Бундан роппа-роса 30 йил олдин, 1994 йил 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон темир йўллари” давлат-акционерлик компаниясини тузиш тўғрисида”ги Фармони билан мустақил мамлакат темир йўллар тизими йўлга қўйилган эди.
Сир эмас, ҳар қанақасига талқин қилсангиз ҳам, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлмаган мамлакат ҳеч қанақасига мустақил ҳисобланмайди ва минг хоҳлаганда ҳам, жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси саналмайди. Иқтисодиётнинг ҳар бир мурвати муттасил, кўнгилдагидек ишлаб туриши, барқарор ривожланиши учун эса унинг қон томирлари, яъни йўл инфратузилмаси, замонавий забонга ўгириб айтадиган бўлсак – логистикаси ривожланмоғи керак.
Истиқлол қўлга киритилгач, бу масала ҳам, табиийки, бутун бошли халқ ва мамлакат тақдири учун ўзини масъул санаб, шу йўлда жонини тиккан Биринчи Президент назаридан четда қолмади албатта. Аммо унинг чекига, айниқса, йўл масаласида – ғоят оғир, қўшни Республикалар аро бир-бирига чирмовуқдек чирмашиб кетган йўллар ва улардан кам бўлмаган тарзда чувалашиб кетган муаммоларни ҳал этиш вазифаси тушганди.
Бу вазифа наинки уддаланди, балки муаммолар қисқа йиллар ичида бартараф этилиб, мамлакатнинг барча ҳудудларини ишончли ва самарали боғлайдиган, халқаро транспорт тармоқларига чиқишни таъминлайдиган, мустақил, ягона ва яхлит темир йўл транспорти коммуникациялари тизими барпо этилди. Тан олиш керак, бу – аввал ҳам, ҳозир ҳам ҳазилакам иш ҳисобланмайди. Айни ўринда заррача маҳобат қилаётганимиз йўқки, ҳозир келтирилаётган факт ва рақамлар бунинг исботи бўла олади.
2017 йилгача бўлган даврда 1100 километрдан ортиқ янги темир йўллар барпо этилди, 4 минг километрлик темир йўл магистраллари модернизация қилинди, 1700 километрлик темир йўл боғламалари электрлаштирилди. Мамлакат иқтисодиёти учун ғоят муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган ва Амударё узра қурилган кўприкни ҳам қамраб олган “Навоий – Учқудуқ – Нукус – Султон Увайстоғ”, “Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон” ва “Ангрен – Поп” темир йўлларининг бунёд этилиши билан Ўзбекистоннинг ягона ва мустақил темир йўл тармоғини шакллантириш ишлари якунига етказилди.
Мураккаб тоғ ва иқлим шароитида бунёд этилган, денгиз сатҳидан 1800 метр баландликдаги тоғ чўққилари орқали ўтган ва замонавий инфратузилма объектлари билан таъминланган, умумий узунлиги 346 километр бўлган “Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон” ҳамда “Ангрен – Поп” темир йўллари – Марказий Осиё минтақасида ҳам ғоят ноёб иншоотлар ҳисобланади.
49 та замонавий электровоз ва 10 та йўловчи ташийдиган тепловоз сотиб олинди, 120 та локомотив модернизация қилинди, 16 та янги темир йўл вокзали бунёд этилди, 9 та вокзал реконструкция қилиниб, йўловчиларга халқаро стандарт ва талаблар даражасида хизмат кўрсатиш имконини берадиган замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланди.
Юқори тезликда ҳаракатланадиган “Аfrosiyob” электропоездлари пойтахтдан Самарқанд, Бухоро, Қарши каби тарихий шаҳарларимизга қатнамоқда.
Президентнинг 2015 йил 24 апрелдаги Қарори билан акциядорлик жамиятига айлантирилган “Ўзбекистон темир йўллари” – ўзи ташкил этилган пайтдан то 2016 йил якунига қадар юк ташиш ҳажми 2,1 марта, йўловчи ташиш ҳажми 2 баробар кўпайди, темир йўллар орқали 1,4 миллиард тонна юк ташилиб, 350 миллион йўловчи ўз манзилига етказилди.
Қисқа қилиб айтганда, Мустақилликнинг дастлабки чорак асрлик йилларида темир йўл транспорти коммуникацияларини ривожлантириш ва инфратузилмаларни ободонлаштириш мақсадларида соҳага – 7,5 миллиард доллардан ортиқ капитал қўйилмалар, жумладан, 2,4 миллиард долларлик хорижий инвестициялар йўналтирилди. Буларнинг барчаси – йўл инфратузилмасини яратиб, мамлакат иқтисодиёти қаторида, унинг ҳудудий яхлитлигини ҳам сақлаб қола олган улуғ стратег йўлбошчининг саъй-ҳаракатлари маҳсули.
Темир йўл, умуман, транспорт инфратузилмаси ва замонавий логистикани ривожлантириш, Ўзбекистон эга бўлган – Шарқ билан Ғарб, Жануб билан Шимолни боғлайдиган улкан транспорт-коммуникация ва транзит салоҳияти имкониятларини кенгайтириш масаласига бугунги – Янги Ўзбекистон шароитида ҳам устувор масалалардан бири, сифатида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасини Хоразм вилояти билан боғлайдиган “Шовот – Қораўзак” янги темир йўл тармоғи ҳамда Амударё орқали ўтадиган, темир йўл ва автомобиллар учун мўлжалланган муҳташам кўприк фойдаланишга топширилди. “Бухоро – Урганч –Хива” ҳамда “Мискин – Нукус” темир йўл тармоқларини электрлаштириш ишлари давом этмоқда. Стратегик аҳамиятга эга “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалий ишлар бошланган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Темир йўл транспортини янада ривожлантириш, соҳада кўрсатилаётган хизматлар турини кўпайтириш ва уларнинг сифатини яхшилаш, муҳим замонавий коммуникация объектларини барпо этиш бўйича ҳали жуда катта ишларни амалга оширишимиз зарур”.
Ф.Қурбонбоев олган фотолар