ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ўзбекистонда музейлар ишининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари масаласига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди


23.05.2018

2018 йил 22 май куни Ислом Каримов номидаги Илмий - маърифий  ёдгорлик мажмуасида бўлиб ўтган давра суҳбати Ўзбекистонда музейлар ишининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари масаласига  бағишланди.

Тадбир Халқаро музейлар куни муносабати билан ташкил этилди. 1977 йилда Халқаро музейлар кенгаши (ИКОМ) қарори билан 18 май - Халқаро музейлар куни деб эълон қилинган.
Халқаро музейлар куни 1978 йилдан бошлаб дунёнинг 150 дан зиёд мамлакатларида нишонланди.

ИКОМ (International Council of Muzeums, ингл. ICOM) – нодавлат касбий халқаро ташкилот 1946 йилда Парижда (Франция) ташкил топган. ИКОМ ташкилоти ЮНЕСКО ва БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгашида “А” категориясидаги олий маслаҳат мавқега эга. ИКОМ – моддий ва номоддий меросни асраб авайлаш билан шуғулланувчи музейлар ва музей ходимларининг халқаро ташкилоти ҳисобланади.

Давра суҳбатида Ўзбекистон музейлари ассоциациясини ташкил этиш хусусида сўз борди. Тарихий, маданий, илмий-маърифий меросимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бу бебаҳо бойлигимизни муносиб тарзда сақлаш, намойиш қилиш, музей фондларини тўлдириб бориш ва илмий изланишларни назарий ва амалий жиҳатдан замон талаблари даражасида йўлга қўйиш масалалари кўрилди.

Музейшуносликда  илғор тажрибага эга давлатлар билан ҳамкорлик, ИКОМ доирасида ўтказиладиган илмий-маърифий тадбирларда иштирок этиш, соҳага оид янгиликлардан хабардор бўлиш замон талаби эканлиги қайд қилинди.

Музейлар ишида замонавий технологияларни қўллаш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Давра суҳбати қатнашчилари “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасини катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

Тадбирда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадрач, пойтахтимиздаги қатор музейларнинг раҳбарлари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, ОАВ вакиллари иштирок этди.