ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Унутилмас учрашув


07.09.2018

Ёдгорлик мажмуасидаги «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмасида дилкаш ва самимий, хотирада қоладиган учрашув бўлиб ўтди.

 

Гап шундаки, мазкур кўргазма экспозициясидан, эл таниган ва севган санъаткорларимиз, маданиятимиз дарғалари, Муҳиддин Қори Ёқубов ва Тамара хонимларнинг қизи Ванцетта хоним томонидан яратилган Ислом Каримовнинг портрети ўрин эгаллаган.

1997 йилда яратилган ушбу сурат рассомнинг сўнгги ижод маҳсулидир. Ванцетта хоним шу йили вафот этган. Портрет кўргазмага унинг қизи Салахова Алагёз Таировна томонидан совға қилинган.

7 сентябрь куни Алагез Салахова мажмуага ташриф буюриб, Ислом Каримов хотирасини чуқур ҳурмат ила ёдга олди.

 

Меҳмонга Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна ҳамроҳлик қилди.

Алагёз хоним илгари ҳам «Оқсарой» қароргоҳида бўлган. Бувиси Тамархонимга аталган «Шуҳрат» медалини, Биринчи Президентнинг қўлидан қабул қилиб олган кунни фахр билан эслайди.

У онаси томонидан яратилган портрет шундай нуфузли кўргазмадан жой олгани ҳамда яқинда чоп этилган каталогга киритилганидан мамнунлигини билдирди.

Фахрий меҳмонлар китобига ёзилган дастхатга: «Ажойиб галерея. Рассомларнинг суратлари меҳр ва эътибор билан танланган. Бу ерда одамлар Ислом Каримовни ёдга олиб, унинг ҳаёти ва фаолияти билан яқинроқ танишиш имкониятига эга бўладилар. Татьяна Акбаровна, Сизга эзгу мақсадларда амалга ошираётган ишларингизда муваффақиятлар тилайман», деган сўзлар битилди.

Тамара хонимнинг набирасига «Ислом Каримов – Мустақил Ўзбекистон асосчиси» номли хотира китоби ва Татьяна Акбаровна дастхати битилган «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмаси каталоги совға қилинди.