30 январь – Ислом Каримов таваллуд топган кун
Армонли дунё... Ўтганларни ёдга олганда, хали яшаса бўларди, тирик бўлганида фалон ёшга кирарди, дея армон қилишади.
Ислом Абдуғаниевич Каримовдек шахсларнинг номини ёдга олар эканмиз, “барҳаёт” деган ибора тилимизга келаверади. Нима учун? Нега у кишини юракни ўртайдиган армон билан эмас, балки қалбимизни ёритиб юборадиган туйғулар билан эсга оламиз? Фахр-ифтихор, ғурур, халоллик ва поклик, хавас билан яшаш, эртанги кунга ишонч бутун борлиғимизни қамраб олади гўё. Сабаби у кишининг ўзлари ҳам айни шу тамойилларга таяниб яшаганлар. Ватан манфаатларини ҳар нарсадан устун қўйганлар. Бутун умрини эл ва юрт равнақига бағишлаган, “Ўзбекистон” номли карвонни ёруғ манзил сари ишонч билан етаклаган шижоатли сарбон - Ислом Каримов бугун ҳам биз билан. Унинг эзгу амаллари, маънавий мероси биз билан. Издошларининг садоқати туфайли бу улуғ инсоннинг хотираси ҳамиша эл ардоғида.
30 январь куни у киши туғилиб ўсган кўҳна Самарқанддаги мўъжазгина ҳовлида, сўнгги манзили – Ҳазрати Ҳизр масжиди ёнидаги мақбарада ва бошқа кўплаб жойларда Ислом Каримовнинг хотирасига бағишлаб Қуръон тиловат қилинади. Пойтахтимиздаги Оқсарой қароргоҳи ҳам ҳар вақтдагидан кўра одамлар билан гавжум. Шаҳар аҳолиси, юртимизнинг турли вилоятларидан келган меҳмонлар Биринчи Президентнинг ҳайкали пойига гуллар қўйиб унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирадилар.
Анъанага кўра Ислом Каримов номидаги Ёдгорлик мажмуаси томонидан Биринчи Президентнинг таваллуд кунига бағишланган хотира кунлари ташкил этилиб, кенг жамоатчилик иштирокида турли тадбирлар ўтказилади.
Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ҳаёти ва серқирра фаолияти тўғрисида дунёнинг таниқли тадқиқотчи олимлари, ёзувчилар, сиёсатчилар, давлат етакчилари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, у кишининг дўстлари ва сафдошлари томонидан билдирилган фикр – мулоҳазалар, ёзма ва оғзаки хотиралар бисёр. Ўз даврининг етук сиёсатчиси, тарихий шахс, узоқни кўра билган давлат арбоби, ўз халқининг содиқ фарзанди, чин ватанпарвар, юрт қахрамони сингари тарифлар билан, халқаро майдонда танилган ва тан олинган Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари чуқур тахлил қилиниб муносиб бахоланган.
Ислом Каримов феномени хали кўп изланишларни талаб этади.
Оқсарой қароргоҳида ташкил этилган музей эшиклари расман очилганидан кейин ташриф буюрувчилар бу ерда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президентини ўзлари учун янгитдан кашф қилишларига ишончимиз комил.
Бугун – Ислом Каримовнинг таваллуд топган кунида эса, биз буюк иқтидор эгасини, юрт дарбозасини ҳурлик ва озодлик шамолига кенг очиб берган, элим, мустақилсан энди дея, забунлик ва қарамлик кишанларини парчалаб ташлаган, Ўзбекистонни оламга танитган инсоннинг номини оддий одамларга хос самимий туйғулар билан: “Ота, охиратингиз обод бўлсин, биз Сизни соғиниб яшаймиз” дея, тилга олишни лозим топдик.
Зеро, тарихини, аждодларини, ўткан кунларини ардоқлаган халқнинг эртанги куни ёруғ ва барокатлидир.
Ф.Курбанбаев суратлари.