўзгаришлар, юрт тарихи ва халқ тақдири билан боғлиқ муҳим воқеалар хусусида  самимий фикр алмашувлар кечгача давом этди.