Қадим замонларнинг майдатароқ ғалвиридан ўтиб, бизгача етиб келган аён бир ҳақиқат бор: инсон зоти очликка, моддий ночорликка бардош бериши, чидаб яшаши мумкин. Чунки азбаройи келажакка умид ўлмаган бўлади. Лекин маънавий хўрлик ёмон, аждодлари билан боғлаб турган – ўзликдан айрилиш ёмон. Чунки бунда ўша милтиллаб ёниб турган умид чироғи ҳам батамом сўнган бўлади. Одам маънан муаллақ қолади.
Бир пайтлар қатағон қилиниб, уларни пана-пастқамда, бекитиб нишонлаган мардум турфа балоларга гирифтор этилган – Наврўз, ҳайит байрамларининг халққа қайтиб берилгани ҳодисаси – бугун ёшлар учун бир эртакдек, такрор гапдек туюлиши мумкин. Лекин бу гаплар азбаройи кечаги, тунов кунги тарихимиз бўлгани боис, эсдан ҳам чиқиб кетмаслиги керак. Яна бир ҳақиқатни унутмаслик лозимки, бу байрамларни, бу қадриятларни ўзбекка – унинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қайтариб берган. Ҳали собиқ Шўролар мамлакати тарқамай туриб, 1991 йил 11 апрель куни “Анъанавий миллий байрам “Рўза ҳайити”ни нишонлаш ҳақидаги Фармонга имзо чекилган бўлса, кейинроқ, мустақил бўлингач, юрт етакчисининг 1992 йил 27 мартдаги Фармони билан Рамазон, Қурбон ҳайитларининг биринчи кунлари – дам олиш куни деб эълон қилинган.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Қадриятларни тиклашда эса фақат ҳайитларни байрам қилиш билан чекланилгани йўқ. “Инсон эътиқодсиз, иймонсиз яшай олмайди. Чунки комил ва собит эътиқод жамият маънавий қиёфасини белгилайди. Бу борада Ислом дини катта аҳамиятга эга”, деган ҳақиқатни илгари сурган Ислом Каримов ўз фаолияти даврида неча асрлик меросни қадрият даражасига чиқариб, талай улуғ, эзгу ишларни амалга оширди. Ҳаж ва Умра амалларининг йўлга қўйилиши, Имом ал-Бухорий, Имом ал-Мотуридий, Бурхониддин Марғиноний, Ҳаким ат-Термизий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби улуғ аждодларимиз мақбараларининг обод қилиниши ҳамда улар меросининг тадқиқ этилиши, Тошкент Ислом университетига асос солиниши, барча ҳудудларда ҳашаматли масжидлар барпо этилиши каби ва бошқа юзлаб тадбирларнинг ўзи – Биринчи Президентнинг бу масалага нечоғли катта эътибор билан қараганига далилдир.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
Бугун энди тинчлик-хотиржамлик, меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ҳиммат ва саховат каби эзгу анъаналар мустаҳкам қарор топган бу юртда, Янги Ўзбекистонда, диний қадриятларга бўлган эътибор изчиллик билан янги даражага чиққан шароитда, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари зўр бир кўтаринки руҳда нишонланмоқда.
Пойтахтда дунёда тенги йўқ Ислом цивилизацияси марказининг, Самарқандда Имом Бухорий мажмуасининг бунёд этилгани, Бухорода Мир Араб олий мадрасасига, Самарқандда Ҳадис илми мактабига асос солингани, Қашқадарёда Абу Муин Насафий, Наманганда Султон Увайс Қараний қадамжолари, Тошкент шаҳрида Сузук ота мажмуаси янгитдан бунёд қилингани, ўнлаб муҳташам масжидлар, диний билим муассасалари барпо этилгани, зиёратгоҳ масканларнинг обод қилингани – юқорида айтилган изчил давомийликнинг ёрқин намуналаридир.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаб айтганидек, “Биз юртимизда ривожланган давлат, эркин жамият пойдеворини бунёд этиш учун, энг аввало, илм ва илм, таълим ва яна бир бор таълим, деган олий мақсадни ҳаётимизга жорий этмоқдамиз. Зеро, муқаддас динимиз ҳам бизни доимо илму маърифатга даъват этади”.
Мамлакат Президентининг шу йил 20 майидаги “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорига биноан юртимиз аҳли 5 кун дам олиш имконига эга бўлгани, Қурбон ҳайити муносабати билан кенг кўламли тадбирларни амалга ошириш, жумладан, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказиш, 2,3 минг нафар онкологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, даволаш ва жарроҳлик амалиётлари, шунингдек, камида 350 нафар беморда жигар ва буйрак трансплантацияси амалиётларини ўтказиш харажатларини қоплаш кўзда тутилгани каби ҳамда бошқа тадбирлар – мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, жамиятда меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлиб қолаётганига исбот бўла олади.
![]() |
![]() |
![]() |
![]() |
...Дарвоқе, улуғ айём – Қурбон ҳайити арафасида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси меҳмонлари, айниқса, ёши улуғ, кўпни кўрган отахону онахонларимизнинг кўпайганини кузатиш мумкин. Аҳамиятлиси, “Бутун оламни жо қилган юрак” кўргазмасида бўлган юртдошларимиз – Ислом динидек улуғ қадриятни халқига қайтариб берган шахс, яъни Биринчи Президентимизнинг ҳаёти ва фаолияти муҳрланган суратлар, фотолар ва ҳайкалтарошлик намуналарини ғоят қизиқиш билан томоша қилишаркан, буюк инсон, бошда айтилган – миллатнинг умид чироғини қайта ёққан инсон хотирасини ажиб бир ҳурмат ва тавозе билан ёдга олишаётганини илғаш қийин эмас...
Биз эса, фурсатдан фойдаланиб, эзгулик, саховат, меҳр-оқибат ва шукроналик айёми барчамизга муборак бўлсин, деймиз!
Ф.Қурбонбоев фотосуратлари













