2020 йил 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Ислом Каримов таваллуд кунини нишонлаш ҳафталиги ўз ишини бошлади. Ҳафталикни “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида: Президентлик институти ташкил этилганининг 30 йиллиги” мавзусидаги давра суҳбати очиб берди.
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари, профессор Т.Ш.Ширинов тадбирни кириш сўзи билан очар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги 2017 йил 25 январдаги ПҚ-2744-сонли қарорига кўра, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг туғилган куни кенг нишонланиши, ўтказилаётган давра суҳбати ушбу санага бағишланган ҳафталикнинг дебочаси эканлигини таъкидлади.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг мустақилликка эришишдаги улкан тарихий хизматлари, давлатни қуриш ва уни маҳорат билан бошқаришдаги юксак салоҳияти хусусида сўз борди. Шунингдек, Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг Президентлик институтини ташкил этишда олиб борган ишлари, шўро мафкураси ҳукмрон бўлган бир пайтда у кишининг шахсий жасорати, кучли иродаси ва қатъияти билан Ўзбекистон халқи турли хил “сиёсий ўйин”лардан сақлаб қолингани ва бунинг тарихий аҳамияти ҳақида ҳам атрофлича фикрлар билдирилди.
Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова табрик сўзи билан чиқди. У ўз марузасида Ислом Каримовнинг мамлакат ўта оғир бир даврни бошидан кечираётган пайтда давлат раҳбари бўлганини, ижтимоий-сиёсий қийинчиликларга қарамай давлат иқтисодиётини оёққа турғазганини, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган мамлакат даражасига олиб чиққани ҳақида сўз юритди. Ислом Каримовнинг Ўзбекистонда Президентлик институти ташкил этишдаги ишлари хусусида ҳам сўзлаб, мазкур институт Ўзбекистонда замонавий демократик давлат қуришда муҳим аҳамият касб этганини таъкидлади.
Ушбу давра суҳбатида республиканинг етук олимлари, жамоат арбоблари – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари, профессор Т.Ш.Ширинов, Ёдгорлик мажмуаси етакчи илмий ходими Г.А.Крайнов, “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири С.Остонов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Б.Р.Каримов, тарих фанлари доктори, профессор М.А.Раҳимов, тарих фанлари номзоди Ш.Э.Эргашев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари М.Қуронов, профессор Ж.Шермуҳамедова, Ислом Каримов номидаги стипендия совриндори Н.Неъматова, шунингдек “Нуроний” жамғармаси вакиллари ва бошқалар иштирок этдилар.
Тадбир иштирокчилари маърузаларида мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, ўзбек халқининг улуғ фарзанди – Ислом Каримовнинг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари, донишманд давлат раҳбари сифатида Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдиргани, нафақат Ўзбекистонни, балки, бутун минтақани хавфсиз ҳудудга айлантириш, одамларнинг тинч ва осуда ҳаёт кечириши учун улкан жасорат кўрсатган кучли сиёсатчи бўлганини таъкидладилар.
Тадбир доирасида анжуман иштирокчилари Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйди.
Фарход Курбонбоев олган суратлар