Соҳибқирон Амир Темур буюк мероси ва Ислом Каримовнинг ижтимоий-сиёсий фаолияти: тажриба ва сабоқлар
Жаҳон давлатчилиги тарихидан яхши биламизки, башариятнинг келгуси тараққиёти учун юртпарварлик, инсонпарварлик сиёсатини олиб бориб нумуна бўлган ҳукмдорлар саноқли. XIV асрнинг энг ёрқин сиймоси – Амир Темур ана шундай улуғ ва мўътабар зотлардан бири ҳисобланади. Аммо орадан асрлар ўтиб, улкан ҳудудимиз мустамлакачилар қарамлигига ўтганидан кейин собиқ шўро тузуми туфайли миллий тарих сурбетларча сохталаштирилди. Буюк соҳибқирон Амир Темур шахси шўро мафкурачилари томонидан салбийлаштириб, тарих дарсликларида, илмий ва бадиий адабиётларда “қора бўёқлар”да берилди. Мустамлака исканжасида қолган миллат улуғ аждодини қадрлаш, унинг мислсиз меросидан куч-мадад олиш имконидан маҳрум бўлди. Ўз вақтида дунёни титратган беназир шахс, юртнинг шавкатли фарзанди тарихимиз саҳифаларидан қарийб ўчирилиб, унутишга маҳкум этилди. Мустамлакачиларнинг асл мақсади халқимизнинг миллий онги ва миллий ғурурини йўқотиш эди. Лекин ўзбек халқи буюк аждодларини, қаҳрамонларини унутмади, ҳамиша юрагида, қалбининг тўрида сақлаб келди. Ўлкамизда Амир Темурнинг улуғвор руҳи кезиб юрди.
1991 йил 31 августда Ўзбекистон мустақилликка эришгач, мамлакат раҳбари, жасоратли етакчи Ислом Абдуғаниевич Каримов бу улуғ зотнинг хотирасини астойдил тиклашга киришди. Миллат ўзлигини англай бошлади, тарихий хотирасиз келажак ўта туманли экани юртнинг биринчи йўлбошчиси томонидан исботлаб берилди. “Юксак маънавиятни қайтариш — Ўзбекистонда очиқ, замонавий, демократик жамиятни барпо этишда ғоят муҳимдир”, деди давлатимиз раҳбари. Юксак маънавият бу – Амир Темур ва Темурийлар даврида бунёд этилган, яратилган муҳташам маънавий ва моддий бойликлар эди. Амир Темурнинг кучли, марказлашган давлатида амалга оширилган ислоҳотлар, адолат ғояси Турон ҳукмдорнинг нечоғлиқ узоқни кўрувчи стратег бўлганини аниқ кўрсатади. Шунинг учун ҳам Ислом Каримов мустақил Ўзбекистоннинг йўлчи юлдузи сифатида буюк Амир Темурни танлади. Эндигина мустақилликка эришган ёш давлатнинг куч-қудратга эга бўлишида, маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий юксалишида Соҳибқироннинг тарихий мероси, шубҳасиз, катта роль ўйнади. Зеро, Амир Темур сиймоси замонавий Ўзбекистон давлати учун эрк ва мустақиллик рамзига айланди. “Мен Самарқандда туғилганман, менга Амир Темур буюк даҳосини акс эттирувчи, таровати ва муҳташамлигини тавсифлашга сўз ожизлик қиладиган обидалар юртида яшаб, вояга етиш насиб этди. Илк болалик кезларимдан жаҳон тараққиётига муносиб ҳисса қўшган тарихий обидалар, бетакрор маданиятнинг узоқ ва жўшқин даври бунёдкорлиги нафасидан баҳра олиб яшадим”, деган эди Ислом Каримов “Амир Темур жаҳон тарихида”[1]деб номланган китобнинг сўзбошисида. Дарҳақиқат, мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти мардлиги, шижоатида буюк Соҳибқироннинг руҳи мужассамлашгандек эди. Юрт ва миллат учун энг оғир дамларда кучли ирода ва қатъият, ватанига чексиз муҳаббати бўлмаган раҳбар 90-йилларнинг талотўпидан мамлакатни омон-эсон олиб чиқолмас эди. Илк йилларда Ислом Каримов сиймосида шавкатли аждодимиз Амир Темурнинг қудрати тажассум этди, десак янглишмаймиз.
Амир Темур ёшлик чоғидан мард, довюрак, ғурурли, ўткир зеҳн ва ақлу идрок эгаси бўлиб ўсган эди. У турли дунёвий илмларни, ҳарбий санъатни эгаллаган, мадрасада ўқиб, Қуръони каримни ёд олган, ҳадис илмини ўрганган эди. Ана шу иқтидори, тиришқоқлиги туфайли иймон-эътиқодли, ҳалол-пок инсон бўлиб етишди. У ёшлигидан бошлаб ўз олдига она юртини мўғул босқинчиларидан озод қилиш мақсадини қўйиш бараварида, ер юзида буюк салтанат соҳиби сифатида кўплаб элу давлатларнинг бошини қовуштирди. Мамлакат қудратини ҳар соҳада юксакликка кўтариб, дунёга машҳур қилди. Оғир ва машақатли йўлда қийинчиликларни енгиб ўтди, бир дам бўлса-да ортга чекинмади. Амир Темурдаги ана шундай қатъият ва кучли ирода Аму билан Сир ўртасидаги мўъжаз Мовароуннаҳр давлатини улкан империянинг марказига айлантирди. Миллий тарихимизни чуқур билган, мард ва олижаноб аждодларимизнинг бунёдкорлик ишларидан яхши хабардор бўлган Ислом Каримов учун Амир Темур ва ул зотнинг фаолияти олий намуна, андоза, тараққиёт модели бўлиб хизмат қилди. Ўзбекистонда Амир Темур ғоялари қанот ёйиб, юртни азалий орзулари сари етаклай бошлади. Демак, Ислом Каримов ҳам юртимизда тажавузкор шўро мафкурасининг айрим илдизларини қуритди, одамлар онгида қотиб қолган қарамликни йўқ қилди ва истиқлол туйғусини уйғотди.
Рассом: Б.Айтмуратов асари. “Амир Темур жанг олдидан” |
Рассом: З.Фахрутдинов асари “Амир Темур кенгаши” |
Амир Темурнинг давлат қурилиши, ҳарбий санъати ўз замонасидан анча илгарилаб кетган эди. Шунинг учун Соҳибқироннинг давлатчилик ва ҳарбий санъат фалсафасидан бугунги кунда ҳам Шарқу Ғарб давлатлари баҳра олмоқда. Жаҳонда Амир Темур шахсига бўлган қизиқиш тобора ортмоқда, янги тадқиқотлар яратилмоқда[2]. Қолаверса, бу Амир Темурдек истеъдод соҳиби, йирик давлат арбобини дунёга келтирган заминга, мамлакатга беқиёс ҳурмат-эҳтиром, садоқат рамзи ҳамдир.
Ислом Каримов ҳокимият тепасига келган 1989 йилдан бошлаб юрт мустақиллигини мустаҳкамлаш мақсадида, аввало, давлат устунлари бўлган – армия, давлат хавфсизлиги, ички ишлар, ташқи ишлар, адлия, суд, прокуратура ва бошқа ижтимоий-сиёсий давлат бошқарув институтлари асослари барпо этилди, миллий иқтисодиёт, пул-молия тизими ишлаб чиқилди. “Мустақиллик – бу ҳуқуқдир”, деган эди Ислом Каримов. Демак, ўзининг ҳақ-ҳуқуқини билган давлат бошқа бир давлатнинг марҳаматига зор бўлмайди. “Орқага йўл йўқ, кўприклар ёниб кул бўлган, биз фақат олдинга интилишимиз шарт” – бу сўзлар замонавий Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари фаолиятидаги муҳим шиор бўлиб қолганди.
Амир Темур жаҳоннинг қарийб ярмига ҳукмронлик қилса-да, у куч-қудрат зўравонликда эмас, адолатда эканини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан исботлади. Замонавий Ўзбекистон давлатининг Биринчи раҳбари Ислом Каримов ҳам Амир Темурга ўхшаб, адолатпарварлик ва инсон манфаатлари масаласини биринчи ўринга қўйди. Хусусан, ҳар бир йилга махсус номлар берилиб, шу асосда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий режалар ишлаб чиқилди, режа асосида мақсадли ишлар, жиддий ислоҳотлар амалга оширилди.
Ислом Каримовнинг кучли сиёсатчи сифатида эътироф этилиши шунда кўринадики, ул зот мустақилликнинг илк кунлариданоқ дунёнинг энг ривожланган давлатлари билан “тенглар ичра тенг” тамойилига асосланган ижтимоий-сиёсий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Бунга АҚШ, Германия, Буюк Британия, Франция, Испания, Канада, ХХР, Малайзия, Ҳиндистон, РФ, Туркия, Эрон ва бошқа давлатлар билан дипломатик алоқаларнинг йўлга қўйилгани ёрқин мисол бўла олади.
Бугунги глобаллашув шароитида инсониятга хавф солувчи турли офатлар янада кўпайди. Давлат хавфсизлиги, миллий хавфсизлик, маънавий хавфсизлик каби масалалар кун тартибига қўйилмоқда. Жамиятда одамларнинг бирлигини таъминлаш, онг ва қалб сокинлигини таъминлаш, соғлом ақл, соғлом авлод ўта долзарб масалага айланди. Оғир паллада буюк бобомиз Амир Темур ғоялари ва улардан руҳланган Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракатлари, ғоялари, фикрлари халқимизни янада бирлаштириш, жипслаштириш, иймон-оқибатли бўлиш, қудратли келажакни бунёд этиш жараёнига янги куч-қувват бағишлагани сир эмас.
Миниатюра: “Зафарнома”дан “Тоғдаги қаъланинг олиниши” |
«Сиёсатда маслаҳат, мулоҳазакорлик, ўйлаб иш қилиш қурол кучидан кўра ўн баравар фойдалироқдир», деган эди Амир Темур “Темур тузуклари” асарида. Бу сўзлар ҳозирги тилда низоли масалаларни сиёсий мулоқот, дипломатия йўли билан ҳал қилиш зарурлигини билдиради. Барчага маълумки, Ислом Каримов мамлакат раҳбарлигига келганида, шўро давлатининг қудратига путур етган, бутун иттифоқ республикаларида турли радикал кучлар бош кўтарган, айниқса, Марказий Осиё минтақасида исломни ниқоб қилиб олган хавфли “куч”лар фаолияти кучайган эди. Лекин, Ислом Каримов бундай қора ниятдаги “куч”ларнинг дағдағасидан чўчимасдан, мулоҳазакорлик билан иш юритди, юртимизда турли хил фитналарнинг авж олишига йўл қўймади. Ўзбекистоннинг Биринчи Президентининг бундай оғир-босиқлик билан сиёсий мулоқотларни олиб бориши ул зотнинг Амир Темур ғояларига нақадар содиқ эканини намоён этади. Ислом Каримов нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда тинч-фаровон ҳаётнинг гарови сифатида тарихда қолди. Чунки, унинг тарихий хизмати, саъй-ҳаракатлари туфайли Марказий Осиё давлатлари ўша оғир 90-йилларда илк бор ягона жуғрофий-сиёсий маконда эканликларини ҳис этишди. Ўзаро ишонч, ҳамкорлик, умумий муросага келиш мумкинлиги ўша мураккаб ва оғир даврнинг қувонч ва азобларида вужудга келган асосий қадриятлар эди. Ўша кунлар хроникаси Ислом Каримовнинг Амир Темур сингари кучли стратег, моҳир сиёсатчи эканлигини исботлади. Айнан давлатимиз раҳбари “Туркистон – ягона уйимиз” деган шиорни ўртага ташлаган эди. Бу шиор Марказий Осиёнинг бир тану бир жон эканини англатади.
Амир Темур ўзидан олдин ўтган ҳукмдорларнинг амалиётини ўқиб-ўрганган, уларнинг қолдирган меросини эъзозлаган ва ўзининг давлатини барпо этишда улардан пойдевор сифатида фойдаланган. У мўғуллар даврида бузилган “Буюк Ипак йўли”ни қайта тиклади, қаерга борса ҳам мадраса, масжид ва мақбаралар қурдирди, ўлкада илму фан, адабиёт, санъат, меъморчиликни ривож топтирди. Бундай бунёдкорликни Ислом Каримов ҳам давом этдирди. Ўзбекистонда, машъум совет даврида кўплаб маданият ёдгорликлари бузилиб, ер билан яксон қилинган эди. Унинг буюк хизматларидан бири – ота-боболаримиздан қолган маданий ёдгорликларни тиклаш, қайта таъмирлаш ишларини қатъий равишда йўлга қўйди.
Буюк шахслар миллат қайгуси ва халқ дардига дармон бўлишга интилган зотлардир. Амир Темур юртни мўғул босқинчисидан тозалаб, миллатнинг юксалишига шароит яратган бўлса, Ислом Каримов мамлакатни ўта айёр ва мустабид мустамлакачидан айириб олди ва мустақилликка олиб чиқди. Нақадар ўхшаш тақдирлар... Демак, Ислом Каримов ҳам худди Амир Темур каби умрининг мазмунини она юртни озод ва обод қилишдек шарафли ишга бағишлаган буюк давлат арбоби сифатида машҳур бўлди.
Миллий тарихимизда Амир Темур халқимизнинг шаън-шавкати, ғурур-ифтихори, халқимиз даҳосининг тимсоли, маънавий қудратимиз рамзи бўлиб қолган. Ислом Каримов ҳам улуғ Амир Темур сингари ўз даврининг улуғ фарзанди, замонавий Ўзбекистоннинг буюк бунёдкори, маънавий қудратининг рамзига айланди.
Мустабид шўро тузуми Амир Темур номини қанчалик топташга уринмасин, дунёнинг пок ниятли кишилари унга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатишни ўзларига шараф деб билганлар. Муборак истиқлол улуғ бобомизнинг номини қайтиб берди, унинг руҳини шод этди. Айтиш жоизки, Амир Темурдек улуғ зотни дунёга келтирган ва камолга еткизган шу табаррук замин Ислом Каримовни ҳам камолга етказди. Шунинг учун ҳам юрт ва миллат тарихида, шу заминда яшаётган эл-улуснинг бошини қовуштиришда ушбу икки зотнинг ўрнини қиёслашади.
Ўзбек миллатининг куч-қудрати, чексиз имкониятлари, жаҳон цвилизациясига қўшган ҳиссасини идрок этар эканмиз, Амир Темур сиймоси дарҳол кўз олдимизга келади. Шу боис Амир Темур маънавияти, шижоати, давлатчиликдаги адолатпарвар сиёсати юксак ибрат намунаси бўлиб қолди. Ушбу сифатлар замонавий Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳам фаолиятида ўз аксини топган дейиш мумкин. Адолатни тўла тиклаш борасида ислоҳотлар шиддат билан давом эттирилди. Мовароуннаҳрга Амир Темур бош бўлган йилларда сиёсий, иқтисодий, маданий соҳалар юксак даражада ривожланди. Амир Темур салтанатининг довруғи бутун жаҳонга ёйилди, қудратли ҳукмдор юзлаб халқларнинг тақдирида ижобий ўзгаришлар ясади. Ислом Каримов ҳам замонавий Ўзбекистон давлатининг мустақиллигини мустаҳкамлаб, халқнинг ҳаётини яхшилаш йўлида жонбозлик кўрсатди. Жаҳон харитасида мустақил Ўзбекистон деган давлат мустаҳкам ўрин олди. Сиёсий фалсафий жиҳатдан олиб қараганда, Ислом Каримов асрлар мобайнида миллий давлатчилик борасида узилиб қолган ворисийлик занжирини тиклади.
Хулоса шуки, буюк саркарда Амир Темур ва сиёсий ислоҳотчи Ислом Каримовдек сиймолар қолдирган бой тажриба, мерос, давлатчилик ғоялари бугунги мураккаб даврда олдимизда турган кўплаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий муаммоларни ечишга замин бўлиб хизмат қилмоқда. Шу боис, икки тарихий зотнинг қолдирган меросларини илмий ўрганиш, тадқиқ этиш ва кенг тарғибот қилиш ўта муҳим аҳамият касб этади. Зеро, уларнинг амалга оширган бунёдкорлик ишларини авлодлар муносиб баҳолайди. Она халқи учун жонини фидо қилган бундай зотларнинг муборак номларини авлодлар ҳеч қачон унутмайди. Уларнинг фидокорона меҳнатлари, ислоҳотчилик қобилияти, мураккаб тақдирларига бўлган қизиқиш янги-янги авлодлар эътиборини ўзига жалб этаверади.
Аброр Қиличев,
2021 йил 6 апрель
[1]Қаранг.: Амир Темур жаҳон тарихида. Муаллифлар жамоаси: С.Саидқосимов, А.Ахмедов, Б.Ахмедов — Т.: Шарқ.2001. -304 6.
[2] Манц Ф. Темурнинг вужудга келиши ва ҳукмдорлиги. Кембриж. 1990. 200-б.; Ҳукҳэм Ҳ. Етти иқлим султони. Л.: 1962.- 320-б.;
Комаров Л. Олтин гардиш. Темурийлар Эрони металидан тайёрланган буюмлар. Нью-Йорк, 1992.-175-б.;
Ру Ле. Темурланг. П.: 1991. - c.150.;
Голомбек Г. Эрон ва Туроннинг Темурийлар меъморлиги. Принсетти. 1988. 347-б.;
Дерг А. Темурнинг 1402 йилда Анатолияга юриши. Б.: 1942. 196-б.;
Аҳмедов Б. Соҳибқирон Темур. Т.: А.Қодирий нашриёти, 1996. - 96-б.