ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

САНАЛАРГА МУҲРЛАНГАН ТАРИХ


18.06.2021

1994 йил.

 

23 июнь. Президент Ислом Каримов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси давлат ташрифи билан Туркияга келди. Президент Ислом Каримов бошчилигидаги делегация аъзолари ташрифни Мустафо Камол Отатурк мақбарасига гуллар қўйишдан бошлади. Шундан сўнг Ислом Каримовнинг Туркия Республикаси Президенти Сулаймон Демирэл билан яккама-якка суҳбати бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ривожланиб бораётгани таъкидланди, ўзаро сиёсий, иқтисодий, маданий алоқаларни янада кенгайтириш хусусида фикрлашиб олинди. Шундан кейин Президентлар иштирокида кенгайтирилган тартибдаги Ўзбекистон — Туркия музокаралари бўлиб ўтди. Музокаралар ниҳоясида давлат бошлиқлари қўшма баёнот имзоладилар.

 

* * *

24 июнь. Президент Ислом Каримов ташрифининг иккинчи куни Туркия Бош вазири Тансу Чиллер хонимни қабул қилди. Ўзаро мулоқот чоғида турли соҳалардаги ҳамкорлик ҳамда минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикрлашиб олинди. Ўзбекистон раҳбари Туркиядаги таниқли ишбилармонлар, йирик компания ва фирмаларнинг раҳбарларини ҳам қабул қилди. Бу учрашувларда ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Куннинг иккинчи ярмида Туркия Президенти қароргоҳида Ўзбекистон раҳбарини расмий кузатиш маросими бўлди.

 

* * *

24 июнь. Президент Ислом Каримов Ўзбекистон матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига касб байрами муносабати билан табрик йўллади.

 

* * *

28 июнь. Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов Американинг Томас Свейн бошчилигидаги «Чейз Манхэттен банк» делегацияси аъзоларини қабул қилди. Ушбу суҳбатда ўзаро ҳамкорлик учун барча имкониятлар мавжудлигига, хорижий сармоядорлар ва банк эгаларига қулай шароит яратилганига эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан «Чейз Манхэттен банк» ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан тегишли ҳужжат имзолангани қайд этилди.

 

* * *

4 июль. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Исроил давлати ташқи ишлар вазири Шимон Пересни қабул қилди. Суҳбат чоғида келгусида Ўзбекистон билан Исроил ўртасида соғлиқни сақлаш, сайёҳлик, енгил саноат каби соҳалар бўйича ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, мутахассислар алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

 

* * *

4 июль. Вазирлар Маҳкамасининг Раиси Ислом Каримов «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда хусусий мулк қилиб сотиш тартиби тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.

 

* * *

5 июль. Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов Генри Маллер бошчилигидаги «Тайм инк» корпорацияси делегацияси аъзоларини қабул қилди. Суҳбат чоғида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, чет эллик сармоядорлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

 

* * *

5 июль. Президент Ислом Каримов Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Филипп Сидорскийни унинг илтимосига биноан қабул қилди. Суҳбат чоғида икки мамлакат манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан фикрлашиб олинди. Элчи Президент Ислом Каримовга Россия Президенти Борис Ельциннинг муаллифлик дастхати битилган янги китобини тақдим этди.