ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

ҲУРЛИГИМИЗ ТАРАННУМИ


10.12.2025

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир”.

Бу иқтибос 1992 йил 10 декабрда, бош қомусимиз қабул қилинган кундан икки кун ўтиб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонундан олинди. Чиндан ҳам бетакрор Ватанимизнинг кўзга тўтиё қилингулик тимсолларидан бири бўлмиш Давлат мадҳияси – худди Бош қомус, байроқ, туғро каби – халқнинг азалий орзулари, эзгу ниятлари, бугунги ҳаёт мазмуни акс этган муҳташам тарона, ҳурлигимиз тараннумидир. Унинг ҳуқуқий мақоми махсус қонун билан мустаҳкамлаб қўйилиши эса – давлат суверенитетига бўлган эътиқоднинг расмийлигини таъминлашдан иборат.

Дарҳақиқат, Абдулла Орипов сўзи, Мутал Бурхонов мусиқаси жўрлигида ижро этиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мустақилликка эътиқодни тарғиб қилади. Унинг матни фуқароларимизни мустақил давлат қуриш йўлида матонат ва жасоратга, сабр-тоқат ва фидокорликка, ташаббускорлик ва курашга чақиради, миллий ғурурни уйғотади.

Мутал Бурхонов  тириклик чоғида мана бу сўзларни ифтихор билан айтганди: “Бир нарсадан фахрланаман – менинг мусиқам бутун дунё бўйлаб янграганида не-не инсонлар ўрнидан туриб қуллуқ қилади. Бунинг маъноси катта, улар менинг санъатим қаршисида эмас, Ватаним Ўзбекистоннинг салобатли овози қаршисида бош эгадилар. Давлат мадҳияси бу Ватаннинг овози. Менга яратган эгам ўша овоз оҳангларини қалбимга жойлагани ва бу оҳангни ўзга қалбларга етказа олишим учун йўл берганига беадад шукроналар айтаман”.

33 йилки, ҳар тонгни мадҳиямиз садолари билан қарши оламиз. Қалбда янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, келажакка қатъий ишонч туйғуси жўш уради. Демак истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-закоси, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи тарона – халқ овози асрлар оша баралла янграйверади. Зеро, Ватан бу  – халқ дегани.

Ф.Қурбонбоев фотосуратлари