ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

МУДОФААМИЗ ҚАЛҚОНЛАРИ – МИЛЛИЙ МУДОФААМИЗ АСОСЧИСИ ЗИЁРАТИДА


20.02.2026

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси йилнинг ҳар фаслида юртдошларимиз, Биринчи Президент хотирасига ҳурмат билдирган турли соҳа вакиллари билан гавжум бўлади. Меҳмонлар орасида эса мудом ҳарбий соҳа вакиллари салмоқли ўринни эгаллайди.

Чунки Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ҳарбий таълим тизимини такомиллаштиришга оид чиқишларида – ҳар бир аскар, Ватаннинг ҳар бир посбони Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ лашкарбошиларимиз ўгитларини, умуман, ҳарбий меросимизни чуқур билиши керак, дея қайта-қайта таъкидлаб келади. Бугунги мустақил давлатчилигимиз мудофаа тизимининг асосчиси эса – бевосита Биринчи Президент Ислом Каримов ҳисобланади.

Мажмуанинг бу галги меҳмонлари – Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг бир гуруҳ курсантлари, малака ошириш курслари тингловчилари ҳамда профессор-ўқитувчилари бўлишди. Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 29 июлдаги қарорига биноан, Мудофаа вазирлигининг барча ҳарбий таълим муассасалари – 5 та институт, Сержантлар тайёрлаш олий мактаби ҳамда Авиация ва учувчисиз учиш аппаратлари мутахассисларини тайёрлаш маркази негизида ташкил этилган мазкур университетнинг асосий вазифаси – марказлашган вертикал тизимни ҳосил қилиб, қўшинларнинг жанговар салоҳиятини ошириш, дуал таълимни кенгайтириш, илмий тадқиқотларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қиладиган ҳарбий кадрлар тайёрлашдир.

Меҳмонларга дастлаб мажмуага асос солиниши ҳақида, унинг тарихи билан боғлиқ маълумотлар берилди. Мудофаамизнинг бўлғуси қалқонлари “Бутун оламни жо қилган юрак” галереясидан ўрин олган, Биринчи Президентимиз ҳаёти ва фаолиятига оид турли санъат асарлари – картиналар, портретлар, фотолар, пейзаж ва ҳайкалтарошлик намуналари билан танишишди.

Ташриф буюрувчиларга бу ердаги, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи билан боғлиқ ҳар бир асар чуқур таъсир қилганини – уларнинг қатъият ва ҳарбийча совуққонлик уфуриб турган нигоҳларига, ёвқур кўзларига боқиб англаш мумкин эди. Зеро, умрини Ватан тинчлиги ва осойишталигига тиккан инсон хотираси шу Ватан посбонлари хотирасида абадий яшашига шак-шубҳа йўқ.

Ф.Қурбонбоев фотосуратлари