1999 йилнинг 22 декабри. Самарқанд шаҳри. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов иштирокидаги учрашувлардан бири. Минбарда юз-кўзларидан зиё ва нур уфуриб турган отахон сўзламоқда:
“Мен 63 йил ўқитувчилик қилдим, орадан 45 йил ўтиб, ўқувчиларим, яъни сизнинг синфдошларингизнинг умумий тушган суратини тақдим этаман. Исломжон, 87 ёшим, оқ сочим билан Сизга энг эзгу тилакларимни билдиргани келдим. Оллоҳдан яна 90 йил умр сўрайман ва уни Сизга бағишлайман”. |
Ишонасизми, бу гапни фақат Устоздек буюк зот, умрини ўз шогирдларининг вояга етиши ва камоли йўлида сарф қилишга тайёр – мукаррам хилқатгина айта олиши мумкин...
“Ҳаётнинг ўзи – муаллим” деган иборани кўп ишлатамиз. Ростдан ҳам умрнинг ўз довонлари, ўнқир-чўнқир сўқмоқлари-ю, бирда равон, гоҳ чақир тиканаклар билан тўла нотекис йўллари борки, ўша манзиллар аро юриб, пишиб, сабоқ олиб яшайверамиз. Қаранг, биргина иборани қўллабоқ, “муаллим” деган зотни – бутун бошли ҳаётга менгзаб қўймоқдамиз. Арзийдиям-да.
Бошқа тарафдан, шоҳу гадониям устози бор, “юлдузни бенарвон ургувчи” арбобу олимга ҳам, дўхтиру муҳандисгаям, спортчи-ю яллачига ҳам, ҳатто ўша ҳикматли иборани ўйлаб топган одамга ҳам – айнан ўқитувчи, муаллим таълим берган бўлиб чиқади. Шундай улуғ зот у!
Ўзбекистонда бу касб эгалари том маънода қадр ва эъзоз топиб келмоқда, десак хато бўлмайди. Эътибор шунчаликки, юртимиз – муаллимлар байрами умумхалқ тарзида нишонланиб, дам олиш куни, деб эълон қилинган дунёдаги ғоят саноқли давлатлардан бири. Бу – Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти томонидан 1996 йил 27 декабрда имзоланган Қонун билан белгилаб қўйилган.
Ислом Каримов саъй-ҳаракатлари билан истиқлолнинг дастлабки кунларидан янгича билим ва тафаккурли, юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилди. Унинг “Келажагимизни ҳал қиладиган оламшумул ишга қўшган буюк ҳиссангиз учун ўзимнинг энг яқин маслаҳатчиларим ва маслакдошларим бўлган сиз, азизлардан умрбод миннатдорман ва барчангизга чин қалбимдан таъзим қиламан”, деган сўзлари ана шу эътиборнинг инъикосидир. Самарқанддаги устознинг ҳароратли сўзлари – ана ўша ишларга берилган ўзига хос баҳо эди аслида.
Биринчи Президент ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”, “Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури” жамиятимиздаги ижтимоий-маърифий ҳаётни тубдан ўзгартирди. Ушбу ҳужжатлар замонавий билим масканларини барпо этиш, ёшларни бепул мажбурий таълим билан тўлақонли қамраб олиш, давлат таълим стандартлари ва ўқув режаларини замон руҳига мос тарзда ислоҳ этиш каби кенг қамровли ишларни тизимли амалга оширишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилди.
Ўқитувчиларга кўрсатилаётган юксак эътибор таълим тизимининг барча бўғинларида яққол кўзга ташланмоқда. Ўтган йиллар мобайнида қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақини бир неча баробар ошириш, уларнинг ўз устида ишлаши, изланиши, дарс жараёнига илғор педагогик технологияларни жорий этиши учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Бугунги кунда ўнлаб устоз ва муаллимлар давлатимизнинг олий мукофоти – “Ўзбекистон Қаҳрамони” бўлишдек шарафга муносиб топилди. “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” каби фахрий унвонлар жорий қилиниб, саҳанинг юзлаб фидойи вакиллари мазкур унвон, орден ва медалларга муносиб кўрилди. Устоз зотига, ўқитувчи ва мураббийларга бўлган эътибор бугунги – янги Ўзбекистоннинг, “Учинчи Ренессанс”нинг пойдевори қўйилаётган дамларда ҳам сира пасайгани йўқ, аксинча, янги суръатларда давом этиб келмоқда. Охирги етти йилда мактабгача таълим бўйича қамров даражаси 27 фоиздан 72 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизга, олий таълим даргоҳлари сони 77 тадан 212 тага етганининг ўзиёқ фикримизга далил бўла олади. |
Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев соҳа ходимларига йўллаган табригида шундай деган эди: “Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни зиммасига олишга қодир янги авлодни тарбиялаш барчамиздан катта куч-ғайрат, азму шижоат билан меҳнат қилишни талаб этади. Мана шундай шарафли вазифани адо этишда мен сиз, муҳтарам устоз ва мураббийларга ҳар томонлама ёрдам ва кўмак беришга тайёрман”.
Фурсатдан фойдаланиб, елкасига – ўқитувчи, муаллим, мураббий бўлишдек буюк залворни ортган касб эгаларига байрам муборак бўлсин, деймиз!
Ф.Қурбонбоев фотосуратлари