Бу – 1906 йил 27 июнь куни чоп этилган Туркистон ўлкасидаги илк миллий ўзбек матбуоти – “Тараққий” газетасининг шиори. Айнан шу кун – айнан истиқлолнинг дастлабки йилларидан, тўғрироғи, Биринчи Президент Ислом Каримовнинг 1993 йил 24 июнь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Фармонига асосан, байрам қилиб келинмоқда.
Ўша тарихий ҳужжатда – ОАВ вакилларининг истиқлол ғояларини тарғиб этиш, янги демократик жамият қуриш, аҳолини Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги хизматини эътироф қилган ҳолда, 27 июнни – касб байрами дея эълон қилиш белгиланган. Эътибор қилингки, журналистлар, матбуот вакилларининг – ҳали атак-чечак қилаётган ёш давлат истиқболидаги ўрни нечоғли экани англаб етилиб, эътироф этилган, юқори баҳоланган. Бошқа томондан эса, матбуот кунининг худди шу куни нишонланиши – Биринчи Президентнинг ўз юрти тарихидан жуда яхши хабардор бўлиб, унинг зиёлилари кечмишига қанчалар муҳаббат билан қараганига далил бўла олади.
Бу эътибору эътироф фақат касб байрами таъсис этиш билан чекланиб қолингани йўқ. Кейинроқ, 1996 йил 26 апрелда Ислом Каримов ташаббуси ва унинг ўзи имзо чеккан Қонун билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони таъсис этилиб, ўнлаб қалам аҳли, соҳанинг етук, кўп йиллик тажрибага эга ходимлари қаторида, ёш, шижоатли, ўзининг қатъий сўзи ва йўлига эга ижодкорлар мазкур юксак давлат мукофотига сазовор бўлишди. 1997 йил 24 апрелда “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, 2007 йил январда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳамда қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Ўша йили фаол ва фидойи журналистларни рағбатлантириш мақсадида “Олтин қалам” миллий мукофоти таъсис этилди.
Биринчи Президентнинг ўзи ҳам журналистларни ғоят қадрлар, улар билан тез-тез мулоқот қилиб, фикрларига қулоқ тутар, лозим бўлганда, ғамхўрликни ҳам ўрнига қўяр эди. У журналистикани – халқ билан оммавий мулоқотга киришадиган қудратли соҳа сифатида қадрларди. Миллий ва хорижий ОАВ вакиллари билан тез-тез учрашиб, воқеаларни холислик билан ёритиш, мафкуравий кураш авж олган паллаларда аҳолини, айниқса, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан сақлаш борасида журналистлар олдида турган вазифалар ҳусусида қарашларини баён қиларди. Қалам аҳлининг касб байрамида эса алоҳида табрик йўллашни канда қилмасди.
Ўшандоқ табриклардан бирида шундай дейилади: “Бугунги кунда ҳар қайси матбуот ходими касб маҳоратини эгаллаш билан бирга, ўз ҳаётий принципларига ҳам эга бўлиши, ҳақиқат учун курашишга интилиши, шу йўлда қатъият ва шижоат кўрсатиши, лўнда қилиб айтганда, виждон амри билан яшашини – замоннинг ўзи талаб қилмоқда”.
Мақола сарлавҳасига чиқарилган, ўтган асрнинг илк йилларида муомалага киритилиб, истиқлол йилларида қадр топган – “маслакда сабот, тўғриликда ижобат”ни умр мезонига айлантирган касб эгалари – матбуот аҳлига эътибор, муносабат янги Ўзбекистон шароитида ҳам янада кучайди. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги фикрларини келтиришнинг ўзиёқ фикримизга яққол далил бўла олади: “Оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давом эттирилиб, журналистларнинг эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Мен, ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни – ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари, ўзимнинг энг яқин дўстларим, деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади”.
Демак, илк ўзбек газетаси шиорида – буюк жадид боболаримиз томонидан ифода этилган, нажотни недан излаш кераклиги ҳақидаги ғоя – асрлар ўтса-да, ўз қадр-қимматини йўқотмайди.
Ф.Қурбонбоев олган суратлар