“Атрофдагилар ташқаридан мени қаттиққўл инсон дейишади. Лекин ўзим Бирлашган Миллатлар ташкилоти биноси олдида ҳилпираб турган миллий байроғимизни ҳар гал кўрганда, кўзимга ёш келади. Ўзини ўзбек деган одам борки, Ватанимиз, муқаддас заминимиз учун ғурурланиши табиий. Шахсан мен учун энг чиройли байроқ бу – Ўзбекистон байроғи”.
Мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўлқинланиб айтган бу сўзларини кўп бор эшитгансиз. Уни 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг миллий байроғи қабул қилинган куни қайта ёдга олишимиз ҳам бежиз эмас. Чунки Мустақиллик, қолаверса, миллий ифтихор рамзлари бўлмиш – байроқ, герб, мадҳия каби тушунчалар – мустақиллик асосчиси номи билан уйғунлашиб кетган.
...Ўйлаб кўринг, нима учун байроқ доимо баланд туради. Бош узра ҳилпирайди? Негаки, у ўз пойида миллионларни бирлаштиради. У инсонга куч ва қудрат бахш этади. Мақсадни тарбиялайди, иродани тоблайди. Оғир жанг ҳолатларида у йиқилганни турғазади, қўрқувни жасоратга, заифни матонатли инсонга айлантира олади. Ўз навбатида ғурур билан байроқни кўтарган инсон минглаб қалбларга байроқ тика олади.
Ҳарбий хизматчиларнинг Ватан байроғи пойида тиз чўкиб, муқаддас Она тупроғини матонат ва садоқат билан ҳимоя қилишга қасамёд қилиши бежиз эмас. Байроқ жасорат, ғурур, фидойилик, ор-номус мактабидир.
Байроқ олдида қасамёд, байроқ олдида тиз чўкиб уни ўпмоқ, бу – Ватанга эъзоз, бу Широқ, Тўмарис, Маҳмуд Торобий, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур, саркарда Алимқул каби ватанпарвар ва енгилмас аждодлар руҳига эъзоздир!..
Бугун Ватанимиз байроғи озод юрт узра ҳилпираб турибди. Айнан 1991 йил 18 ноябрда эса мамлакат Олий Кенгашининг VIII сессиясида Ислом Каримов имзоси билан “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Ўша қонунда қатъий қилиб битиб қўйилганидек, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир”.
Шу кундан буён, мана, 33 йилки, у биз учун ғурур ва ифтихор рамзи бўлиб келмоқда. Ўзида жуда катта маъно-мазмунни мужассам этган, мовий, яшил, оқ ва қизил ранглар уйғунлашиб, ҳилол ва юлдузлар жилоланиб турган, бутун Ўзбекистон аҳлининг асрий орзу-истакларини, ғайрату шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстлик, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этган байроғимиз сайёрамиздаги барча мамлакатларнинг давлат рамзлари орасида алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга сазовор.
Бугун у давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирлар, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватан шаъни, халқимиз ғурурини акс эттирмоқда.
Ф.Қурбонбоев фотолари