18 январь куни Тошкентда тарихий аҳамиятга молик воқеа бўлди.
Ўзбек миллий романчилигининг асосчиси, публицист, ҳажв устаси, тилшунос ва таржимон Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романининг инглиз тилида нашр этилган китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
«Ўткан кунлар» китобини ўқимаган, билмаган, асар қаҳрамонлари номларини эшитмаганларни учратиш қийиндир бугун. Жуда бўлмаганда, мутолаадан узоқ бўлганлар, роман асосида суратга олинган шу номли фильмни ҳаётида бир бора бўлсада томоша қилгани ҳақ гап.
Маърифатпарварлик, миллат озодлиги ва истиқлол ғоялари Абдулла Қодирий асарларининг бош лейтмотивидир. Ёзувчининг сўзларидан келтирилган қуйидаги иқтибос фикримизга тасдиқ бўла олади:
«Модомики, биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсунда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз ва шунга ўхшаш достончилиқ, рўмончилиқ ва ҳикоячилиқларда ҳам янгаришға, халқимизни шу замоннинг «Тоҳир-Зуҳра»лари, «Чор дарвеш»лари, «Фарҳод-Ширин» ва «Баҳромгўр»лари билан танишдиришка ўзимизда мажбурият ҳис этамиз».
Тақдимот маросимида сўзга чиққан юртимиз зиёлилари-таниқли адабиётшунослар, ёзувчи ва шоирлар, рассом ва саҳна усталари, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари нафақат «Ўткан кунлар» романи, балки ёзувчининг серқирра ижодига атрофлича тўхталдилар. Ислом Каримов Фонди томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлар, миллий маданиятимизни тарғиб қилишга қаратилган бу каби лойиҳалар юксак баҳоланди.
Тадбирда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна иштирок этди. Тақдимот маросимида, лойиҳага бош-қош бўлган Лола Тиллаева-Каримованинг табриги тадбир қатнашчилари томонидан катта мамнуният ила кутиб олинди.
«Ўткан кунлар» романи 30 дан зиёд бадиий асарларни таржима қилган, халқаро миқёсда таниқли саналган адабиётшунос Керол Ермакова томонидан инглиз тилига ўгирилди. Китоб мўйқалам устаси Бобур Исмоиловнинг расмлари билан безатилган.
Эътиборга лойиқ томони шундаки, тақдимот қатнашчиларига инглиз тилидаги нашрдан ташқари романнинг лотин алифбосида чоп этилган, ўзбек тилидаги нашри ҳам тарқатилди.
Энди дунё Ўзбекистонни, ўзбекларни «Ўткан кунлар» романи асосида қайтадан кашф этади. Буюк миллатнинг тарихи, маданияти, маънавий қудрати билан Қодирий тили ёрдамида яқинроқ танишади.
Мазкур лойиҳанинг энг катта ютуғи-эндиликда фарзандларимиз, мактаб ёшидаги ўқувчилар беназир асарни истаган тилларида мутолаа қилишлари мумкин. Бугунга қадар Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», «Обид кетмон» асарлари рус, немис, италян, араб, озарбайжон, тожик, қозоқ, уйғур ва татар тилларига таржима қилинган.
1991 йили Ўзбекистон мустақилликка эришиши биланоқ Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов фармонига кўра Абдулла Қодирийга Навоий номидаги Давлат мукофоти берилди. 1994 йили адиб “Мустақиллик” ордени билан тақдирланди. Шу йили Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Тошкент Маданият институтига, Тошкентдаги маданият ва истироҳат боғига, катта кўчалардан бирига, Халқ мероси нашриётига ҳамда кўплаб маданият муассасаларига Абдулла Қодирий номи берилган.
Фарход Курбонбоев олган суратлар