2018 йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида “Мустақиллик, барқарорлик, тинчлик ва осойишталикни таъминлашда Ислом Каримовнинг тарихий роли” мавзусида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва талабалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олим, мутахассислар, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ҳайкали пойига гуллар қўйиб, Ислом Каримовга ҳурмат бажо келтиришди.
Тадбирда “Мустақиллик меъмори” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Тадбирда сўзга чиққан Ислом Каримов номидаги Ёдгорлик мажмуаси, Республика хайрия жамоат, Республика Маънавият ва маърифат марказининг вакиллари, олим ва мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов номини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг аҳамияти, хусусан юбилей тадбирлари доирасида ўтказилган Самарқанд шаҳрида Ёдгорлик мажмуаси ва Қарши шаҳрида Ислом Каримовга ҳайкалнинг тантанали очилиши маросимларининг мазмун-моҳияти ҳақида, Биринчи Президентимиз истиқлол йилларида глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича татбиқ этилган ташаббуслари билан боғлиқ тарихий воқеалар ёрқин мисолларида очиб бердилар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “мустақил Ўзбекистоннинг 25 йил ичида ички ва ташқи сиёсатда ўз йўлини танлаб, халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин ва мавқега эга бўлиши, дунё давлатлари билан тинчлик-барқарорлик, тенглик ва ўзаро манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишида Биринчи Президентимизнинг пухта ўйланган қарорлари муҳим аҳамият касб этди”.
И.Каримов номидаги давлат стипендияси совриндорлари “Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” деб номланган асарда илгари сурилган ғояларнинг аҳамияти бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмагани ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Тадбир иштирокчилари Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Бутун оламни жо қилган юрак” бадиий кўргазмаси билан ҳам танишдилар.