Олимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида» 2017 йил 25 январдаги ПҚ-2744-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 февралдаги 133-ф-сонли фармойишига кўра, Биринчи Президентимизнинг хотираси ҳафталиги доирасида «Биринчи Президент ва спорт» ижодий учрашуви ташкил этилди.
Тадбир Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов номидаги республика хайрия жамоат фонди, жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий Олимпия қўмитаси, Олимпия шон-шуҳрати музейи ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Олимпия ўйинларини кенг тарғиб қилиш ва Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш борасида қилган хизматларига бағишланган мазкур учрашувда Олимпия ва Осиё ўйинлари ғолиблари, жаҳон чемпионлари ва спорт фахрийлари, спортчи ва мураббийлар иштирок этди.
Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова сўзга чиқиб, Ислом Каримовнинг мамлакатимиз бўйлаб Олимпия ҳаракати ва спортини ривожлантириш борасидаги дастлабки қадамлари, Олимпия шон-шуҳрати музейини ташкил этиш тарихи ва Ислом Абдуғаниевичга халқаро Олимпия қўмитаси орденини Хуан Антонио Самаранч томонидан топширилиши ҳақида сўзлаб берди.
Олимпия шон-шуҳрати музейи 1996 йил 1 сентябрда Тошкентда очилган. Очилиш маросимида халқаро Олимпия қўмитаси Президенти Хуан Антонио Самаранч ҳам иштирок этган.
Тадбир иштирокчилари ва меҳмонлар унинг ёрқин хотиралари билан ўртоқлашдилар.
Ислом Абдуғаниевич спортчиларимизнинг нуфузли мусобақалардаги ғалабалари билан фахрланиб келган, бироқ унинг асосий вазифаси ҳар томонлама баркамол авлодни яхши жисмоний чиниқтириш, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида спорт ва соғлом турмуш тарзини оммалаштириш эди. Ўз чиқишларида у бир неча бор: «Баркамол авлодни тарбиялаш – энг катта орзуим», дея таъкидлаган эди. Айтишим керакки, у спортни яхши кўрарди ва ҳаётининг охиригача яхши жисмоний ҳолатда эди.
Ислом Каримов ташаббуси билан болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган эди. Ушбу жамғарма туфайли бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб ёшлар замонавий спорт залларда ва стадионларда севимли спорт турлари билан шуғулланиш имкониятига эга бўлди. Бу «Соғлом авлод – юрт келажаги гарови» концепциясида мустаҳкамлаб қўйилган соғлом турмуш тарзини ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув бўлди.
Ўзбекистон спортчиларининг Олимпия ва Паралимпия ўйинларида, шунингдек, бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда эришган ютуқлари ана шу саъй-ҳаракатларнинг самараси бўлди.
Темур Курбонбоев олган суратлар