ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

КАНАДАДА ИСЛОМ КАРИМОВНИ ХОТИРЛАШДИ


06.02.2025

Канаданинг Торонто шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 87 йиллигига бағишланган тантанали кеча бўлиб ўтди. Тадбир Канададаги Ўзбеклар жамияти раҳбари Нодира Йўлдошева ҳамда мазкур давлатнинг мультикультурализм ва фуқаролик масалалари бўйича собиқ вазири Тони Рупрехт ташаббуси билан ташкил этилди.

– Биз Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга чуқур ҳурмат бажо келтириш учун бу ерга йиғилдик. Бу ишни одамлар унинг шахсини ва умуман, Ўзбекистон тарихини кенгроқ билиши учун қилмоқдамиз. Мен Ўзбекистонга сафар қилиш бахтига муяссар бўлган одам сифатида канадаликлар бу давлатнинг Биринчи Президенти қандай буюк шахс бўлганлигини англаб етишларини истардим. У аслида мустақилликка эришган янги давлат асосчиси бўлиб, унинг иқтисодий тизимига асос солди, маданий пойдеворини яратди. Буларнинг барчаси – замонавий тарихий босқичда БМТ томонидан Ўзбекистон деб аталган давлатга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилишида муҳим омил бўлди. Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг минтақада тинч-тотув муҳит яратилгани – айнан Ислом Каримовнинг хизматлари эди ва бу унинг энг катта ютуқларидан биридир. Марказий Осиё мамлакатлари ҳокимиятларида тинчликни сақлаб, уни мустаҳкамлай оладиган етакчилар бўлиши жудаям муҳим, деб ҳисоблайман, – дея таъкидлади Тони Рупрехт.

Кечада Ўзбекистонликлар диаспораси, Канада жамоатчилиги, илмий ва ишбилармон доиралар вакиллари сўзга чиқишди. Меҳмонлар мамлакат тарихидаги муҳим босқичлар ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашдилар.

Ислом Каримовнинг ўлмас меросига чуқур ҳурмат руҳида ўтказилган тадбир иштирокчилари Ўзбекистон тақдирида ҳал қилувчи аҳамиятга эга қарорларни қабул қилган, узоқни кўра олувчи раҳбарнинг хотирасини ғоят ҳурмат билан ёдга олишди. Кечанинг ўзи эса – ҳар бир халқ учун ҳамжиҳатлик нақадар муҳимлигига яна бир ёрқин далилдир.