“Серқуёш ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!..”
Мана, 32 йилки, биз ҳар тонг шу муаззам сатрлар ва унга басталанган улуғвор мусиқа садолари остида уйғонамиз, умргузаронлик қиламиз, том маънода яшаймиз. Мадҳиянинг нуфузи шу даражада баландки, мамлакат раҳбарининг жаҳоннинг турли давлатларига ташрифи, олий мартабали хорижий меҳмонларнинг юртимизга келиши, республикамиздаги нуфузли анжуманлар, йирик тадбирлар айнан у билан бошланади. Спорт мусобақаларида ғалаба қозонган қиз-ўғлонларимиз, ҳарбийлар, эндигина мактаб остонасига қадам қўйган болажонлар, барчамиз шу қўшиқни қўлимиз кўксимизда бўлгани ҳолда мағрур айтамиз.
1992 йил 10 декабрда, бош қомусимиз қабул қилинган кундан икки кун ўтиб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонунни имзоларкан, унда шундай ёзиб қўйилган: “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир”. 32 йилки, бу қонуний талабга сўзсиз итоат этиб келинмоқда.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямизда мусаффо осмонимиз, бахтли ва фаровон ҳаётимиз, халқимизнинг асрий орзулари, келажакка ёруғ умиди ва мустаҳкам ишончи теран ифодаланган.
Зеро, миллий мадҳиямиз – айнан юракдан чиқиб, юракларга етиб боргувчи, жаҳон узра баралла янграйдиган, янги-янги уфқларга бошловчи, шижоат, ғайрат, мақсад сари ундовчи – мангу, муҳташам, буюк тарона. Унда шонли ва шукуҳли тарих, Ватанимиз, жафокаш халқимизнинг салоҳияти, куч-қудрати, маърифатпарвар боболарнинг орзу-умидлари, юрт истиқболи мужассам. Унинг бошқа қўшиқлардан асосий фарқи ҳам – миллатни ягона маслак сари бирлаштиришида, томирлардаги қудратни жўш урдиришида:
“Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!”
Халқимиз омон экан, улуғ миллатнинг муҳташам ва мангу қўшиғи – мадҳиямиз – халқимиз, фарзандларимиз қалбидан чуқур жой олиб, оламни маҳлиё қилиб, дунё узра баралла янграйверади.
Ф.Қурбонбоев фотолари