ИСЛОМ КАРИМОВ ИЛМИЙ-МАЪРИФИЙ МАЖМУАСИ

Ҳамиша  хотирамизда, қалбимиздасиз…


12.09.2018

Ёдгорлик мажмуасида ҳарбийлар билан бўлиб ўтган яна бир учрашув эътиборга молик воқеага айланди.

 

Бу йил ноябрь ойида Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг 100 йиллиги нишонланади.

Кўп тармоқли офицерларни тайёрловчи мазкур билим юрти, республикамиздаги ҳарбий йўналишдаги ўқув даргоҳлари орасида бой тарихи, шонли анъаналари билан ўзига хос обрўга эга таълим муассасаси ҳисобланади.

 

12 сентябрь куни билим юрти ўқитувчи ва курсантларидан иборат офицерлар гуруҳи Ёдгорлик мажмуасига келиб, Республикамизнинг Биринчи Президенти хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна иштирокида «Бутун оламни жо қилган юрак» кўргазмасида бўлиб ўтган тадбир барқарорлик ва тараққиётнинг кафолати – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг асосчиси Ислом Каримовнинг хотирасига бағишланди.

 

Татьяна Акбаровнага билим юрти курсанти томонидан яратилган Биринчи Президентнинг портрети, Ислом Каримов билан учрашиш бахтига муяссар бўлган яна бир курсантнинг ижод маҳсули – шеърий тўплам ва бошқа турдаги эсдалик совғалари тақдим этилди.

Айниқса ҳарбийларнинг бош кийими – «пилотка» Татьяна Акбаровнага жуда ярашганини кўрган меҳмонлар, «Энди сиз ҳам бизнинг сафимиздасиз» - дея ўз қувончларини яшира олмадилар.

Жуда очиқ ва самимий кечган учрашувда билим юртининг музейига ҳамда ташриф буюрганларнинг барчасига Ислом Каримовнинг 80 йиллик юбилейига бағишланган махсус медаль, «Ислом Каримов – Мустақил Ўзбекистон асосчиси» хотира китоби ва янги чоп этилган кўргазма каталоги совға қилинди.

 

Ҳарбийлар Татьяна Акбаровнага чуқур миннатдорлик билдириб, фахрий меҳмонлар китобида қуйидаги сўзлар битилган дастхат ёзиб қолдирдилар.

«Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг асосчиси Биринчи Президентимиз доимо хотирамизда, қалбимизда.»