Шохалил Шоёқубов Ўзбекистон амалий санъати йўналишидаги бир қатор илмий ва илмий-оммабоп асарларнинг муаллифи. Бир қарашда, давримизнинг ориф шахслари қаторидан жой олган оддий бир инсон ва бу кабилар кўпчиликни ташкил этади. Бироқ унинг ҳаёти ва фаолияти ҳайратомуз воқеликларга бой, босиб ўтган умр йўли эса юксак парвозлар ва кескин қарама-қаршиликлар хазинасидир. Москва Авиасозлик институтининг талабаси Шоёқубов Ўзбекистонлик биринчи космонавт бўлишига бир баҳъя қолган. Космонавтлар отрядига номзоди тасдиқланганидан кейин, ота-онасининг қаршилиги туфайлигина уйига қайтишга мажбур бўлган.
Институтни қизил диплом билан тугатгач, аспирантурага йўлланмани унга СССРнинг маданият вазири Фурцеванинг шахсан ўзи тоширган.
“Крокодил” номли журналда ўзи хақида фельетон чоп этилишга тайёрлигини эшитган Шохалил Москвага жўнайди ва тўғридан-тўғри журнал Бош муҳарририга учрашиб, беайблигини исботловчи далилларни топширади. Бир соатга қолмасдан пора олиб мақола тайёрлаган журналист ишдан ҳайдалади. Тақдири билан боғлиқ масала баъзида шу қадар юқори даражада, Собиқ Иттифоқ марказида кўриб чиқилгани бугун Шохалил ака учун эриш туюлади.
Шароф Рашидов уни ватанпарварлиги, миллий маданият ва санъатга алоҳида меҳри, бу борада хақгўйлиги, қатъиятлилиги учун ҳурмат қилган. Унинг оёғига болта урмоқчи бўлган мансабдорлар ҳам кам эмасди. “Турли қинғир ўйинлар мени асосий ишдан чалғитгани алам қиларди”, дея хотирлайди Шохалил ака.
Унинг мақсади эса – миллий маданий меросни тиклаш, кўп асрлик амалий санъат сирларидан воқиф бўлган уста ҳунарманд сулолаларинининг бардавомлигини таъминлаш, мазкур йўналишдаги мутахассисларни бирлаштириш, бир сўз билан айтганда беназир маънавий меросимизнинг қадрини кўтариш ва улуғлаш эди.
Унинг Ўзбекистоннинг замонавий миниатюрасига бағишланган китоби антиқа нашр сифатида инглиз тилида Қувайтда чоп этилган. Қирқдан зиёд хорижий давлатларга сафар қилган Шоёқубовнинг саъйи-ҳаракатлари билан халқаро кўргазмаларда Ўзбекистон экспозицияси энг юксак мукофотларга сазовор бўлган.
1978-85 йилларда Шоёқубов Ўзбекистон рассомлар уюшмаси қошидаги “Усто” бирлашмасига раҳбарлик қилган. Ўша йиллари иш юзасидан Давлат режалаштириш қўмитасининг раиси Ислом Каримов билан бевосита танишиш бахтига муяссар бўлган. Ислом Каримов учун ўз юртининг тарихи, миллий ўзликни англаш маънавий-маданий меросни тиклаш масалалари ҳамиша устувор бўлган. Шу сабаб Шоёқубовнинг фаолиятини қўллаб қувватлаб, профессионал қобилиятини юқори баҳоларди. Унинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини эътиборсиз қолдирмасди.
Шохалил Шоёқубов “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига сазовор бўлган, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
Ислом Абдуғаниевич билан навбатдаги учрашуви 1993 йилда юз берди. Шунда Шохалил ака Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга унинг бюстини айнан ўзига қараб яратиш таклифини билдирди. Таъкидлаш жоиз, Ислом Абдуғаниевичнинг давлат раҳбари сифатида образини биронта рассом бевосита унинг қиёфасига қараб яратмаган. Мўйқалам усталарининг асарлари фотосуратларга қараб чизилган. Шоёқубовнинг таклифига эса рози бўлди. Ўша пайтда Ленинград шаҳрида яшаб ижод қилган хайкалтарош Равшан Каратаев Шохалил аканинг илтимосига кўра Тошкентга келиб, уч-тўрт кун давомида Ислом Каримовга қараб, унинг кабинетида эскизларни чизади ва бироз вақт ўтгач гипсдан ясалган бюст ҳам тайёр бўлади. Шу йилнинг декабрь ойида, Янги йил арафасида Шохалил Шоёқубов Ислом Абдуғаниевичнинг хотирасига чуқур ҳурмат ифодаси сифатида Татьяна Каримовага ана шу бюстни совға қилди. Келгусида мазкур санъат асари Ислом Каримов номидаги музей экспозицияси қаторидан муносиб ўрин эгаллайди.