ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

«Биринчи Президент ва спорт»


30.08.2018

29 август куни пойтахтимиздаги Олимпия шон-шуҳрати музейида таниқли спортчи ва мураббийлар, фахрийлар иштирокида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

  

Тадбир Ислом Каримов номидаги Ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов Фонди, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Олимпия қўмитаси  ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ислом Каримов ташаббуси билан барпо этилган Олимпия шон-шуҳрати музейи, 1996 йил 1 сентябрь куни фойдаланишга топширилган. Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳамда Халқаро Олимпия Қўмитасининг президенти Хуан Антонио Самаранч қатнашган.

 

Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузини оширишга спортдаги юксак ғалабалари билан ҳисса қўшадиган муносиб йигит-қизларни вояга етказиш, бир сўз билан айтганда, маънан ва жисмонан соғлом авлодни тарбиялаш устувор вазифа этиб белгиланган.

Мана шу йўлдаги интилишларнинг самараси ўлароқ Ислом Каримов орзу қилган баркамол авлод вакиллари-спортчиларимиз халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиб, Ўзбекистоннинг шон-шуҳратини бутун дунёга тараннум этиб келмоқда.

Тадбирда Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова сўзга чиқиб, шу кунларда Жакарта шаҳрида бўлиб ўтаётган Ёзги Осиё ўйинларида қўлга киритилаётган юксак ғалабалар билан Ўзбекистон терма жамоасини самимий муборакбод этди.

Татьяна Акбаровна фахрий меҳмонлар китобига эзгу тилаклар билдирилган дастхат ёзиб қолдирди. Музейга совға сифатида «Ислом Каримов – Мустақил Ўзбекистон асосчиси» хотира китоби ва «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмаси каталоги тақдим этилди.