Одатда бироз ўкинч оҳангида тилга кўчадиган бу сўзлар ортида армон яширин бўлади. Ихлос қўйган, ўзи учун комилликнинг намунаси ҳисоблаган инсони билан дийдор қиёматга қолгач, андуҳга қоришиқ шавқ билан хотирланадиган одамлар нечоғли бахтли, уларнинг яшаб ўтган умри эса бесамар кетмаган.
Очиғи, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига кунда-кунора қадам ранжида қиладиган меҳмонлар тилидан – Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳақида айтиладиган шу тахлит иқрорларни тинглаб туриб, Ислом Каримов том маънода миллионлар кўнглида абадият муҳрини босиб кетганига амин бўласан. Юртдошларимизни-ку, тушунса бўлар – мурғаклигидан шу одамнинг суврати билан улғайиб, вояга етгач ҳам матбуот орқали қилган иши, айтган сўзи ёд бўлиб кетгач, табиийки, ихлос ҳам шунга яраша бўлади-да, десанг. Иқрор, эътироф – у шахсни умрида кўрмаган хорижликлар тилидан янграса, ҳайратланмай иложинг йўқ.
Бугунги лавҳамиз қаҳрамони ҳам худди шундай одамлардан бири, Баҳрайн давлатидан келган меҳмон Қамбар Ҳусайндир. Иқтисодий фанлар бўйича доктор илмий даражасига эга бўлган меҳмонимиз, ўзининг айтишича, физиканинг механика ва динамика соҳаларидан хабардор бўлиш баробарида, тужжорлик ҳам қилар, хусусий тўқимачилик корхоналариям бор экан. Майли, гап унинг мартаба-ю даражаси, сарватида эмас, балки ихлосида. Ўзбекистондаги бу галги саёҳатини – азза-базза аҳли аёли-ю қизини бошлаб келиб, тўғри ёдгорлик мажмуасидан бошлашга аҳд қилибди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
“Юртингиздаги Самарқанду Бухороларни кўп кезганман. Уларнинг буюк тарихига қизиқишим ҳам рост. Лекин мени ана шу улуғвор шаҳарлар, умуман, буюк юртни истиқлолга, озодликка олиб чиққан миллат етакчиси – Ислом Каримов шахси мудом қизиқтирган. Ҳатто ишонасизми, ул зот бизнинг мамлакат – Баҳрайнга ташриф билан бўлганида, бориб учрашишни шунчалар орзу қилганманки, у ёқ бу ёғи йўқ. Шу боис, унинг хотирасига ташкил қилинган мажмуадаги ҳар бир деталь мен учун алоҳида қимматли”, – дейди ҳаяжонини биз билан ўртоқлашган Қамбар Ҳусайн.
Ўша ҳаяжон Ислом Каримов номидаги кутубхонада – Биринчи Президентнинг ўз қўли билан ушлаган китобларга боқиб, у шахснинг нечоғли кенг дунёқарашга эга эканидан дарак берувчи адабиётлар билан танишган чоғида ҳам, “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасида намойишга қўйилган, Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти тўғрисида ҳикоя қилувчи санъат асарлари – картиналар, портретлар, фотолар ва ҳайкалтарошлик намуналари билан танишув чоғида ҳам меҳмонларимизни бир зумга тарк этмади.
Бу ҳолатни бир четдан кузатган бизнинг хаёлимизни эса мана бу гаплар банд эта бошлаган эди: бир ҳақиқат аён – абадиятга дахлдор шахсларнинг феномени, улуғворлиги ҳеч қандай давлат ёки миллат сарҳадларини тан олмайди. Улар бу чегаралардан, қобиқлардан чиқиб, умуминсоният фахрига, ғурурига айланишади. Миллатини, халқини истибдод чангалидан қутқариб, озодликнинг нурли манзилига олиб чиқишни уддалай олган буюк шахслар ҳам ана шундай олий сифатга шак-шубҳасиз муносиб.