“Кўп асрлар мобайнида халқимиз қалбидан чуқур жой олиб, ҳаёт маъносини англаш, миллий маданиятимиз ва турмуш тарзимизни, қадрият, урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлашда муқаддас динимиз қудратли омил бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз”.
Биринчи Президент томонидан айтилган бу сўзлар – унинг бошқарув йиллари бош мезонларидан бирини ташкил этди. Очиғи, инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, охиратни ўйлаб яшаш, яхшилик, меҳр-шафқат сингари фазилатлар – халқимизга азалдан мансуб. Лекин собиқ мустабид тузум бу қадриятлар унут бўлиб кетишидан манфаатдор эди.
Бугун қўрқмай айта оламизки, динни ҳам, қадриятнинг бир парчаси бўлган эътиқод масаласидек нозик хилқатни ҳам халққа айнан истиқлол қайтарди, унинг асосчиси қайтарди. Яшириб нима қилдик – ота-онасига жаноза ўқитган одамнинг партиядан ўчирилиб, хонавайрон қилинганини, анчайин дўппиям эскилик сарқити аталиб, уни бошига қўндирган одам ҳам – дўппи-ю уни кийган боши билан қўшилиб, “сарқит” деган тавқи-лаънатга дучор бўлгани, эскичани хатм қилолган одам-ку, эл аро сазойи қилинган даврларни – ёши катта одамлар яхши эслайди. Бу гаплар бугун худди тушдек ўтди-кетди.
![]() |
![]() |
Ислом Каримовнинг биринчи қилган иши – ана шу маънавий хўрликка барҳам бериб, эгилган қадларни ростлагани бўлди. Ҳали Иттифоқ тарқамай туриб, 1991 йил 11 апрель куни “Анъанавий миллий байрам “рўза ҳайити”ни нишонлаш ҳақида”ги Фармонни қабул қилди. Кейинроқ, 1992 йил 27 мартдаги махсус фармон билан Рамазон, Қурбон ҳайитларининг биринчи кунлари – дам олиш куни деб эълон қилинди.
Кейинги амалий ҳаракатлар ҳам яккаш байрам қилиш билан чекланиб қолгани йўқ. Муқаддас динимиз ва унинг бу юртда қайта қулоч ёймоғи йўлида кўп иш қилди Биринчи Президент: Имом ал-Бухорий, Имом ал-Мотуридий, Бурхониддин Марғиноний, Ҳаким ат-Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа улуғ аждодларимиз мақбаралари обод қилиниб, мерослари тадқиқ этилгани, Ҳаж ва Умра амалларининг тизимли йўлга қўйилуви, олий ва ўрта-махсус Ислом ўқув даргоҳлари очилгани, минглаб масжидлар барпо этилгани... Хуллас, санашга соатлар етмайди.
Ҳаммаси – халқ учун эди, унинг шаъни-ю ори, қадрияти-ю ҳамияти учун эди.
![]() |
![]() |
Шукрки, бу саъй-ҳаракатлар бугунги – Янги Ўзбекистон шароитида ҳам қайтадан ривож топиб, изчил ва мантиқий давом эттирилмоқда. Бунга ҳам мисоллар жуда-жуда кўп. Айримларини келтирамиз: шу йил тантанали очилиши кутилаётган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий мажмуаси бунёд этилаётир, Имом Термизий, Имом Бухорий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари иш бошлади, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис илми мактабига асос солинди, Қашқадарёда Абу Муин Насафий, Наманганда Султон Увайс Қараний қадамжолари, Тошкент шаҳрида Сузук ота мажмуаси янгитдан бунёд қилинди, ўнлаб муҳташам масжидлар, диний билим муассасалари барпо этилди. Рамазон ойида барча ҳудудларда эҳсон дастурхонлари ёзилиб, ўтказилаётган ифторлик маросимларида давлат раҳбари ҳам иштирок этиши анъанага айланди. Бир сўз билан, кўлам ҳам, суръат ҳам асло камайгани йўқ, аксинча, янгича мазмун касб этмоқда.
Бу ишларнинг асл сабабини эса – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мана бу фикрлари билан изоҳлаш мумкин: “Ҳозирги вақтда барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотларимиз муқаддас ислом динининг одамийлик моҳиятига уйғун бўлган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилмоқда”.
Шундай экан, эзгуликлар ёр бўлиб келган бу юртдаги эзгу ҳаракатлар давом этаётир. Оққан дарё эса, табиийки, оқавераркан.
Юртдошларимизга эса, яқинлашиб келаётган хайру саховат ва меҳр-оқибат байрами бўлмиш Рамазон ҳайити муборак бўлсин, деймиз!
Ф.Қурбонбоев фотосуратлари