ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ҳар иш қилсанг эл билан кенгаш


05.06.2023

Пойтахтимиздаги Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов музейини очишга кўрилаётган ҳозирлик ишлари якуний босқичга кирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ислом Каримов музейи фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши асосида ташкил этилган давлат комиссияси аъзолари томонидан музей экспозицияси билан танишиш асносида берилган таклиф ва тавсиялар устида мутахассислар тинимсиз иш олиб бормоқдалар.

Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида давлат комиссияси аъзоларидан бири, тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон  тарихи Давлат музейи директори Жаннат Исмоилова билан амалий мулоқот бўлиб ўтди.  Ёдгорлик мажмуаси мутасаддиларининг ташаббуси билан ташкил этилган учрашувда Биринчи Президентимизнинг рафиқаси, Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси васийлик кенгашининг аъзоси Татьяна Каримова, мажмуа раҳбари Темур Ширинов, музей директори Ойбек Абдимўминов,  музейни ташкил этишга масъул ходимлар иштирок этдилар.

Татьяна Акбаровна музейнинг ташкил этилиши билан боғлиқ маълумотларга тўхталар экан, унинг фаолиятини йўлга қўйишда, келгусида республикадаги ҳамда хорижий мамлакатлардаги музейлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда, музейга малакали кадрларни жалб этишда, экспозицияларни бойитиб боришда республикадаги мутахассисларнинг иш тажрибасини чуқурроқ ўрганиш зарурлиги хусусида сўз юритди. Шу маънода, айни мулоқот ўзига хос мастер-класс сифатида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Музейшунослик соҳасидаги кўп йиллик бой тажрибага, тарихчи олим сифатида юқори илмий салоҳиятга эга Жаннат Исмоилова Биринчи Президент Ислом Каримов билан бир неча бор суҳбатда бўлган, тарихчи олим сифатида у кишининг эътиборини қозонган инсон.

Ислом Абдуғаниевич раҳбарлик қилган давр, унинг ғоя ва ташаббуслари, мамлакатни ислоҳ қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларидан бевосита хабардор бўлган Исмоилова,  Ислом Каримов музейи фаолиятини йўлга қўйиш, кадрлар танлаш, экскурсияларни юксак савияда ташкил этиш каби кўплаб масалалар бўйича қимматли фикр-мулоҳазаларини баён этди. Йиғилганларни қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Мажмуа раҳбари Темур Ширинов келгусида мана шундай учрашувларни ташкил этиш ўзига хос анъанага айланишига ишонч билдириб, меҳмонга жамоа номидан миннатдорлик билдирди.

Ф.Курбанбаев суратлари