ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Мустақилликнинг буюк меъмори


30.01.2019

30 январь Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти таваллуд топган кун. Ёдгорлик мажмуаси билан Ислом Каримов фонди томонидан Оқсарой қароргоҳида ушбу санага бағишланган тадбир ташкил этилди.

 

«Мустақилликнинг буюк меъмори» номли учрашувда Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна, Ислом Абдуғаниевичнинг дўстлари, кўп йиллар у билан ёнма-ён туриб ишлаган қадрдонлари, республикада хизмат кўрсатган турли соҳа вакиллари, ёшлар, ОАВ ходимлари ҳозир бўлдилар. Айнан мана шу кўркам бино – Оқсаройда  давлат раҳбари сифатида Ислом Каримов ҳаётининг энг ёрқин, энг жўшқин йилларини ўтказган. Айни кунларда ҳам, бу сўлим маскан ҳамиша одамлар билан гавжум.

  

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда: «Биринчи Президентимиз томонидан бунёд этилган Оқсарой қароргоҳи бошимизга тушган оғир мусибат туфайли ҳуввилаб қолган эди, бугун у яна эл-юртимизни ўз бағрига чорламоқда… Ишончим комил, ушбу мажмуа халқимиз учун бир умрга қутлуғ ва табаррук қадамжо бўлиб қолади».

  

Оқсарой қароргоҳи қаторида Мустақилликнинг буюк меъмори Ислом Каримовнинг саъйи ҳаракатлари билан қайта тикланган тарихий обидалар, улуғ аждодларимизнинг қадамжолари, янгитдан барпо этилган сарой ва мажмуалар, зиёратгоҳлар мустақил Ўзбекистон юксак маънавият, бой ва бетакрор маданият хазинаси эканлигидан далолат бериб турибди. Албатта битта тадбир доирасида мамлакат тарихи, элим деб, юртим деб, ёниб яшаган буюк шахснинг буюк хизматларини қамраб олиб бўлмайди. Бу табиий хол.

  

Ислом Каримов Мустақил Ўзбекистон тараққиёти, халқ фаровонлиги йўлида учмас из қолдирди. У бутун умрини Ватан ва миллатга бағишлаган фидойи инсон эди. Ўта мураккаб йилларда давлат бошқарувини қўлига олган Ислом Каримов, тарихан қисқа муддатда уни кўп тармоқли иқтисодга эга, ривожланган мамлакатга айлантиришга эришди. Айнан Ислом Каримов раҳбарлигида  келажаги буюк  замонавий ва демократик давлат барпо этишда, ҳеч муболағасиз улкан ютуқлар қўлга киритилди.

  

Бутун минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолишга Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти қўшган ҳиссаси, унинг хизматлари халқаро миқёсда эътироф этилган. Мана шулар ҳақида атрофлича сўз юритилган тадбирда, Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Ислом Каримов хотирасини абадийлаштиришга қаратилган саъйи-ҳаракатлари чексиз ҳурмат ила тилга олинди. Зеро яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир.