Маълумки, шу кунларда дунёнинг нигоҳи кўҳна ва боқий шаҳримиз, дунё гавҳарлари ичра нодир мўъжиза бўлмиш Самарқандга қаратилган. Бу ерда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтмоқда. Мазкур сессия сўнгги 40 йил ичида илк бор Париждаги бош қароргоҳдан ташқарида ва биринчи марта Марказий Осиёда ўтказилаётгани билан тарихий аҳамият касб этади. 190 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлардан 2 минг 800 дан зиёд вакил, жумладан 70 га яқин юқори даражали шахс иштирок этаётган бу форум минтақанинг энг нуфузли халқаро анжуманларидан бирига айланди.
Анжуман инсониятнинг тарих солномасига гуманистик ғоялар, нодир билимлар, цивилизациялараро мулоқот маркази сифатида кирган Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганида ҳам чуқур рамзий маъно бор. Анжуманнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев алоҳида қайд этганидек, “Бу қадимий кент азалдан башариятнинг буюк кашфиётлари бешиги, илм-фан, адабиёт ва маданият гуллаб-яшнаган маскан бўлган. Биргина мисол. Улуғ ҳукмдор ва аллома Мирзо Улуғбек барпо этган расадхона гумбазлари остида ноёб юлдузлар жадвали яратилган. Бу жадвал кейинчалик Коперник ва Кеплер каби машҳур олимларнинг илмий кашфиётлари очилишига хизмат қилгани тарихдан яхши маълум”.
![]() |
![]() |
Уч минг йиллик шонли ўтмишга эга, Буюк ипак йўлининг дурдонаси бўлган, миллат ва элатларнинг тинчлик ва дўстлик макони – муаззам Самарқанд бугун талай халқаро воқеликларга гувоҳ бўлаётир: кўплаб олий даражадаги учрашувлар, халқаро конференциялар ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Халқаро машварат доирасида кузатилган худди шундай анжуманлардан бири – 5 ноябрь куни бўлиб ўтган “Самарқанд: 3000 йиллик мерос” халқаро конференциясидир.
Ўнлаб халқаро миқёсда танилган тарихчи олимлар ва жамоат арбоблари, ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази директори ва кенг жамоатчилик қатнашган мазкур анжуманда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов ҳам иштирок этди ва маъруза қилди.
Мамлакатимизда кўзга кўринган қадимшунос тарихчилардан бири бўлган олимнинг мазкур анжумандаги иштироки бежиз эмас. Чунки у ўз даврида Самарқанддаги Археология музейининг раҳбари ўлароқ, бир қатор кўзга кўринган олимлар ва соҳанинг етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда Биринчи Президент ва кенг жамоатчиликка кўҳна шаҳарнинг тарихи совет олимлари талқин қилганидек, 2 ярим минг йилликка эмас, балки анча олисроқ, балки уч минг йилларга бориб тақалишини илмий жиҳатдан асослаб берган эди.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Олим “Самарқандга – 3000 йил. Шарқдан нур: Афросиёб – абадийлик чорраҳаси” деб номланган маърузасида кўҳна кентнинг Ипак йўли маркази сифатидаги ўрни, шунингдек, милоддан аввалги II минг йилликдан буён фан, маданият ва шаҳарсозлик тараққиётининг узвий маркази сифатидаги аҳамияти тўғрисида илмий далиллар билан сўз юритди.
Анжуманда шунингдек, “Зарафшон водийсида шаҳарсозлик маданиятининг шаклланиш хусусиятлари”, “Кўктепа ва Афросиёб: қадимги ёзма манбалардаги ўзаро боғлиқлик”, “Қадимги Сўғдда деҳқончилик, шаҳар ва давлатчиликнинг пайдо бўлиши” каби ва бошқа мавзуларда илмий маърузалар тингланди.
ЮНЕСКО Бош конференцияси ўз ишини давом эттирмоқда. Бундай нуфузли форумнинг мамлакатимизда ўтказилаётгани эса ташкилотга аъзо давлатларнинг Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли, самарали ислоҳотларга бўлган юксак ишончининг ёрқин ифодасидир.
Алишер Исроилов фотосуратлари





